Янгиликлар
Электр таъминотининг техник ва муҳандислик шартлари: Дунё электр энергетикасидаги йирик авариялар ва уларнинг оқибатлари
  • 07.12.2021
  • 538

Савол: Энергетика вазирлиги Матбуот-штабидан бир киши чиқиб, электр энергияси истеъмоли ва ишлаб чиқариш ўртасида мувозанат бўлмаса, тизимда йирик авария ва носозликлар рўй беради, деди. Бунга мисоллар борми ўзи? Ўзбекистонда, дунёда? Ё шунчаки баҳона гапми бу?

Жавоб:
 Тўғри фикр! Истеъмолчилар диспетчерлик хизмати электр таъминотига айрим чекловларни киритиш орқали қандай талафот ва кўнгилсизликларнинг олдини олишга ҳаракат қилаётганини тушунтиришнинг энг яхши усули — дунё электр энергетика таъминотида содир бўлган йирик аварияларни мисол тариқасида кўрсатиш, истеъмолчиларда бу ҳақда тушунча ва тасаввурлар ҳосил қилиш.

Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим, электр энергияси таъминоти тизимида ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги тенглик, яъни мувозанат бузилиши оқибатида юзага келадиган йирик носозликларга нафақат истеъмолнинг кескин ошиши, аксинча, тармоққа уланган ҳолда катта қувват истеъмол қилаётган йирик истеъмолчиларнинг бирдан тармоқдан узилиши ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Соддароқ тушунтирадиган бўлсак, ноқулай об-ҳаво туфайли, масалан кучли шамол таъсиридаги қисқа туташувлар оқибатида каттароқ ҳудуддаги истеъмолчилар бирдан тармоқдан узилди, дейлик. Яъни тизимда истеъмол қилинмаётган ортиқча қувват ҳосил бўлса, тизимда мувозанат бузилиб, электр объектларида турли носозликлар, авария ва ёнғинлар чиқиш эҳтимоли бор.

Бундан ташқари, йирик носозликлар содир бўлишига нафақат ноқулай об-ҳаво, шунингдек, электр тармоқларида хизмат қилаётган айрим ишчи-ходимларнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари, малакасизлиги ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Мисол учун, 1998 йил 8 декабрь куни АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида 940 минг нафар аҳолиси электр таъминотисиз қолишига маҳаллий подстанция ишчисининг биргина хатоси сабабчи бўлган.

Шунинг учун энергетика соҳаси, хусусан электр энергетика тармоғида ҳам муҳандис-у монтёрлар, мутахассис-ходимлар белгиланган тартибда хавфсизлик техникаси, ёнғин ва ҳаёт хавфсизлиги қоидалари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа меъёрий талаблар бўйича имтиҳонлардан ўтказилиб, малака ошириш курсларида таҳсил олишади. Улар ўртасида турли мусобақа, кўрик танловлар ўтказилиб, йилнинг маълум бир пайтида “Хавфсизлик техникаси ойлиги”, “Ёнғин хавфсизлиги” ойлиги тадбирлари ўтказиб турилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, электр таъминоти мураккаб техник-муҳандислик мажмуа ҳисобланиб, турли носозликлар содир бўлишидан тўлиқ суғурталанмаган ва кафолатланмаган. Бундай ҳолатлар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кузатиладиган ҳолат. Энергетикларнинг асосий мақсади эса турли носозликларнинг олдини олиш, эскирган ҳамда носоз ускуна ва жиҳозларни ўз вақтида таъмирлаш ёки янгилаш, электр таъминоти ишончлилигини ошириб, унинг узлуксизлигини таъминлашдан иборат.

Мисол тариқасида айни кунларда Буюк Британия электр таъминотида ноқулай об-ҳаво туфайли содир бўлаётган йирик носозлик тўғрисида тўхталиб ўтсак... 

Арвен бўрони туфайли электр энергиясидан бебаҳра қолган 30 минг нафар истеъмолчилар тармоққа уланиши учун камида икки кун кутишлари керак, дея хабар беради BBC ахборот агентлиги маҳаллий электр таъминоти корхоналари баёнотига таяниб.

Қайд этилишича, Буюк Британиянинг баъзи ҳудудларида эсган кучли шамол 30 мингга яқин хонадон беш кечани электр таъминотисиз ўтказишига сабабчи бўлиши мумкин.

