Янгиликлар
«Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали ишчи-ходимлари "Яшил макон" лойиҳасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишмоқда
  • 15.11.2021
  • 388

 Барчамизга маълумки, 2 ноябрь куни Давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтказилган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш чоралари кўриб чиқилган эди. Унга кўра йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган. Шу билан бирга, 2021 йил 2 ноябрдан бошлаб 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича "долзарб 40 кунлик" эълон қилинган эди.

 

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимиздаги барча корхона ва ташкилотлар томонидан жадал суръатларда олиб борилмоқда. Жумладан, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида ушбу масала Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Х.Б.Элмуродов иштирокидаги видеоселектор орқали муҳокама қилиниб, Акциядорлик жамиятининг ҳар бир аъзоси ўртача 6 тупдан дарахт кўчатлари экиши белгиланган эди.

 

Юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларга хизмат кўрсатувчи энергетиклар дастлаб Тошкент шаҳридаги маъмурий бинолар ҳовлисига игнабаргли кўчатлар ўтқазиш билан  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини бошлаб беришган эди. Кейин ушбу тадбир “Андижон магистрал электр тармоқлари” филиали томонидан ўтказилди.

Жорий йил 11–12 ноябрь кунлари Яшил макон” лойиҳасига “Қашқадарё магистрал электр тармоқлари” филиали ишчи-ходимлари ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишди. Дастлаб маъмурий бино, сўнгра 220 кВ кучланишли “Қарши”, яқинда қуриб топширилган 220 кВ ли “Амир Темур” подстанцияларида манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

 

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, “Қашқадарё магистрал электр тармоқлари” филиали тасарруфида 17 та юқори кучланишли подстанциялар бўлиб, унда 500 нафарга яқин ишчи-ходимлар хизмат қилади. Улар 3106 туп дарахт кўчатлари ўтқазиши режалаштирилган, 2 кунлик тадбирда 800 туп дарахтлар экилди. Филиал касаба уюшмаси раиси Носиржон Ёдгоровнинг қайд этишича, қашқадарёлик энергетиклар ота-бобомиздан қолган “яхшидан боғ қолур” нақлига амал қилиб, ўз ташаббусига кўра бир нечта манзарали ва мевали дарахтлар харид қилиб, ўзи ишлайдиган корхонанинг хўжалик майдонларига экиб, ёш авлод вакилларига намуна бўлмоқда.

 

Электр энергияга бўлган эҳтиёж кескин ошиб, генерация жараёнининг катта қисми анъанавий турда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келиб турган бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг илгари сурилиши айни муддао бўлди, – дейди “Қашқадарё магистрал электр тармоқлари” филиали директори Шерзод Холиёров.

 

“Яшил макон” лойиҳаси мамлакатимизда олиб борилаётган “яшил энергетика” лойиҳаларининг мантиқий давоми, деб ҳисоблашимиз мумкин, – дея фикр билдирди Филиал бош муҳандиси Даврон Маҳамов, – бу саъй-ҳаракатларнинг замирида табиатни асраш, экологиямизга етказилаётган заррарни имконқадар камайтириш, шу билан бирга, ҳамюртларимиз соғлиғини асраш кўзда тутилган бўлиб, бу каби лойиҳаларда иштирок этиш биз —энергетиклар учун ҳам шараф, ҳам бурч ҳисобланади.

 ✍️ “Қашқадарё МЭТ” филиали Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти

 

 Эслатиб ўтамиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг бошқа ҳудудлардаги тадбирлари Акциядорлик жамиятининг uzbekistonmet.uz веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали ёритиб борилади.

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>