«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг матбуот анжумани
Тадбир санаси: 2021 йил 30 август, душанба, соат 12:00;
Ўтказилиш жойи: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар зали, 4-қават;
Матбуот анжуманининг мавзуси: «2021–2022 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик, юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларда олиб борилган капитал ҳамда жорий таъмирлаш ишлари натижалари».
Асос: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Ш.Асадов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаев томонидан тасдиқланган Медиа-режанинг тегишли бандлари.
1-савол: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг мамлакатимиз энергетика соҳаси, электр энергетика тармоғидаги ўрни (вазифалари ва мажбуриятлари)
Жавоб: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги ПҚ-4249-сонли қарорига асосан Электр энергетика соҳасини кенг қамровли ислоҳотлар ўтказиш натижасида “Ўзбекэнерго” АЖнинг тугатилаётган «Ўзэлектртармоқ» УК ҳамда «Энергосотиш» филиали негизида электр энергиясини магистрал электр тармоқлари орқали транспортировкасини амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш учун ташкил этилган.
Жамиятнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
— республиканинг магистраль электр тармоқларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш;
— электр энергияни республиканинг магистраль электр тармоқлари орқали етказиб бериш ва давлатлараро транзитни амалга ошириш;
— электр энергияни экспорт ва импорт қилиш, шунингдек, қўшни давлатларнинг электр энергетика тизими билан ҳамкорлик қилиш;
— электр энергияси ишлаб чиқарувчи, шу жумладан хусусий капитал иштирокидаги корхоналарни, шунингдек, магистрал ва ҳудудий электр тармоқларини ягона оператив-диспетчерлик бошқариш;
— электр энергияси ишлаб чиқарувчи, шу жумладан хусусий капитал иштирокидаги корхоналардан электр энергиясини ягона харид қилувчи функциясини бажариш, шу билан бирга, электр энергияни ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотиш.
Ҳозирда Акциядорлик жамияти таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 14 та филиал, электр тармоқларини рақамлаштиришга ихтисослашган “Energo-IT” филиали, “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ лойиҳа ташкилоти, Махсус техника ва автотранспорт воситалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи “Энергомахсусавто” МЧЖ, электр тармоқларини қурилишга ихтисослашган “Магистралтармоққурилиш” филиали ва “Gridcon” МЧЖ ҳамда 5 та ижтимоий соҳа объектлари фаолият юритиб келмоқда.
Жамиятга қарамоғида 85 та подстанция ва 11 414,2 км дан ортиқ 220–500 кВли магистрал ҳаво электр узатиш линиялари мавжуд бўлиб, Марказий бошқарув аппарати ва таркибидаги тузилма ҳамда филиалларда жами бўлиб 4700 нафардан зиёд ходимлар меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.
2-савол: 2021/2022 йил куз-қиш мавсумига «Ўзбекистон МЭТ» АЖ қандай тайёргарликлар кўрди? (модернизация ва реконструкция ишлари, қўшимча қувватлар, капитал ва жорий таъмирлаш)
Жавоб: Магистрал электр тармоқларини 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ҳар йили тегишли чора-тадбирлар белгиланиб Жамият бўйича буйруқ ишлаб чиқилади.
Амалга оширилган ишлар натижасида 1 август ҳолатига 7 та (йиллик режага нисбатан 100 фоиз) куч трансформаторлари, 59 та (83,1 фоиз, режа 71 та) 110-500 кВли ўчиргичлар, 15 та (83,3 фоиз, режа 18 та) компрессор қурилмалари ва 849,5 км (70,4 фоиз, режа 1206,15 км) узунликдаги 110–500 кВ ҳаво линияларида мукаммал таъмирлаш ишлари якунланиб, барча таъмирлаш ишларига 11,9 млрд сўм маблағ сарфланди.
Шу билан бир қаторда, жорий таъмирлаш режасига асосан подстанциялардаги 214 дона куч трансформаторлари (йиллик режага нисбатан 74,6 фоиз, режа 287 та), 1062 дона ўчиргичлар (85,5 фоиз, режа 1062 та), 31 дона ҳаво компрессорлари (103,3 фоиз, режа 30 та) ҳамда 3 719,7 км узунликдаги ҳаво электр тармоқларида (86 фоиз, режа 4320,8 км) жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мукаммал ва жорий тамирлаш бўйича белгилаб олинган чора-тадбирларни 1 октябрга қадар тўлиқ якунлаш режалаштирилган.
