Айни пайтда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида «Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси» ўз ишини давом эттирмоқда. Унда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Харидлар, маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш бошқармаси ҳамда «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали маҳаллийлаштириш дастури бўйича ишлаб чиқарилган ва амалиётда фойдаланилаётган электр ускуна-жиҳозлари, эҳтиёт қисмларни тадбиркорларга намойиш этишмоқда.
Саноат ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Галина Саидова сўз олиб, юртимизда анъанавий тарзда ўтказилаётган саноат ярмаркаси — мамлакатимизда яратилган тадбиркорлик муҳитининг маҳсули эканини алоҳида эътироф этди.
Эслатиб ўтамиз, Саноат ярмаркасида ўнлаб йирик саноат корхоналари қаторида мамлакатимизнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган юздан зиёд ўрта ва кичик бизнес вакиллари, тадбиркорлар иштирок этишмоқда.