Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика тизимларининг тизим операторлари вакилларидан иборат «Энергия» мувофиқлаштирувчи диспетчерлик марказининг махсус комиссияси 25 январь куни содир бўлган электр таъминоти узилиши сабабларини текширишни якунлади. Бу ҳақда Қозоғистоннинг KEGOC электр тармоқларини бошқариш компанияси хабар қилди.
Қайд этилишича, комиссия аварияга Ўзбекистон энергетика тизими электр таъминотидаги узилиш сабаб бўлганини аниқлаган. Шу куни Тошкент вақти билан соат 10:59 да Сирдарё ИЭСнинг 500 кВ кучланишли «Тошкент» подстанцияси билан боғловчи 500 кВ линиясининг ажратгичида (ячейкасида) қисқа туташув содир бўлган
Кейинчалик биринчи ва иккинчи 500 кВ шина тизимларининг дифференсиал ҳимоясининг ҳаддан ташқари ишлаши Сирдарё ИЭСда ишлаб чиқаришнинг сезиларли даражада қисқаришига, станцияга туташ электр тармоқларида бир неча марта узилишларга ва Қозоғистоннинг Ягона электр энергетика тизимининг 500 кВлик транзитига 2100 МВт қувват юборилишига (рухсат этилган даражадан 7 баравар юқори) олиб келган.
«KEGOC электр тармоқлари ва Қозоғистон жанубидаги электр станцияларининг авария автоматлари тизимдаги авария ҳолатларида энергия тизимини ажратиш талабларини инобатга олган ҳолда нормал режимда ишлади. Бунинг ёрдамида Қозоғистоннинг жанубий зонасидаги истеъмолчиларнинг тўлиқ узилишининг олдини олиш, мамлакат жанубидаги истеъмолчиларнинг қарийб 60 фоизини электр энергияси билан таъминлаш мумкин бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимлари тўлиқ қувватсизлантирилди», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳалокатни бартараф этиш ва Қозоғистондаги барча истеъмолчилар учун чекловларни олиб ташлаш учун 4 соат вақт кетган. Қирғизистонда схема ва режим тикланишига бир суткадан кўпроқ вақт кетган. Ўзбекистонда эса истеъмолчиларни энергия билан таъминлашни тиклаш ишлари тўрт кун давом этган.
Аввалроқ Қозоғистонда электр тармоқларини бошқариш бўйича масъул оператор KEGOC Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари, Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятлари ва бутун Қирғизистонни қамраб олган Марказий Осиё ягона электр тизимидаги ўчиш сабаблари тўлиқ тафсилотларини эълон қилиб, электр энергиясидаги узилиш Сирдарё ИЭС туфайли рўй берганини тасдиқлаганди.
25 январь куни KEGOC бошқаруви раиси ўринбосари Бакитхан Жазикбаев «Настояшее время»га берган интервьюсида Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСда авария юз бергани, буни оқибатида станциянинг 4 та энерогоблоки ишдан чиққанини айтган эди. Бу Қозоғистон энергетика тизимидаги кучланишнинг ошишига олиб келган.
26 январь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бошқармаси бошлиғи Абдумалик Назиров Сирдарё ИЭСда носозлик юз берганини тасдиқлаганди: «1600 мегаваттлик катта қувват йўқотилди (ИЭСнинг умумий қуввати 3200 МВт — таҳр.). Аварияга қарши ҳимоянинг ишга тушиб кетиши натижасида бутун республика бўйлаб ишлаб чиқариш объектлари тизимдан узиб қўйилди».
27 январь куни қозоғистонлик электроэнергетика бўйича эксперт Петр Своик «Gazeta.uz»га берган интервьюсида авария Сирдарё ИЭСда содир бўлгани ҳақида гапирган эди. У, шунингдек, минтақа энергия ҳалқаси қандай таркиб топгани ва инқироз яна такрорланиши мумкин ёки йўқлиги борасида ўз фикрларини билдирган.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 28 январь куни бош вазир раислигидаги ҳукумат комиссияси юз берган ҳодиса сабабларини ўрганишда давом этаётганини хабар қилди. «Комиссия иши натижаларига кўра, маълумотлар расман эълон қилинади», — дейилади хабарда.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati