Янгиликлар
2021 йил сарҳисоби. 7-сонли: «Трансформацияни амалга ошириш бўлими: иқтисодий ва инсон ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, тизимга рақамли технологияларни ва дастурий таъминотларни жалб этиш — муҳим стратегик вазифа»
  • 02.02.2022
  • 331

Трансформация жараёнлари мамлакат иқтисодий фаолиятининг барқарорлиги ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖни трансформация қилиш ҳам АКциядорлик жамиятининг иқтисодий ва инсон ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, тизимга рақамли технологияларни ва дастурий таъминотларни жалб этиш, бошқарувда инсон омилини қисқартириб, адолатли тизимларни яратиш, коррупцияни олдини олиш, ишлаб чиқаришда таннархни пасайтириш, операцион самарадорликни ошириш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш, электр энергетика тизими хавфсизлигини ошириш каби муҳим ижтимоий, иқтисодий ва технологик жараёнларни ўз ичига олади.

Замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш ва қўллаш, Жамият харажатларини қисқартириш, даромадлиликни ва инвестицион жозибадорликни ошириш, халқаро бозорларга чиқиш, шунингдек, жамиятнинг истиқболдаги ривожи учун соҳага хусусий инвесторларни жалб қилиш — “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖни трансформация қилишнинг якуний натижаси ҳисобланади.

 

Мазкур вазифалар ижросини сифатли таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ-6096-сонли "Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига кўра 2021 йилда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ таркибида Трансформацияни амалга ошириш бўлими ташкил этилди. Мазкур бўлим 2 штат бирлигидан иборат.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда 2021 йилда жамиятни трансформация қилиш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Жумладан:

Тизимни трансформация қилиш, харажатларни қисқартириш, жараёнларни рақамлаштириш бўйича 2021 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаларини тасдиқлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди;
Энергетика компанияларида халқаро стандартлар асосида молиявий ҳисобот тайёрлаш тизимини тўлиқ жорий этиш бўйича “Ernst & Young” LLC аудиторлик ташкилоти билан 31 март 2021 йил MUTS/CS-1/2-сонли шартнома имзоланди. МҲХС талабларига мувофиқ “Активларни қадрсизланишга текшириш ва корхона активларининг иқтисодий нафлилик даражасини аниқлаш” бўйича эълон қилинган танловга кўра “KPMG Valuation and Consulting” МЧЖ билан ҳам 2021 йил 22 сентябрда С-UZB-21-00018-сонли шартнома имзоланди. 2019-2020 йиллар учун Жамиятимиз Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари талабларига мувофиқ тўлиқ аудиторлик текширувидан ўтказилди ва ижобий хулоса олинди;

 

 

 

Магистрал электр тармоқларини ривожлантириш узоқ муддатли (камида 10 йиллик) режасини ишлаб чиқиш учун хорижий экспертлар танлови якунланиб, 2021 йилнинг 1 апрель куни ғолиб компания MRC Consultants and Transaction Advisers S.L. (Испания) компанияси билан шартнома имзоланди;
“Янги 500 кВ кучланишли “Ҳалқа” нимстанцияси ҳамда 220 кВ ва 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш” инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги 227-сон қарори билан тасдиқланди. “Иссиқликэлектрлойиҳа” АЖ томонидан лойиҳа тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилди;
Ихтисослашган лойиҳа институтларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси энерготизимидаги барча магистрал электр тармоқларининг рақамли модели ва интерактив харитаси яратилди;
Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилаётган хусусий электр станцияларини республика энерготизимига улаш ва уларни бошқаришни таъминлаш ҳамда ушбу ишларни тўғри ташкил этиш бўйича Осиё Тараққиёт Банки томонидан ёлланган Adalid Asesores y Consultores (ADAYC) консалтинг компанияси билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Хусусан, 2021 йилнинг 27 август куни Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси билан Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси тўлиқ қувватда ишга туширилди. Бундан ташқари, 2022 йилнинг дастлабки ойида Франциянинг “Тотал Эрен” компанияси билан Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ҳам ишга тушириш кутилмоқда;
Хорижий консультантлар билан биргаликда автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви тизими (SСАDА)ни жорий этиш бўйича техник иқтисодий асослар ва тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа бўйича халқаро танлов эълон қилинди. Танловда Франциянинг EDF-CIST консалтинг компанияси ғолиб чиқди. Бугунги кунда лойиҳани амалга ошириш чоралари кўрилмоқда;
Харидлар ва бошқарув тизимларини аудитдан ўтказиш ҳамда «мувофиқлик тизими» (комплаенс) ва коррупцияга қарши хизматларни шакллантиришни назарда тутадиган замонавий корпоратив бошқарув тизими жорий этилди. Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва ҳалқаро стандартларга мос ISO 37001 сертификати олинди. Корпоратив бошқарув тамойиллари ҳалқаро стандартларга мослаштирилди ва ISO 9001 сифат менежмент сертификати олинди;