Республиканинг иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бизнес субъектлари ҳамда аҳолининг электр энергиясига ортиб бораётган талабини тўлиқ қоплаш мақсадида, жорий йил бошидан модернизация дастури асосида 9 та подстанцияда қўшимча жами 906 МВА қувват ишга туширилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида (“Беруний” ПС – 125 МВА), Бухоро вилоятида (“Қуйимозор” ПС – 2 дона, 63 МВА), Фарғона вилоятида (“Ўзгариш” ПС – 50 МВА), Қашқадарё вилоятида (“Амир Темур” ПС – 125 МВА), Тошкент вилоятида (“Чирчиқ” ПС – 2 дона, 150 МВА), Навоий вилоятида (“Горная” ПС – 43 МВА, “Химия” ПС – 200 МВА), Самарқанд вилоятида (“Каттақўрғон” ПС – 75 МВА), Хоразм вилоятида (“Хоразм” ПС – 75 МВА).
Йил якунига қадар 8 та подстанцияларда яна қўшимча 725 МВА қувватга оширилиши режалаштирилган.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида (“Қарши” ПС – 75 МВА), Бухоро вилоятида (“Қуйимозор” ПС – 2 дона, 127 МВА), Самарқанд вилояти (“Самарқанд” ПС – 9 МВА), Навоий вилоятида (“Горная” ПС – 43 МВА), Фарғона вилоятида (“Фарғона” ПС – 2 дона, 75 МВА), Тошкент шаҳрида (“Юксак” ПС – 23 МВА, Сурхондарё вилоятида (“Шеробод” ПС – 2 дона, 249 МВА) Жиззах вилоятида (“ДНС-2” ПС – 2 дона, 124 МВА).
Магистрал электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш дастурига асосан маънан ва жисмонан эскирган 40 дона 110-500 кВ кучланишли ўчиргичлар замонавий элегаз ўчиргичларга, 221 дона ток трансформаторлари, 16 дона ажратгичлар ва 6-500 кВ кучланишдаги 249 дона ўта кучланишни чекловчи қурилмалар алмаштирилди.
Куз-қиш мавсумида фавқулодда ҳолат юзага келганда фойдаланиш учун авариявий захира яратиш бўйича зарур амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 156 тонна трансформатор мойи, 0,7 тонна техник пластиналар, 1 тонна селикогель, 15 тонна турли русумли симлар, 9,8 км кабель маҳсулотлари, 74 дона металл таянчлар, 26 дона темир-бетон таянчлар, 17 дона турли қувватдаги захира куч трансформаторлари захираси яратилган.
Авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 65 – та навбатчи гуруҳлар бригадаси тузилган ва улар махсус автотранспорт воситалари, алоқа аппаратлари, зарур эҳтиёт қисмлар ва ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Махсус, юк автотранспортлари ва механизмлари — ҳозирда Акциядорлик жамияти балансида жами 308 та бўлиб, шундан 155 та махсус, автотранспорт, 95 та юк автотранспорти, 58 та механизмлардан фойдаланиб келинмоқда. Жамиятимиз томонидан жорий йил бошидан 17 та янги махсус техникалар харид қилинган. Шундан, 4 та таянчларни ташувчи, 6 та бригада махсус автомашинаси, 1 та электротехник лаборатория, 3 та юк тортувчи ва 3 та пикап йўл танламас автомашиналари.
3-савол: «Ўзбекистон МЭТ» АЖ турдош ташкилотлар — «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти, «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятлари билан ҳамкорликни қандай йўлга қўйган? Истеъмолчи назари билан қараганда, ким нимага жавобгар ва масъул?! Бу ерда Энергетика вазирлигининг роли қандай? Нега энергия тақчиллиги пайтида турдош ташкилотлар масаланинг ечими сифатида бир-бирининг номини тилга олишади (ёки айбдорлар турдош ташкилотлардан изланади)?
