Ёшлар сиёсати
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида видеомулоқот шаклидаги «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» ўтказилди
  • 03.02.2020
  • 1391

     Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашув ўтказган эди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида «2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади» дея таъкидлаши баробарида юртимиз равнақи жўшқин ёшлар кучига таянишига алоҳида урғу бериб ўтди. Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда «Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз», дея ёшларга яратилаётган имкониятлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, айнан ёшлардан кутилаётган натижалар ҳақида гапириб ўтди.

Учрашувда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Холиқ Бобоёрович Элмуродов иштирок этди

     – Ёшлар орасида «Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!» деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли — шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир, – деди Президент. 

     Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади. 

     Охирги йилларда ўсиб келаётан авлодга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, 30 июнь «Ёшлар куни» деб эълон қилинди. Ҳозирда Иттифоқнинг 7 миллион 690 минг нафар аъзоси мавжуд.  

     Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритувчи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида ҳам 4 мингдан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қиладилар. Уларнинг 1035 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар (207 нафар қизлар ва 828 нафар йигитлар) ташкил этади. Юқорида билдирилган фикрларни эътиборга олиб Жамиятнинг марказий аппаратида фаолият юритувчи ёш кадрлардан иборат Ёшлар Иттифоқининг бошланғич ташкилоти тузилди. Ёшлар ўз етакчисини сайлади, жамоат ташкилотининг мақсад ва вазифаларини аниқланиб, ўз иш режасига мувофиқ фаолият олиб бориши белгилаб олинди.

     Манба: http://uzbekistonmet.uz/oz/

     Сўнгра ёшлар етакчисининг ташаббуси билан Жамият тасарруфидаги ҳудудий ташкилотларда бошланғич ташкилотлар тузиш ҳамда унинг етакчиларини сайлаш ишлари олиб борилди. Ўтаётган ҳафтада Жамият ёшлари иштирокида «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» видеомулоқоти ўтказилди.

     Манба: http://uzbekistonmet.uz/oz/

Бирлашган касаба уюшмалари раиси Нодира Хидирова ёшларнинг саёҳат ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари қўллаб-қувватланишини билдирди

     «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Холиқ Элмуродов видеомулоқотда Жамият ёшлари сайлаган ҳудудий ташкилотлар етакчилари билан бирма-бир танишиб, уларнинг иш фаолияти, келгуси режалари, мавжуд муаммолари ҳамда уларнинг ечимига оид таклифлари ҳақида суҳбатлашди. Холиқ Бобоёрович асосан ёш муҳандислардан иборат ёшлар бошланғич ташкилоти аъзоларига меҳнат фаолиятида омадлар тилаб, энергетика соҳасининг келажакда қандай марраларга эришиши ҳозирги ёш муҳандисларнинг билим-тажриба ва касбий малакаларига боғлиқ бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

     Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ёшлар билан учрашув расмий йиғилиш тарзида эмас, балки очиқ мулоқот, самимий фикр-мулоҳаза ва мунозаралар билан ўтди. 

     Учрашувда, шунингдек, Бирлашган касаба уюшмалари раиси Нодира Хидирова сўз олиб, ёшларнинг саёҳат ва спорт-соғломлаштириш тадбирларига касаба уюшмаси ҳисобидан тегишли тартибда алоҳида маблағлар ажратилиши, хусусан ёшларни ички туризмни ривожлантириш бўйича таклифлари қўллаб-қувватланиб, спорт инвентарлари харид қилиш масалалари ҳал этилишини айтиб ўтди. Нодира Жаҳонгировна бошланғич ташкилот етакчиси томонидан ёш муҳандислар ўртасида инновацион лойиҳалар танлови эълон қилингани, ўз ташаббуси орқали энергетика соҳасига янги ғоя ва услубларни жорий этиш ниятида бўлган ёш мутахассислар иши мутахассислар томонидан муносиб баҳоланиб, юртимизнинг тарихий обида ва диққатга сазовор қадамжоларига 3 кунлик саёҳатга юборилиши режалаштирилгани ҳақида гапириб ўтди.

     Ёшлар билан учрашувда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Улуғбек Урунов сўз олиб, ёшлар ташкилоти тадбир-ташаббуслари фақат қоғозда тадбир ҳисоботи шаклида эмас, балки амалда бўлиши лозимлиги, ёшлар ташаббуси ҳудудий бўлинма раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиб, зарур шароитлар яратилиши кераклиги, жамоат ташкилоти етакчилари, энг аввало, ўз меҳнат фаолиятида ўрнак бўлиши орқали ортидан ёшларни эргаштириши лозимлиги ҳақида ўз мулоҳазаларини баён қилди.   

Бошланғич ташкилот етакчиси томонидан ёш муҳандислар ўртасида инновацион ғоялар танлови эълон қилингани маълум қилинди

     Учрашувда тўғридан-тўғри видеомулоқотга киришган ёшлар Жамият бошқарув раисининнг биринчи ўринбосарига савол ва таклифларини билдиришди. Мулоқот давомида спорт машғулотлари, ёшлар ўртасида саводхонлик масаласи, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, малака ошириш ва сиртқи бўлимларда олий маълумот олиш масалалари ўзаро муҳокама этилди.

     Учрашув сўнггида Ёшлар иттифоқи етакчиси Азизбек Ботиров ёшлар билан биргаликда йил давомида амалга ошириладиган ишлар ва истиқболдаги режалари билан ўртоқлашди. Бу каби учрашувлар камида бир ойда бир марта ўтказилиш туриши Жамият фаолияти учун фойдадан холи бўлмаслигини таклиф сифатида билдирди. Ёшлар етакчиларининг таклифлари барча иштирокчилар томонидан маъқулланди.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>