Янгиликлар
МИЛЛИЙ ДИСПЕТЧЕРЛИК МАРКАЗИ: Энерготизимда йирик аварияларнинг олдини олиш учун қўлланилаётган чораларнинг аҳамияти
  • 23.11.2021
  • 389

Ассалому алайкум, ҳурматли истеъмолчилар!

Оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Ижозатингиз билан, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги Миллий диспетчерлик маркази фаолияти юзасидан келиб тушган саволларни умумлаштириб, савол-жавоб шаклида эътиборингизга тақдим этамиз. Бу орқали электр таъминоти умумтизимида йирик аварияларнинг олдини олиш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритамиз. Аниқроғи, “электр таъминотига чекловлар жорий этилган” дея изоҳланадиган техник-муҳандислик ҳолатлари нима сабабдан юзага келиши ва бу қандай йирик носозликларнинг олдини олиш учун амалиётга татбиқ этилиши  юзасидан маълумотлар тақдим этамиз. Демак...

1-САВОЛ: Электр энергетика тармоғи фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари борми? Масалан табиий газ ёки ичимлик суви таъминотидан...

ЖАВОБ: Дарҳақиқат, электр энергетика тармоғининг бошқа соҳа ва тармоқлардан бирмунча фарқ қиладиган жиҳатлари мавжуд. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш — бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши лозим бўлган ягона технологик жараён бўлиб, ҳар лаҳзада улар ўртасида тенглик, яъни мувозанат ўрнатиш ниҳоятда муҳим вазифа ҳисобланади. Электроэнергетика соҳасининг айнан шу жиҳати ягона диспетчерлик бошқарувини амалга оширишда энг муҳим критериялардан бири ҳисобланади.

 Демакки, хулоса қиладиган бўлсак, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш ўртасида энергия баланси (!) мунтазам равишда таъминланиши лозим. Техник-муҳандислик шартларига кўра, тизимда ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанатни сақлаш — электр таъминоти умумтизимнинг турғун ва ишончли фаолиятини кафолатлайди.

2-САВОЛ: Электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабабларини санаб бера оласизми?

ЖАВОБ: Бу техник-муҳандислик ҳолатига сабаб омиллари бир нечта. Асосан 2 та йирик омил мавжуд.

Биринчиси, бу электр тармоғига турли техник ва иқлим шароитлари билан боғлиқ таъсирлар, асосан кучли шамол ва довуллар таъсирида юзага келадиган қисқа туташувлар, диэлектр хусусиятига эга электр асбоб-ускуналарига кучли ёмғир, қор ва музламаларнинг салбий таъсири, қурилиш ишларида эҳтиёткорсизлик туфайли йўл қўйиладиган носозликлар, тармоқ симларига дарахт шохлари ёки электр ўтказувчанлик хоссасига эга бошқа предмедларнинг тегиши ва яна бошқа бир қанча эҳтимолий, аммо амалиётда тез-тез кузатиладиган сабаб омилларини санаб ўтиш мумкин.

Бундан ташқари, электр ускуна ва жиҳозларининг жисмонан эскириши туфайли носоз ҳолга келиши, маълум бир қувватда ишлашга мослашган электр қурилмага  ортиқча юкламалар тушиши — электр таъминотида турли носозликларни келтириб чиқаради.

Ва, албатта, бу носозликлар бартараф этилаётган пайтда хавфсизлик техникаси талабларига мувофиқ тармоққа уланган истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилиб турилади.

Иккинчиси, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мутаносибликнинг бузилиши. Аниқроқ айтганда, электр энергияси истеъмоли ҳажмининг — ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажмидан юқори бўлганда, ўрнатилган тартибда чекловлар жорий этилиши. Бу амалиёт йирик аварияларнинг олдини олишда қўлланиладиган ягона чора бўлиб, унгача тизим диспетчери электр таъминотида мавжуд бўлган барча захира қувватларни жалб этган бўлади. Демак, электр энергияси истеъмолига чекловлар жорий этиш — бу охирги чора сифатида қўлланиладиган жараён бўлиб, у асосан истеъмол ҳажми кескин ошганда, ишлаб чиқариш жараёни кўпайтирилгунга қадар жорий этиладиган ҳолат.

Электр таъминотида мувозанатни сақлаш «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ҳудудий диспетчерлари ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги Миллий диспетчерлик маркази диспетчерлари томонидан амалга оширилади. Бу жараёнда «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти мутахассислари ҳам фаол иштирок этишади. Электр таъминотининг барқарор фаолияти Энергетика вазирлиги мутасаддилари томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.

3-САВОЛ: Нима учун диспетчер истеъмолчиларни тармоқдан узишга мажбур бўлади? Электр таъминоти умумтизимида мувозанатни сақлай олинмаса, нима рўй беради?

ЖАВОБ: Истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши тизимда электр токи частотасининг пасайишига олиб келади. Буни бартараф этиш учун ўз вақтида чоралар кўрилмаса, бу ҳолат мураккаб технологик жараёнлар учун ҳалокатли бўлиб, одамлар хавфсизлигига таҳдид солиши ва жиддий техноген ёки экологик офатларга олиб келиши мумкин. Аниқроқ айтганда, электр таъминотида мувозанатнинг бузилиши жиддий иқтисодий зарар ва узоқ муддатли ўчишларга сабаб бўладиган авария ҳолатларига олиб келади. Шунга кўра тизим диспетчеридан жуда қисқа вақтда кескин чора кўриш талаб этилади.

Хулоса қилиб айтганда, ортиқча юклама билан ишлаётган электр ускуна ва қурилмалар автоматик тарзда тармоқдан узилиб, тегишли чоралар кўрилгандан сўнг тармоққа уланади. Айнан шунинг учун, аксарият ҳолатларда, электр таъминотидаги узилишларни олдиндан билиш ва вақтини белгилаш, бу ҳақда истемолчиларни огоҳлантиришнинг имкони мавжуд эмас.

Такрор айтамиз, диспетчерлик маркази томонидан энерготизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги «зўриқиш» турли йирик аварияларга сабаб бўлиб, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергия бўлмаслигига сабаб бўлади.

Йирик авариялар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ягона энергетика тизимида катта ҳажмдаги истеъмолчиларнинг тўлиқ электр таъминотисиз қолишига, электр станциялари ва подстанцияларин қурилмаларининг жиддий шикастланишига, узоы давом этадиган йирик носозликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, жиддий техноген ёки экологик фалокатларга сабаб бўлиши мумкин.

Унутманг, электр энергиясидан оқилона фойдаланиш — электр таъминоти тизимдаги электр қурилма ва ускуналари ортиқча юклама билан ишлаши оқибатида келиб чиқадиган носозликларнинг олдини олиш бўйича энг самарали усул ҳисобланади.

Эътиборингиз учун раҳмат!

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>