Энергетика компаниялари истеъмолчиларнинг катта қисми, яъни ноқулай об-ҳаводан жиддий зарар кўрмаган ҳудудиларда таъминот тиклангани ҳақида хабар берган.

Ижтимоий тармоқларда индивидуал тартибда ишлайдиган муқобил энергия таъминотига эга бўлмаган хонадонлар ани кунлардаги кечки совуқда азият чекаётгани айтилган.

Мутахассисларнинг фикрича, Арвен бўронидан электр объектлари кўрган зарар анча жиддий. Юзлаб юқори ва паст кучланишли таяч устунлари ағдарилган, уларнинг бир қисмини синган дарахт шохлари йиқитган.Тиклаш-таъмирлаш бригадалари 4500 та объектда ишлаётгани маълум қилинган. Электр таъминотидан узилган аҳолининг бир қисми кечаси ўтин ёқиб исинаётгани, сув таъминотидаги муаммоларни ҳозирча мустақил равишда ҳал этишаётгани билдирган. 

Ҳурматли истеъмолчилар, мисол тариқасида дунё электр энергия тизимларида содир бўлган йирик авария ва уларнинг ҳам маънавий, ҳам моддий, ҳам экологик зарарлари ҳақида бир нечта воқеа-ҳодисаларни баён қиламиз.

1965 йил 9 ноябрь АҚШ ва Канада
Электр таъминотидаги истеъмол ва ишлаб чиқариш қуввати орасидаги тафовут АҚШнинг етти штати ва Канаданинг икки провинсиясида 30 миллион кишини электр энергиясидан маҳрум қилди.

1977 йил 13 июль, Нью-Йорк
«Хелловен», яъни «қўрқув кечаси» байрами куни электр энергияси истеъмоли кескин ошган ва шунга яраша ишлаб чиқариш кўпайтирилган бир пайтда электр тармоқларига яшин уриши оқибатида истеъмолчиларнинг йирик қисми тармоқда узилади ва электр таъминотида мувозанат бузилиб, йирик авария содир бўлади. Бунинг оқибатида 9 миллиондан зиёд аҳоли электр таъминотисиз қолишади.

1979 йил 31 май, Совет Иттифоқи
Иссиқ об-ҳаво таъсирида 330 кВ кучланишли электр тармоқлари осилиб, қисқа туташув содир бўлади. Юқори кучланишли электр тармоғи таъмирлаш мақсадида вақтинча ўчирилиши энерготизимда мавжуд фаол қувватнинг кўтарилишига сабабчи бўлиб, мувозанат сақлай олинмагани туфайли йирик авария содир бўлади. Бу Украина ва Қозоғистон ССР республикалари, Сибир ҳамда Смоленск энергетика тизимига салбий таъсир этиб, Волгабўйи ва Уралолди минтақасидаги жами 5 минг МВт қувват истеъмол қилаётган истеъмолчилар тармоқдан узилишига олиб келган.

1993 йил 4 май, Грузия
Ўша куни бутун Грузия электр энергиясисиз қолди. Ҳодиса асл сабабларини аниқлашнинг имкони бўлмади. Тахминларга кўра, электр таъминоти тизимида қўқисдан йирик истеъмолчи(лар) пайдо бўлган ва авариянинг олдини олишга қаратилган ҳаракатлар зое кетган. Йирик носозлик содир бўлгандан кейин 38 дақиқа ўтгач, захира генераторлари орқали фақат Тбилиси метрополитени ва айрим ижтимоий соҳа объектларига электр энергия билан таъминлаб турилган.

1998 йил 8 декабрь, АҚШ
Сан-Францисконинг 940 минг аҳолиси маҳаллий подстанция ишчисининг биргина хатоси туфайли етти соат давомида электр энергиясиз қолди...

1999 йил 6 июль, Нью-Йорк
200 мингдан зиёд Манхеттен аҳолиси 19 соат давомида электр энергиясидан маҳрум бўлишди. Иссиқ ҳаво туфайли электр жиҳозларининг (кондиционерлар) тизимга ҳаддан зиёд уланиши натижасида юқори энергия истеъмоли вужудга келиб, йирик аварияни келтириб чиқарди.