Жавоб: «Ўзбекистон МЭТ» АЖ турдош ташкилотлар — «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти, «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятлари билан ҳамкорлик шартнома асосида йўлга қўйилган. Яъни, ишлаб чиқарувчи корхоналар «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти ва «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятлари томонидан ишлаб чиқилган электр энергиясини «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ҳудудлардаги корхоналарига етказиб берилади. Барча электр энергияси миқдорлари корхоналарнинг мансублик чегарасида ўрнатилган электрон ҳисоблагичлар ва ҳисоблаш тизимлари орқали ҳар ойда аниқланиб, ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Бундан ташқари, оператив диспетчерлик бошқарув билан барча бўғиндаги корхоналар қамраб олинган бўлиб, Марказий диспетчерлик хизмати томонидан уларнинг фаолияти мувофиқлаштириб борилади.
4-савол: Миллий диспетчерлик маркази томонидан электр таъминоти умумтизимида мувозанатни сақлай олинмаса, уларнинг топшириқлари ҳудудий электр тармоқлари ва станция диспетчерлари томонидан бажарилмаса, нима рўй беради? Бунинг қўшни мамлакатлар электр тизимига таъсири қандай?
Жавоб: Нафақат электр энергияси тақчиллиги, балки ҳар қандай фавқулодда вазиятларда Миллий диспетчерлик марказининг топшириқлари бажарилмаслиги — ягона энерготизимда ўта оғир, шу жумладан давлатлараро фавқулодда ҳолатлар юзага келиб, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ягона энергетика тизимида катта ҳажмдаги истеъмолчиларнинг тўлиқ кучланишсиз қолишига, электр станциялари ва подстанцияларин қурилмаларининг жиддий шикастланишига (йирик носозликлар келиб чиқишига) ҳамда одамлар ҳаёти хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, жиддий техноген ёки экологик фалокатларга олиб келиши мумкин.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикасининг электр энергетикаси тўғрисидаги қонунда Тизим операторига ягона электр энергетикаси тизимининг ишончли ишлаб туришини таъминлаш; электр энергиясини ҳосил қилиш ва унинг истеъмоли балансини сақлаб туриш; авария режими юзага келишининг олдини олиш, шунингдек, уни бартараф этиш, авария режими бартараф этилганидан кейин тизимнинг ишончлилигини тиклаш ва авария режимини бартараф этишда ягона электр энергетикаси тизимида мавжуд бўлган барча захира қувватларни жалб этиш, бундан ташқари, электр энергияси истеъмолига чекловлар жорий этиш каби вазифалар юклатилган.
Маълумки Ўзбекистон ягона электроэнергетика тизими Қирғизистон, Қозоғистон ва у орқали Россия Федерацияси ягона энергетика тизими билан параллел ишлайди. Бунда ҳар бир энерготизимнинг параллел ишлашни таъминлаш бўйича раҳбарий ҳужжатлар билан тасдиқланган мажбуриятлари мавжуд. Бу мажбуриятлардан асосийси ҳар бир энерготизимнинг мувозанатда, яъни ишлаб чиқариш ва истеъмол қувватларининг тенглигидир. Икки томонлама шартномалар билан белгиланган ўзаро электроэнергия алмашинуви амалиётлари бундан мустасно.
Электр энергетика тармоғининг бошқа ишлаб чиқариш соҳа ва йўналишларда фарқи ҳамда ўзига хос хусусияти шундаки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш — бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши лозим бўлган ягона технологик жараён бўлиб, ҳар лаҳзада улар ўртасида тенглик (мувозанат) ўрнатиш ниҳоятда муҳим вазифа.
Соҳанинг бундай ўзига хос шарти истеъмолчиларга сифатли электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш ва энергия тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш нуқтаи назаридан жуда муҳим аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистон энерготизимида қувват баланси таъминланмаса, яъни Республиканинг оний электр энергияси истеъмоли унинг ишлаб чиқарилишига тенг бўлмаса, Ўзбекистон энерготизимига қўшни давлатлар, асосан, Қозоғистон энерготизими орқали ноқонуний қувват оқими юзага келади. Бу қувват оқимига йўл қўймасликнинг иккита йўли мавжуд: 1) энерготизим электр станцияларда ишлаб чиқаришни кўпайтириш, 2) чекловлар киритиш.
