Янгиликлар
Энергетика вазирлиги Матбуот-штаби: Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларда рақамли технологиялар тарихи ва истиқболдаги режалар
  • 16.01.2022
  • 534

Савол: Ҳозир барча соҳаларда рақамлаштириш жараёни кетмоқда. Айтинг-чи, электр энергетика соҳасида бу қандай кечмоқда? Умуман, рақамлаштиришнинг самараси электр таъминоти яхшиланишига қандай таъсир қилади?

Жавоб: Бугунги кундаги тараққиёт кўп жиҳатдан ахборот технологияларининг ривожланиш кўрсаткичларига боғлиқ. ХХI асрда интернет тармоғи жамият ҳаётининг турли соҳаларига кириб келиши билан «электрон ҳукумат», «электрон савдо», «рақамли иқтисодиёт» каби атамалар пайдо бўлди.
Ушбу атама илк бор 1995 йилда Массачусетс университети олими Николас Негропонте томонидан тилга олинган.

Рақамли иқтисодиёт — бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тизими бўлиб, бунга онлайн хизматлар, масофавий таълим, электрон тўловлар, товар ва хизматларнинг интернет-савдоси мисол бўла олади.

Буни қарангки, Ўзбекистон энергетика соҳасида, хусусан электр энергетикаси тармоғида бир неча йиллардан буён рақамли технологияларнинг дастлабки ютуқларидан самарали фойдаланилиб келинади. Айни пайтда эса уларни ҳар томонлама мукаммал, замонавий дастурлар ҳисобига янгилаш, такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Миллий диспетчерлик марказида

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Миллий диспетчерлик маркази замонавий рақамли технология дастурларидан бир неча йиллардан бери самарали фойдаланади. Биргина электр энергияси таъминоти умумтизимида ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанатни сақлаш, тизимда рўй бериши мумкин бўлган авариявий ҳолатларга қарши реле ҳимояси ва автоматика тизимининг тезкор чоралари, оддий тил билан айтганда, юқори кучланишли ҳаво линияларининг айнан қаерида носозлик (!) нима сабабдан рўй берганини бир неча километр узоқдаги бошқарув пултидан туриб билиш ва сониялар ичида ҳолатни барқарорлаштириш учун керакли топшириқ-кўрсатмаларни бериш — Миллий диспетчерлик маркази томонидан самарали фойдаланиб келаётган рақамли дастурларнинг бир қисмидир.

Шунингдек, Акциядорлик жамияти раҳбар кадрлари, жараёнга бевосита масъул бўлган Миллий диспетчерлик маркази мутахассислари электр энергияси импорт ва экспорт амалиётларини, шу билан бирга, вилоятлар кесимида электр энергияси истеъмолини онлайн режимда кузатиб туриши — «Ўзбекистон МЭТ» АЖда рақамли технология дастурларидан самарали фойдаланиш ишлари аллақачон бошлаб юборилганининг исботидир. Ҳозирда ушбу йўналишдаги ишлар янада такомиллаштириш босқичида.

Масалан, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бундан уч йил илгари Америка Қўшма Штатларининг USAID агентлиги билан ҳамкорликда энергетика тизимининг иш режимларини ҳисоблаш учун мўлжалланган DigSilent Power Factory дастури ўзлаштирилиб, бир неча ходимлар ушбу дастурда ишлаш борасида дастлабки тайёргарликдан ўтди ва тегишли сертификатларга эга бўлишди.

Бугунги кунда DigSilent Power Factory дастуридан фойдаланишни кейинги босқичлари бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда. Ушбу компьютер дастурининг қўлланилиши электр энергетика тизими иш режимларини ҳисоблаш ишларини енгиллаштиради, унинг натижалари сифатлилигини таъминлайди ҳамда энергетика тизими иш режимлари тўғрисидаги керакли маълумотларни «оnline» тарзда олиш имконини беради.

Бундан ташқари, Жаҳон Банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон энергетика соҳасидаги автоматлаштирилган бошқариш тизимини рақамли технологияларга ўтказиш, яъни мавжуд оператив-ахборот комплексини замонавий SCADA/EMS тизими билан алмаштириш борасида ишлар давом эттирилмоқда. Бу тизимнинг қўлланилиши Ўзбекистон энергетика тизимини оператив бошқариш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, авариявий вазиятларнинг олдини олиш, уларни зудлик билан бартараф этиш имконини беради.

Йиллар давомида энергетика тизимидаги иссиқлик ва гидроэлектр станциялари асосан битта жойдан, яъни Миллий диспетчерлик марказидан телефон алоқаси орқали — мутахассисларнинг ўзаро мулоқоти ёрдамида бошқариб келинар эди. Эндиликда энергетика тизимида замонавий, юқори самардорликка эга бўлган буғ-газ қурилмали ускуналар ҳамда шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланувчи йирик қувватли қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқарувчи станцияларини оператив бошқариш жараёнини амалиётга тадбиқ этиш босқичма-босқич такомиллаштириб борилмоқда.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, SCADA/EMS тизимининг тадбиқ этилиши Миллий диспетчерлик маркази операторининг иш фаолиятини бирмунча енгиллаштириш билан бирга самарадорлик кўрсаткичини кескин оширади. Шунингдек, замонавий технология ахборот узатиш сифатини оширади ва юқорида санаб ўтилган станциялар, энергетика тизимига киритилиши мўлжалланган рақамли подстанцияларни масофадан туриб электрон дастур орқали бошқариш имконини беради.