2001 йил 2 январь, Ҳиндистон
Уттар-Прадеш штатидаги электр станциясида юз берган авария Ҳиндистон шимолида 200 миллиондан ортиқ одамни электр энергиясидан маҳрум қилди.

2001 йил 18 январь, АҚШ
Сан-Франциско ва унинг атрофида яшовчи 1 миллион калифорнияликлар электр таъминотида рўй берган жиддий авария оқибатида электр энергиясидан маҳрум бўлдилар.

2001 йил июнь ойи, Нигерия
30 дан 50 миллионгача бўлган Нигерия мамлакат шарқидаги электр таъминотидаги узилиш натижасида бир неча кундан бери электр энергиясиз яшаб келмоқда.

2002 йил 24 ноябрь, Аргентина
Пойтахт Буйнос-Айресда юқори кучланишли линиянинг узилиши содир бўлди. 2 миллионга яқин одам электр энергиясиз қолди.

2002 йил 19 декабрь, Россия Федерацияси
“Якутская” электр станциясидаги авария натижасида Якутск шаҳри ва марказий Якутия электр таъминотисиз қолди. Ўша куни термометр кўрсаткичи -48° гача тушди.

2003 йил 3 февраль, Жазоир
32 миллион аҳолига эга бутун Жазоир марказий электр станциясидаги авария натижасида бир неча соат электр таъминотисиз қолди.

2003 йил 22 июль, Ўртаер денгизи минтақаси
Барселона ва Балеар оролларининг 350 мингдан ортиқ аҳолиси истеъмол ва ишлаб чиқариш орасидаги тафовут туфайли келиб чиққан авария оқибатида электр энергиясидан маҳрум бўлди.

2003 йил 14 август, Шимолий Америка қитъаси
АҚШ ва Канадада электр қуввати узилиши кузатилди. Битта электростанция ва подстанцияда юзага келган носозлик бошқа электр объектлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, АҚШ ва Канаданинг бир нечта штатлари узоқ вақт электр таъминотидан маҳрум бўлди.

2003 йил 28 август, Буюк Британия
Ишончли ва барқарор иш фаолиятига эга инглиз энергия тизимида йирик авария содир бўлди. Тизимдаги носозлик туфайли Лондоннинг чорак қисми электр таъминотисиз қолди. Англия ҳукумати содир бўлган носозликларни “сўнгги ўн йилликдаги энг даҳшатлиси” деб атаган эди.

2003 йил 23 сентябрь,  Швеция
Кучли бўрон электр узатиш линияларини узиб қўйди. Натижада Швеция жануби ва Дания шарқида электр таъминотида узилишлар юзага келди. 5 миллион киши бутун кун давомида электр энергиясиз қолди.

2003 йил 28 сентябрь, Италия
Энергетика тизимида авария юз берди, унинг бутун шимоли ва маркази бир кун давомида электр таъминотисиз қолди.

2003 йил 7 октябрь,  Россия Федерацияси
Россия марказининг қора тупроқли ҳудудлари зонасида содир бўлган кучли бўрон туфайли кўплаб электр узатиш линиялари узилди. Владимир, Липетск ва Смоленск, Тамбов ва Белгородда  минглаб аҳоли яшаш пунктлари электр таъминотисиз қолди.

Тизимда содир бўлган авария туфайли алоқа, йўл ҳаракати ищдан чиқиб, шаҳарлараро электр поездлари тўхтаб қолди.

2003 йил 7 ноябрь, Чили
Чилининг марказий электр станциясида иссиқ об-ҳаво туфайли авария юз берди. Сантягонинг 600 минг аҳолиси тўрт соат давомида электр энергиясиз қолди.

2004 йил 22 январь, Туркия
Истанбулнинг бутун Европа қисми қум бўрони туфайли электр энергиясидан маҳрум бўлди.

2004 йил 22 ноябрь, Польша
Варшава электр тизимида йирик авария юз берди. “Кечки максимум” пайтида электр истеъмоли кескин ошган пайтда тизимида мувозанатни сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Натижада Варшаванинг 1,5 миллионлик аҳолиси электр таъминотисиз қолди. Халқаро аэропорт бир ярим соат давомида самолётларни қабул қила олмади, ўнлаб рейслар кечиктирилди, электр поездлари фаолияти вақтинча тўхтади.