Агар Ўзбекистон энерготизим электр станцияларида ишлаб чиқаришнинг имконияти бўлмаса (захира қувватларнинг мавжуд эмаслиги, ёқилғи етказиб беришдаги муаммолар, ҳаво тармоқларидаги содир бўлиши мумкин бўлган нозосликлар), Қозоғистон энергетика тизими ҳаво электр узатиш тармоқлари зўриқиш билан ишлашига ва турғунлиги бузилишига олиб келиши мумкин.
Агар шунда ҳам Ўзбекистон томонидан қувват балансини таъминлаш бўйича ўз вақтида чоралар кўрилмаса, электр таъминотида турғунлик (мувозанат) бузилиб, Марказий Осиё давлатлари энерготизими (Жанубий Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон) Россия энерготизимидан ажралишига сабаб бўлиб, электр энергиясининг асосий сифат кўрсаткичи бўлган электр токи частотаси қиймати норматив қийматлардан пасайишига, бу эса, ўз навбатида, юзага келган ҳолат билан боғлиқ йирик авария — фавқулодда ҳолатларга олиб келади. Частота қийматининг паст кўрсаткичларда бўлиши биринчи навбатда электр станцияларга ўрнатилган генераторлар иш режимларига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг авариявий ўчиши ва частота қийматининг янада пасайишига ва оқибатда бутун тизим ишдан чиқишига (ёнғинлар содир бўлиб, узоқ муддатда тикланиши мумкин бўлган йирик авариялар) сабаб бўлиши мумкин.
Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикасида мавжуд энергия таъминоти тизимининг барқарор ишлаши бир нечта ташкилот ва корхоналарнинг узвий ҳамкорликдаги ишига боғлиқ.
5-савол: Энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги масалалари кўп ва хўп гапирилмоқда... Аммо бу тарғибот ва чақириқлар аҳолининг, истеъмолчиларнинг аксариятига таъсир қилмаяпти. Қўпол қилиб айтганда, борида беаёв ва бесамара ишлатаяпмиз, ноқонуний уланмалару ўғриликларга кўз юмамиз (жамоатчилик назорати йўқ), йўғида эса ёқа йиртиб танқид қиламиз...
Туну кун ишлаётган энергетикларни энг оғир сўзлар билан ҳақорат қилиб қарғаймиз... Ўзи самарадорлик ва тежамкорлик тарғиботи ва назоратига қайси ташкилотлар масъул? Нега уларнинг иш самараси баҳоланиб борилмайди?
Жавоб: Энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги масалалари тарғиботи ва назоратига, ушбу йўналишдаги маълумотларни юритишга Энергетика вазирлиги ва унинг таркибидаги инспекция ташкилотлари масъул.
6-савол: Электр таъминотида магистрал электр тармоқларидаги технологик сарфларнинг (йўқотишлар) меъёри борми? Уни камайтириш бўйича қандай ишлар қилинмоқда? (далил ва рақамларда, статистик таққослаш).
Жавоб: Электр энергиясини узатилишидаги технологик йўқотишлар меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 31 мартда рўйхатдан ўтказилган 2871-сонли йўриқномага асосан ҳисоблаб чиқилади ва “Ўзбекистон МЕТ” АЖнинг буйруғи билан белгиланади.
1. 2019 йилда Электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишлар режаси 1 715,5 млн. кВт•соат ёки 2,84 % бўлиб, амалда 1 467,0 млн. кВт•соат ёки 2,43%ни ташкил этиб, 248,5 млн. кВт•соат ёки 0,41 % миқдоридаги электр энергияси тежалишига эришилган.
2. 2020 йилда Электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишлар режаси 1 801,5 млн. кВт•соат ёки 2,8 % бўлиб, амалда 1 615,4 млн.кВт•соат ёки 2,51 % ни ташкил этиб, 186,1 млн кВт•соат ёки 0,29 % миқдоридаги электр энергияси тежалишига эришилган.