Тармоқнинг рақамлаштириш жараёни тарихи

Ўзбекистон Республикасининг энергетика соҳасида, хусусан электр энергетика тармоғида рақамлаштириш 1992 йилда биринчи микропроцессорга асосланган РҲА қурилмалари ўрнатилиши билан бошланган эди.

Эътиборингизга электр энергетика тармоғига рақамли иш дастурига эга электр ускуналари кириб келиш босқичининг хронологиясини тақдим этамиз:

1. 1992 йили 500/220/10 кВли «Тошкент» подстанциясига «ЭКРА» русумли фавқулодда вазиятларни қайд этувчи регистраторларга «ФПМ-1М» типидаги ШЖАҚ — шикастланган жойни аниқловчи қурилмалар ўрнатилган;

2. 1995 йили 220/110/6 кВли «Шўртан» ва 220/110/6 кВли «Кўкдумалоқ» подстанцияларида электрон дастурларнинг дастлабки кўринишларига эга «Бреслер» русумли авариявий ҳодисаларни қайд этиб бориш мосламалари ишга туширилди;

3. 2003 йили «ПВЗУ-Е» ва «УПАСК АКА-16 «Кедр» русумли микропроцессорли электрон сигналларни қабул қилиш ва узатиш хусусиятига эга мосламалар босқичма-босқич ўрнатилиши бошланди. Шунингдек, «Ретом-21» ва «Ретом-ВЧ» русумли синов мосламалари харид қилиниб, амалиётда қўлланила бошлади. Мисол учун, ўша йилда 500/220/10 кВ кучланишли «Қоракўл» подстанциясида «Нева» типидаги микропроцессорли фавқулодда ҳодисаларни қайд этувчи қурилмалар ўрнатилган эди;

4. 2009–2012 йилларда эса 500 кВли ҳаво линиялари ва 500 кВ кучланишли автотрансформаторларга авария ва нонормал ҳолатлардан ҳимоя қиладиган «ЭКРА» типидаги микропроцессорли ҳимоя шкафлари ҳамда «Нева» ва «Бреслер» типидаги фавқулодда ҳодисаларни қайд этиш мосламалари 500/220/10 кВли «Ўзбекистон», 500/220/10 кВли «Лочин», 500/220/10 кВли «Қоракўл» ва 500/220/10 кВ «Суғдиёна» подстанцияларида кенг фойдаланиладиган бўлди. Шу билан бирга, 110–220 кВли ҳаво линияларида «ИЦ Бреслер» русумли микропроцессорлар асосида ҳимоя терминаллари 220/110/10 кВли «Иштихон», 220/110 кВ «Самарқанд» ва 220/110/35 кВли «Каттақўрғон» подстанцияларида самарали ишга туширилди;

5. 2020 йилда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 июндаги тегишли қарорларига асосида «Тошкент металлургия заводининг ташқи объектларини қуришда электр энергияси билан таъминлаш» лойиҳаси муваффақиятли якунланиб, 220 кВ ли янги юқори кучланишли «Сирғали» подстанцияси фойдаланишга топширилди. Мазкур подстанцияни биз шартли равишда “ярим рақамлаштирилган подстанция” деб аташимиз мумкин.

6. 2023 йилда Ўзбекистон Республикасида биринчи юқори кучланишли рақамли подстанция Жиззах вилоятида фойдаланишга топширилади. 220 кВ кучланишли “Зафаробод” подстанцияси иш фаолиятининг технологик жараёнларни бошқариш тўлиқ юқори даражада автоматлаштирилган бўлади.

Ҳозирги вақтда энергетика иншоотларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳалар таркибига микропроцессорлар асосида ҳимоя терминаллари, авариявий ҳимоя тизими, шу билан бирга, рақамли ахборот алманишувига асосланган фавқулодда вазиятларни қайд этиш мосламалари киради. Мисол учун, айни пайтда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ «Ретом-21», «Ретом-ВЧ», «Ретом-61» ва «Omicron-СМС-356» русумли микропроцессорли қурилмаларни харид қилиниб, реле ҳимояси ва автоматика тизимида самарали фойдаланмоқда.

Бу, аввало, хавфсизлик чоралари, сўнгра фойдали иш унумдорлиги ва бугунги кун — замон талаби! Шунинг учун ҳам бугунги кунда Энергетика вазирлиги тасарруфидаги Ёқилғи-энергетика комплекси корхоналари фаолияти ҳам тўлиқ рақамлаштирилиш босқичида. Мисол учун, 2021 йилда мамлакатимиз ёқилғи-энергетика комплексини рақамли трансформация қилиш лойиҳаси муҳокамаси юзасидан Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Россиянинг “ИКС Холдинг” компанияси раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилиб, рақамлаштириш дастурланини жорий этиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ мутахассис ходимлари ўз малакаларини оширган ҳолда электр таъминотида муҳим аҳамият касб этадиган реле ҳимояси ва автоматика тизимини рақамли технологияларнинг сўнгги авлоди билан бойитиб бориш устида бир қанча ютуқларга эришган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги 4699-сонли қарорига асосан «Ўзбекистон МЭТ» АЖда рақамлаштириш бўйича бир нечта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аниқроғи, Акциядорлик жамиятининг молиявий-иқтисодий фаолият тизими самарадорлигини ошириш, корпоратив бошқарувни оптималлаштириш мақсадида ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш тизими — ERP (Enterprise Resource Planning) дастури, шу билан бирга, диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплекси — SCADA (Supervisory Control And Data Acquisition) дастурини жорий қилиш устида босқичли иш жараёнлари олиб борилмоқда.

 

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://www.youtube.com/watch?v=5Z4HDrM102c

https://minenergy.uz/uz/news/view/1712

>