2004 йил 12 июль, Греция
Грециядаги электр станциядаги авария натижасида Афина ва мамлакат жанубидаги 6 миллион аҳоли икки соат давомида электр энергиясиз қолди.

2005 йил 23 январь, Канада
Торонто шаҳрида юз берган сув тошқини туфайли аҳоли 12 соатга яқин электр энергиясиз қолди.

 2005 йил 25 май санаси, Москва
«Чагино» подстанциясидаги авария Россия тарихида 7 миллион аҳоли электр таъминотида узилишга сабаб бўлган энг катта талафот дея қайд этилган. Москва шаҳри ва Москва вилоятидаги истеъмолчиларнинг қарийб 26 фоизи, Тула вилояти аҳоли ва саноат объектларининг 87 фоизи, Калуга вилоятларидаги истеъмолчиларнинг 22 фоизи электр таъминотисиз қолган. Рязань ва Смоленск вилоятларида ҳам электр таъминотида қисман узилишлар кузатилган.

 2006 йил 5 ноябрь, Ғарбий Европа
Европа ғарбида жойлашган қатор мамлакатларида миллионлаб одамлар электр энергиясидан бебаҳра қолишди. Энерготизимдаги фавқулодда ҳолат юз беришига Германияда совуқ об-ҳаво туфайли истеъмолнинг кескин ўсиши сабаб бўлган. Энерготизим тўлиқ ишдан чиқишини олдини олиш мақсадида электр тармоқлари автоматик тарзда узишларни амалга оширди. Бу жараён нафақат Германия ва Францияга, балки Италия, Бельгия ва Испанияга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Авария туфайли нафақат аҳоли ва саноат корхоналари, балки Европадаги тезюрар темирйўл тизими ҳам маълум муддат иш фаолиятини тўхтатишга, вагонларда қолган йўловчилар хавфсизлиги билан шуғулланишга мажбур бўлишди.

2006 йил 14 август, Япония
Токио электр таъминоти тизимидаги юқори кучланиш сим-арқоннинг узилиши Эдогава дарёси бўйлаб чўзилган асосий электр узатиш линияларида йирик носозлик келтириб чиқарган. Токио шаҳри, шунингдек, Кавасаки ва Ёкогама шаҳарларидаги миллиондан ортиқ хонадонлар тармоқдан узилди. Пойтахт метроси 30 дақиқага тўхтаб қолди, ер усти поездларининг бир нечта линияларида ҳаракат бутунлай тўхтатилди. Пойтахт йўлларида уч юзга яқин светофор ўчиш оқибатида бир неча соат давом этган тирбандликлар юзага келди.

2006 йил 4 ноябрь, Норвегия
Папенбург шаҳридаги кемасозлик заводларида қурилган йирик кема денгизга чиққанида, хавфсизлик таъминланиши учун 380 киловольт кучланишдаги электр линияси вақтинча тармоқдан узиб турилди. Аммо узиш ва улаш жараёнида содир бўлган носозлик Германия, Франция, Испания, Португалия, Италия, Марокаш, Австрия ва Хорватияда электр таъминотидаги узилиш тўлқинини келтириб чиқарди.

2009 йил 9 ноябрь, Тожикистон
Нурек–Регар электр узатиш линиясидаги авария натижасида Тожикистонда истеъмолчиларининг қарийб 70 фоизга яқин электр таъминотидан бебаҳра қолди. 

2009 йил 10 ноябрь, Бразилия
Тизимдаги йирик авария туфайли электр таъминотининг узилиши Бразилияда яшовчи 50 миллиондан ортиқ аҳоли турмушига салбий таъсир кўрсатди. Мамлакат иқтисоди ҳисоби охирига етказилмаган даражада зарар кўрди. Айнан шу йирик авария Уругвай энерготизимида ҳам беқарорлик вужудга келишига сабаб бўлди.

2010 йил 20 август, Россия Федерацияси
Юқори кучланишли "Восточная" подстанциясида содир бўлган авария натижасида Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятининг электр тизимида тармоқдан узилиш ҳолатлари юзага келди.

2012 йил 31 июль, Ҳиндистон
Электр таъминоти тизимидаги оммавий узилишлар 8 соат давом этди. Бу мамлакат шимоли ва шарқидаги 19 штатга таъсир кўрсатди. Шифохона ва мактаблар электр энергиясиз қолди.