3. 2021 йилнинг биринчи яримйиллигида Электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишлар режаси 1 030,5 млн. кВт•соат ёки 2,78 % бўлиб, амалда 962,9 млн.кВт•соат ёки 2,6 % ни ташкил этиб, 67,6 млн кВт•соат ёки 0,18 % миқдоридаги электр энергияси тежалишига эришилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 22 августдаги ПҚ–4422-сонли қарорига асосан, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ 2020–2023 йиллар учун электр энергияни узатишда технологик сарфларни камайтириш учун ташкилий-техник тадбирлар ишлаб чиқилиб Энегетика вазирлиги томонидан тасдиқланган. Ташкилий-техник тадбирга асосан 2020 йилда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
1. Оптимал режимда электр энергияси узатилди;
2. Республика бўйича жами 10 та кучланиши 220–500 кВ бўлган подстанцияларда трансформаторларнинг қуввати оширилди;
3. Магистрал электр тармоқларига қарашли подстанцияларидаги электр қурилмаларини маънан ва жисмонан эскирганларини замонавийсига яъни энергия тежовчиларига алмаштириш ишлари олиб борилди;
4. Кучланиши 220 кВ бўлган трансформаторларни мавсумий ўчириш ишлари олиб борилди;
5. Биноларнинг термо изоляцияси яхшиланди;
6. Подстанция ҳудудини ёритувчи прожекторлар энерготежовчисига алмаштирилди;
7. Электр энергияси ҳисоблагичлари ўз вақтида давлат стандартидан ўтказилиб келинмоқда;
8. Кучланиши 220–500 кВ бўлган подстанция биноларининг ёритиш чироқлари, кунинг нормал об-ҳаво шароитида кондиционер ва иситиш қозонларини ўчириш ишлари олиб борилди;
9. Бино-иншоотларидаги ёритиш чироқлари замонавий энерготежовчисига алмаштирилди;
10. Кучланиши 500 кВ бўлган жами 7 та подстанцияларига қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатилди.
Натижада технологик сарфлар миқдори режа (меъёр)га нисбатан камайтирилишига, яъни тежаб қолинишига эришилди.
7-савол: «Ўзбекистон МЭТ» АЖ қарийб 5 минг киши меҳнат қилаётган йирик жамоа. Уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ижтимоий ҳимоялаш, хавфсиз иш ўрнини яратиш, саломатлигини таъминлаш, малакасини ошириш, ойлик маошлари ва бошқа устамаларни ошириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? (далил ва рақамларда, статистик таққослаш)
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ томонидан меҳнат шароитларини яхшилаш, хавфсиз иш ўрнини яратиш, саломатлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги “Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 263-сонли Қарорига асосан иш ўринлари меҳнат шароитлари ва асбоб ускуналарни жароҳатлаш хавфлилиги баҳолаш мақсадида шаҳодатлаш ишлари амалга оширилган. Ўзбекистон Республикасининг “Иш берувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун талабларига асосан “Ўзбекистон МЭТ” АЖ суғурта қилинган.
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ томонидан филиалларда хавфсиз иш шароитларини яхшилаш, ходимлар билан ишлашни ташкил қилиш, жароҳатланишларни олдини олиш мақсадида 1 июлдан 1 августгача хавфсизлик техникаси бўйича Республика кўрик ойлиги ўтказилди ва ОАВда ёритиб борилди. Ишларни хавфсиз бажариш мақсадида Магистрал электр тармоқлари филиалларига турли кучланишлар учун 245 та изоляцияланган штангалар, турли кучланишлар учун 161 дона кўчма ерга улагичлар, 48 дона 220 кВли кучланиш кўрсаткичи (УВН-220 кВ), 410 дона ҳимоя каскаси, 20 дона изоляцияланган гилам (коврик), 88 дона 3 метрлик нарвон, 93 дона 5 метрлик нарвонлар билан таъминланиб, ҳудудларга етказилди.
Шунингдек, магистрал электр тармоқлари филиалларининг ишчи-ходимлари босқичма-босқич белгиланган меъёрларга асосан белгиланган муддатларда ёзги ва қишки махсус кийим-бош ва пойабзал билан таъминланиб келинмоқда.
