Келиб тушган мурожаатлар
МУРОЖААТ МАЗМУНИ: «БИР ФАЛОКАТ БЎЛМАСА ЭДИ ДЕБ ҚЎРҚАМАН...» М.Р. Атабаева
  • 09.01.2020
  • 983

МУРОЖААТ МАЗМУНИ:

  Мен, Атабаева Мастура Размонбердиевна, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани, «Ифтихор» МФЙ, Сарлочин кўчаси, 9-уйда яшайман.

  2019 йил 18 ноябрь куни Қўрғонтепа туман электр тармоқлари корхонасига ариза билан чиқдим. Аризамда уйимиз (ҳовлимизнинг) ўртасидан паст (ўрта бўйли киши сакраса қўли етадиган) ҳолатда 4 та электр кабеллар маҳаллага ўтган (у кабеллардан нечта одам фойдаланади — бизга қоронғу). Шу кабелларни ҳовлимиз ташқарисидан ўтказиб беришни сўраб мурожаат қилганман.

  Орадан 20 кун ўтиб, яна ўша ташкилотга чиқдим, аризамни ўргангани. Иккинчи марта чиққанимда мутахасислар келишиб (иккинчи марта) тез кунларга бу электр тармоғидаги кабелларни бартараф қилишни ваъда қилишиб кетишди.

  Мана, орадан бир ой ўтдики, ҳали дарак йўқ. Оиламда 4 нафар вояга етмаган фарзандим бор! Ҳовлида уйнашади бир-бирини ёғоч билан қувлаб. Ўйнаётганда кабелларга тегса ҳаммаси расво бўлади-ку!

  Электр корхонаси вақтида бизни огоҳлантирмаган деб сувдан қуруқ чиқишни одатий ҳол қилишиб олган, бир марта эмас, бир неча маротаба огоҳлантирдик.

  Ёзда ўз кучим билан 4 та кабелни ҳовлимизнинг ташқарисидан олдириш учун монтёрлардан илтимос қилиб сўраганимда, улар электр корхонасига телефон қилишганда рухсат беришмаганини айтишганди.

  Бир фалокат бўлмаса эди деб қўрқаман... Тепада ўтирган раҳбарлар ҳаракат қиладими? Боболаримиз тўғри гапирган экан «қорни тўқни қорни оч билан нима иши бор» деб...

  Илтимос, аризамни қайта кўриб, шу ишларни бартараф қилишга ўз ваколатингиз доирасидан четга чиқмаган ҳолда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз!

МУРОЖААТГА ЖАВОБ:

  Ҳурматли Атабаева Мастура Размонбердиевна!

  Сизнинг расмий мурожаатингиз «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати томонидан маълумот ўрнида қабул қилинди ва Сиз томонингиздан кўтарилган масала Жамиятимизга турдош ташкилот — «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ваколатлари доирасида эканлигини маълум қиламиз.

  Маълумот ўрнида: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юқори кучланишли электр энергиясини транспортировка қилиш, электр энергияси импорти ва экспорти масалалари билан шуғулланиб, истеъмолчилар билан бевосита шартномалар имзоламайди, кичик кучланишли симёғоч ва электр тармоқларига хизмат кўрсатмайди.

  Шу билан бирга, Сизга шуни маълум қиламизки, мурожаатингиз мазмуни «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти масъул ходимларига юборилди ва улар тез орада мурожаатингиз юзасидан тегишли муносабат билдирилади.

  Қўшимча маълумот: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизматининг расмий телеграм канали: https://t.me/hetmuloqot

  Қўшимча маълумот: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ расмий веб-сайти: http://www.het.uz/oz

Ҳурмат билан, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>