2012 йил 9 сентябрь, Куба
Мамлакат шимолида юзага келган ноқулай об-ҳаво миллионлаб истеъмолчилар электр қувватидан бебаҳра қолишига сабабчи бўлди.

2012 йил 24 сентябрь, Қозоғистон
Олма-ота шаҳрида 500 кВ кучланишли “Олма-ота” подстанциясининг 220 кВли тармоқларида авариявий ўчишлар содир бўлди. Оқибатда бутун шаҳар ва Олма-ота вилояти, жумладан, метро ва шаҳар аэропорти каби йирик объектлар электр таъминотисиз қолди.

2016 йил 15 ноябрь, Россия Федерацияси
Екатеринбург шаҳрида релели ҳимоя воситалари таъсирида тармоқда содир бўлган узилиш 4 та 110 кВ кучланишли подстанциялари фаолиятига салбий таъсир кўрсатган. Тахминан 117 минг нафар истеъмолчилар, 116 та ижтимоий соҳа объектлари ва маҳаллий саноат корхоналари электр таъминотисиз қолди.

2018 йил 25 март, Якутия, Россия Федерацияси
Баҳор ойининг дастлабки ойидаги совуқ кунларнинг бирида Якутск шаҳридаги 2-сонли электр станцияси фаолиятининг бир қисми фавқулодда тўхтатилди. Натижада Якутскнинг бир қисми ва Якутиянинг марказий ҳудудларида истиқомат қилувчи истеъмолчилар авария бартараф этилгунга қадар электр энергиясиз кун кечиришга мажбур бўлишди.

2018 йил 3 июль, Озарбайжон
Ёз фаслининг дастлабки иссиқ кунларида юқори энергия истеъмоли вужудга келиб, мамлакат электр энергия тизимида йирик авария юз берди. Бунинг натижасида Озарбайжоннинг 39 та шаҳри ва вилоятларида электр таъминоти узоқ муддатга узилди.

2019 йил 9 август, Буюк Британия
Юзага келган йирик авария туфайли Лондон шаҳри, Жанубий, Жануби-ғарбий, Марказий ҳамда Шимоли-шарқий Британия, Уэльс ҳудудларида электр энергияси узилди. Авария натижасида Лондонда кўча ёритгичлари ва светофорлар ўчирилган, темир йўл транспорти қатнови тўхтатилган.

2021 йил 9 январь, Покистон
Мамлакатнинг 114 та шаҳрида электр таъминотида йирик носозлик содир бўлди. Об-ҳавонинг совиб кетиши электр энергияси истеъмоли кескин ошишига сабаб бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати истеъмолчиларни қоплаб беролмаслиги оқибатида тизимда носозлик пайдо бўлди. Бир неча соат ичида барча электр иситиш қурилмаларидан  фойдаланишга уринган истеъмолчилар узоқ вақт электр таъминотисиз қолишди.

Бундай мисоллар кўп ва улар ҳар доим мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар оқибатлари билан қайд этилган.

Ўзбекистонда 2020 йил 20 ноябрь куни соат 15:48 да «Тўрақўрғон ИЭС»да умумий қуввати 610 МВт билан ишлаб турган (ўрнатилган қуввати 900 МВт) иккита: 1- ва 2-сонли буғ-газ қурилмалари фавқулодда ўчиш содир бўлди. Бу ҳолат, ўз навбатида, Марказий Осиё электр энергетика умумтизимининг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, Қозоғистон ва Қирғизистон тизимларидан бир қанча истеъмолчилар тармоқдан узилишига сабаб бўлди. Марказий Осиё электр энергетика умумтизимининг Россия Федерацияси энергетика тизимидан бир муддат ажралишига таъсир кўрсатди.

Марказий диспетчерлик маркази мутахассислари томонидан белгиланган хавфсизлик тезкор чоралари қўлланилиб, қўшни мамлакатдаги қувват оқимларини ошириш эвазига юқорида санаб ўтилган носозликларга ўхшаш йирик авариянинг олди олинди ва бу билан Ўзбекистон электр энергетика тармоғининг қимматбаҳо жиҳоз ва ускуналари кейинги барқарор фаолияти учун сақлаб қолинди.

Батафсил: https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/597

Ахборотномани тайёрлашда интернет нашри маълумотларидан фойдаланилди.

 

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>