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ ва Ўзбекистон энергетика ҳодимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида 2019–2021 йиллар учун Акциядорлик жамияти олдида турган вазифаларни ҳал қилишда ижтимоий шериклик тамойили остида конструтив ҳамкорликни таъминлаш ва бозор муносабатлари шароитида тармоқ меҳнаткашларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида тармоқ келишуви тузилган. Ушбу ҳужжат меҳнат ва ишлаб чиқариш муносабатларини, меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини тартибга солувчи ҳамда ходимларни қўллаб-қувватлаш ижтимоий кафолатлар билан таъминловчи Жамият миқёсидаги меъёрий ҳужжат ҳисобланади.
Жамият таркибига кирувчи барча корхоналарда ижтимоий тўловлар ва имтиёзлар касаба уюшма ташкилотлари сайланма органларининг фикрини инобатга олган ҳолда назорат-режа кўрсаткичлари шакллантирилади.
Жамиятнинг ишчи-ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини олиб бориш учун зарур бўлган дам олиш масканларини ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳларини бепул фойдаланиш учун берилади.
Жамиятда энергетика тизими учун малакали кадрлар тайёрлаш, ходимлар малакасини ошириш бўйича, устивор вазифа ва талабларга мувофиқ аниқ мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Жамият раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат гуруҳлар юқори ташкилотлар (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги ва бошқалар) ҳамда Жамиятимиз ходимлардан тузилиб, турли ўқув марказларига тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун мунтазам равишда юборилади. Ҳар йили олий ўқув юртларида энергия тизими учун энергетика мутахассисликлари бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрланади.
2021 йилга “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда умумий ишловчи ходимлар сони 4 720 та ва иш ҳақи фонди ижтимоий солиқни ҳисобга олган ҳолда 215,6 млрд.сўм ташкил этмоқда.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфида 90 ўринлик ва кўп тармоқли поликлиникаси мавжуд бўлган “Тошкент тиббий санитария қисми” тиббий муассасаси, 80 ўринли ва кўп тармоқли поликлиникаси мавжуд бўлган “Наманган тиббий санитария қисми” муассасаси, Фарғона вилоятида жойлашган 114 ўринли “Нурафшон” санаторияси, Қашқадарё вилоятида жойлашган 20 ўринли “Азамат” спорт-соғломлаштириш маркази, Наманган вилоятида жойлашган 120 ўринли “Нурчи” дам олиш уйи, Тошкент шаҳрида жойлашган 9 та катта теннис кортларига эга бўлган “Учқун” спорт комплекси ва Тошкент вилоятининг “Тошкент денгизи” сув ҳавзаси қирғоғида жойлашган “Қалдирғоч” дам олиш маскани фаолият юритмоқда. Тошкент ва Наманган тиббий-санитария қисмларида, “Азамат” спорт-соғломлаштириш марказида Жамият ходимлари бепул ва ходимларнинг оила аъзолари 50 фоизлик имтиёз асосида, “Нурафшон” санаторияси, “Нурчи” дам олиш уйида Жамият ходимлари 30 фоизлик ва уларнинг оила аъзолари 50 фоизлик имтиёз асосида соғликлари тикланиб келинмоқда. “Учқун” спорт комплексида катта теннис билан шуғулланишни хоҳлаган Акциядорлик жамияти ходимларига бепул ва уларнинг оила аъзоларига 50 фоизлик имтиёз яратиб берилган. 25 210 дан ортиқ техник ва бадиий адабиётларга эга бўлган 1 та кутубхона ходимларга хизмат кўрсатмоқда.
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ ва бирлашган касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2019–2021 йиллар учун Жамоа шартномаси тузилган бўлиб, унда жуда кўп ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларни бажарилиши назарда тутилган.
Ходимлар меҳнат таътилига чиққанида соғликларини тиклаш учун бир лавозим маошидан меҳнат таътилига қўшимча тўлов берилади.
Пандемия даврида COVID-19 касаллигига чалинган ходимларни соғлигини тиклашлари учун Иш берувчи ва бирлашган касаба уюшма ташкилотлари томонидан ходимларга дори-дармонларига моддий ёрдам кўрсатилди.
