Янгиликлар
Ис газидан огоҳ бўлинг!
  • 15.11.2021
  • 538

Сўнгги йилларда республика қишлоқларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп квартирали уйларни қуриш дастурларини амалга ошириш натижасида аҳолининг турар жойга бўлган эҳтиёжи қондирилмоқда ва шу асосда фуқароларнинг фаровонлик даражаси янада ошириб борилмоқда.

“Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастурлари доирасида республика туманларидаги қишлоқларда аҳоли хонадонларини электр ва табиий газ таъминоти тизимлари янгиланиб, суюлтирилган газ ҳамда кўмир ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаб бориш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар, якка тартибдаги уй-жойларни куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлашда ҳамда хонадонларда иситишда табиий ва суюлтирилган газ, қаттиқ ёқилғидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари учраб турибди.

Натижада аҳоли хонадонларида ёнғин келиб чиқиши ёки ис газидан заҳарланиш ҳолатлари рўй бериб, инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига жиддий зарар етказилмоқда. Кўпинча ўлим билан тугайдиган ҳамда моддий зарар билан якунланадиган бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда.

Ис газидан заҳарланиш ва ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг аксарият қисми табиий газ ва муқобил ёқилғи турларидан ҳамда иситиш печларидан фойдаланишда техник ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаганликлари, табиий газ тармоғига нотўғри уланиш, иситиш мақсадида мавжуд газ плиталарини ёқиб қўйиш ва хонадонлар ичида очиқ оловдан фойдаланиш ҳамда дудбуронларнинг носозлиги натижасида келиб чиқмоқда.

Биз фойдаланадиган газ – бу асосан метан гази ҳисобланади. 1 куб.м метан газ ёниши учун 9,5 куб.м ҳаво керак бўлади. Газ асбоби сурункали ишлатилганда, газ ускунаси ўрнатилган хонанинг эшик ва деразалари зич ёпилиши натижасида ёниш учун зарур бўладиган кислород миқдори камайиб кетади. Оқибатда газ тўлиқ ёнмайди ва ис гази келиб чиқади.

Ис гази – хонадонларимизда фойдаланиладиган табиий газ ва кўмирнинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўладиган газ. У инсон организмининг нафас йўллари ва аъзоларига кучли таъсир қилган ҳолда ўлим билан тугаши мумкин.

Ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

Фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик;

Иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;

Ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;

Газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда суюлтирилган углеводород газ балонларини (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;

Хаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;

Хавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.

Юқорида кўрсатиб ўтилган сабабларга кўра иситиш учун фойдаланилаётган ёқилғи (газ, кўмир, ўтин ва бошқа)ни чала ёниши натижасида ис гази хосил бўлади.

Юқоридаги сабаблардан келиб чиқиб, аҳоли ҳонадонларда техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда табиий газдан фойдаланишлари сўралади.

“Ўзнефтгазинспекция” Тошкент ҳудудий бошқармаси

Ўзнефтгазинспекция ахборот хизмати

http://uzngi.uz/uz/press/inspection/2021/11/2019/

https://t.me/uzngiuz/735

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>