 

Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

 Жамият таркибида харидлар бўйича Трансформация офиси ташкил этилди;
“McKinsey & Company” халқаро консалтинг компанияси жалб қилиниб, жамиятни молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш ҳамда ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиялари ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа доирасида ўтказилган диагностика натижасида компания салоҳияти аниқланди ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ нинг 2030 йилгача бўлган даврда операцион самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар белгиланди. Бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 2025 йилга келиб жамият пул маблағларини жами 1,3 трлн сўмга кўпайтириш имконига эга бўлади (Инвестиция лойиҳаларини оптималлаштириш ҳисобига
1,1 трлн сўм, қўшимча даромад манбаларини шакллантириш ҳисобига 71,0 млрд сўм, операцион харажатларни камайтириш ҳисобига 122 млрд сўм);
2021 йилда 1428 нафар ходимларимиз мамлакатимизда, 60 нафар (шундан 54 нафари грант асосида) ходимларимиз хорижда малака оширишди ва 53 нафар ходимларимиз олий таълим муассасаларида ўқитилди.

Жамият 2021 йилда трансформация жараёнларига тааллуқли ўз олдига белгилаб олган асосий вазифаларини амалга оширган бўлса-да, бажарилмай қолган ишлар ҳам мавжуд.

Жумладан:

Энергокомпанияларда бошқарув раисининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари лавозимига хорижий тажрибага эга бўлган раҳбарларни тайинлаш бўйича танловда мос номзод топилмади;
Энергокомпанияларнинг еврооблигацияларни ва ички бозорда қарз мажбуриятларини 2021 йил якунига қадар чиқариш бўйича ишлари амалдаги халқаро тартибларга кўра жамият фаолиятига 3 йил тўлмагани учун амалга оширилмади.

Ушбу бажарилмай қолган ишлар жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган.

Жамиятни трансформация қилиш бўйича 2022 йилда амалга ошириладиган вазифалар тўғрисида:

 Жорий йилда ҳам “Ўзбекистон МЭТ” АЖ ни трансформация қилиш бўйича ўз олдимизга бир қатор вазифаларни белгилаб олдик. Жумладан:

-   Энергия тежамкорликни янада ошириш;
-  Соҳага оид бўлмаган фаолият турларини аутсорсингга бериш;
-   Соҳани рақамлаштириш ва рақамли трансформацияни амалга ошириш;
-   Автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви тизими (SCADA/ EMS/ RTU) ни жорий этиш бўйича ишларни жадаллаштириш;
-  Ресурсларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими (ERP) ни яратиш устида ишлаш;
-  Ходимлар иш самарадорлигини баҳолашнинг KPI тизимини жорий этиш;
-   Жамият бошқарувига малакали халқаро мутахассисларни жалб этиш ва мавжуд ходимлар малакасини ошириш;
-  Халқаро кредит рейтингини олиш;
-  Жамиятда халқаро ISO 50001 стандартига мувофиқ энергетика менежментини бошқариш тизимини тадбиқ этиш ишларини ташкил этиш;
-  Жамиятда халқаро ISO 45001 стандарти меҳнат хавфсизлиги ва саноат хавфсизлигини бошқариш тизимини тадбиқ ишларини ташкил этиш;
-  Қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришни ривожлантириш;
-  “McKinsey&Company” халқаро консалтинг компанияси тавсияларини босқичма-босқич амалга ошириш ва бошқалар.

 

✍️ Б.А.Мавлонов, Трансформацияни амалга ошириш бўлими бошлиғи

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>