Икки ва ундан ортиқ мактаб ёшидаги фарзандлари бўлган ёлғиз оналарни фарзандларига ўқув-қуроллари харид қилиб берилди. Мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказиш зарур бўлган ходимларни соғлигини тиклаш учун жарроҳлик амалиёти ҳаражатлари қоплаб берилди.
Ходимларга пенсияга кетиши ва юбилей ёшига тўлиши муносабати билан бир марталик рағбатлантирув тўловлари берилади. Байрам кунлари муносабати билан Жамиятнинг барча ходимларига рағбатлантирув пули бериляпти. Жамиятнинг ходимларига қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари (картошка, пиёз ва бошкалар...) харид қилишга моддий ёрдам ажратилади.
Жамиятнинг ходимларига ҳар ойда овқатланиш харажатларини қоплаб берилади. Йил якунлари бўйича, Жамиятнинг фойдаси ҳисобидан ходимларга рағбатлантириш пули берилди. Хизмат қилган йиллари учун ходимларга ҳар ойда рағбатлантирув маблағлари берилади.
Мехнат муҳофазаси бўйича ўқув семинарлар ташкил этилди. Ходимлар ўртасида касб касалликларини олдини олиш ва ходимнинг соғлигига шикаст етказилишининг олдини олиш мақсадида иш жойларини шаҳодатлаш ўтказилди. Ва аниқланган оғир ва зарарли иш ўринларида меҳнат қиладиган ходимларга меҳнат муҳофазаси қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар асосида имтиёз ва кафолатлар белгиланди. Оғир ва зарарли меҳнат шароитларини бартараф этиш бўйича доимий назорат ўрнатилди.
Ходимлар махсус кийим, махсус пойабзал, шахсий ҳимоя воситалари ва сут истеъмол қилиниши тақазо этадиган ишлар рўйхатига асосан сут маҳсулотлари билан доимий ўз вақтида таъминланмоқда.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари Бухоро, Самарқанд ва Хива тарихий обидаларига туристик саёҳатларга олиб борилди.
Йил давомида маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари, Спартакиадалар ўтказиб келинди. Шахмат-шашка, волейбол, минифутбол, катта теннис ва стол тенниси бўйича спорт мусобақалари ўтказилди. Чўмилиш ҳавзаларига билетлар берилди.
Концерт залларига, театрларга, истироҳат боғларига чипталар бепул берилди. Байрамлар арафасида оммавий байрам тадбирлари ташкил этилиб келинди.
Жамият ва Бирлашган касаба уюшма маблағларига Ёзги мавсумда ходимларнинг 111 нафар фарзандлари Болаларни соғломлаштириш лагерларига юборилди ва мароқли дам олишлари ташкил этилди.
8-савол: Давлат ташқи қарзи — Халқаро молиялаш институтлари маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ва уларнинг натижадорлиги қандай? Хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган ишлар Акциядорлик жамиятининг умумий фаолиятида қандай самарали натижаларни кўрсатади? (далил ва рақамларда, статистик таққослаш)
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан бугунги кунда халқаро молия институтлари (ХМИ) ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (ХҲМТ) маблағлари иштирокида салмоқли ишлар бажарилмоқда.
Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ–4937-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2021–2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил давомида “Ўзбекистон МЭТ” АЖ томонидан Давлат кафолати остидаги ташқи қарзи маблағлари иштирокида умумий лойиҳа қиймати 601,7 млн. долл. бўлган 5 та йирик инвестиция лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Инвестиция лойиҳалар доирасида ХМИ ва ХҲМТ маблағларидан 2020 йилда 43,9 млн. АҚШ доллар маблағлар ўзлаштирилган бўлса жорий йил якуни бўйича 107,4 млн. АҚШ доллар (2020 йилга нисбатан қариб 2,4 марта кўпроқ) маблағлар ўзлаштириш режалаштирилган.
ХМИ ва ХҲМТ маблағлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалардан 2020 йил якуни бўйича “Тахиатош ИЭС" дан “Хоразм” ПС орқали “Саримой” аҳоли яшаш пунктигача (Хоразм вилояти) 220 кВли ЭУТ қурилиши” инвестиция лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида умумий узунлиги 340 км бўлган 220 кВли ҳаво линияси қуриб фойдаланишга топширилди ҳамда “Хоразм” ПСда жойлашган трансформаторларни янгисига алмаштириш ҳисобига қўшимча 150 МВА қўшимча қувват яратилди. Бундан ташқари модернизация лойиҳаси доирасида республикамизда жойлашган юқори кучланишли подстанцияларда олиб борилган модернизация ва реконструкция ишлари натижасида жами 1142 МВА қўшимча қувват яратилди.
2021 йил якуни бўйича “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган 500 кВли “Ғузор-Регар” (Л-507) юқори кучланишли электр узатиш тармоғини тиклаш” лойиҳаси бўйича 64 км узунликдаги 500 кВли ҳаво линияси қуриб битказилади ва модернизация лойиҳаси доирасида жами 1229 МВА қўшимча қувват яратилади.
9-савол: Истеъмолчиларни электр таъминотидан рози қилиш, яъни электр энергетика тармоғи барқарор фаолият юритиши учун, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ маъмурияти ва мутахассисларининг фикрича, қандай ишларни амалга ошириш лозим? Умуман, электр таъминоти барқарорлигига путур етказаётган омилларнинг уларнинг аҳамиятига қараб санаб беринг...
Истеъмолчиларни электр таъминотидан рози қилиш, яъни электр энергетика тармоғи барқарор фаолият юритиши учун, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан тизимли ишлар ташкил этилган. Бунга магистрал электр тармоқларини кенгайтириш, янги қувватларни ишга тушириш, мавжуд электр тармоқларини модернизация қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини тизимли равишда олиб бориш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, электр тармоқларини рақамли трансформациясини амалга ошириш, аварияларнинг олдини олиш ва иқтисодий самара билан фаолият олиб бориши учун энерготизимни диспетчерлик бошқарувини амалга ошириш, қўшни энерготизимлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтирган ҳолда частотани ростлаш, қувват ва электр энергияси танқислигини олдини олиш, электр энергияси экспорти ва импортини амалга оширишга қаратилган фаолиятни мисол келтириш мумкин.
Электр таъминоти бу шундай ҳодисаки, ҳам ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ҳам истеъмолчи томонидан масъулиятни талаб этади. Маҳсулотнинг алоҳида тури деб номланувчи электр энергиясигина истеъмол жараёнида бошқа истеъмолчиларга ёки энерготизимига ўз салбий таъсирини ўтказа оладиган ягона товардир.
Шу муносабат билан, энерготизим ҳамда магистрал электр тармоқлари оператори сифатида истеъмолчилардан қуйидагиларни сўраб қолардик:
Аввало бу ёритишда, иститишда, совутишда, овқат тайёрлашда ёки бошқа истеъмолда бўладими — электр энергтиясидан оқилона фойдаланиш ва ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймасликни;
Миллий бойлик тимсоли бўлган электр тармоқлари хўжалигини авайлаб асраш — электр тармоқлари фаолиятига ўзбошимчалик билан аралашмаслик, уларнинг тагида жойлашган экин, хас-чўпларни ёқмасликни;
Электр тармоқлари ҳимоя ҳудудида бино ва иншоотлар қурмаслик.
(Бу ҳол электр тармоқларини жорий ва мукаммал таъмирлашда ва авариявий ўчишларни бартараф этишда ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, узоқ муддатга катта ҳудудларни электр таъминоти чекланишига олиб келади).
Фойдаланилган электр энергияси тўловларини ўз вақтида амалга оширишларини сўраб қолар эдик. Бу, ўз навбатида, тармоқларнинг авариясиз ишлашини, уларни келгуси ривожлантириш таъминлаш имконини яратади.
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/19581?single
https://bugun.uz/2021/08/30/ozbekiston-qaysi-davlatlardan-elektr-import-qilishi-ochiqlandi
https://nova24.uz/news/natsionalnye-elektricheskie-seti-nazvali-potrachennuyu-summu-na-remont
https://nova24.uz/video/vyyasnilis-prichiny-chastyx-pereboev-s-elektrichestvom-v-uzbekistane
✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Телеграм каналига аъзо бўлиш учун t.me/uzmetaxborotxizmati