Ёшлар сиёсати
ПРЕЗИДЕНТ: «Бундай азму шижоатли, ватанпарвар ёшларимиз энг катта бойлигимиз, миллатимизнинг “олтин фонди”, десам, ўйлайманки, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан!»
  • 13.08.2021
  • 707

  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Токио Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви бошланди. Тантанали тадбирда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади:

  "Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Олимпия ўйинларида қўлга киритган улкан, том маънода тарихий ғалабаси билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

  Албатта, барчамиз дунёдаги энг нуфузли ана шу мусобақаларда Ўзбекистон вакилларининг ҳар бир чиқишини “ойнаи жаҳон” орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб бордик.

  Ўз навбатида, мард ва жасур спортчиларимиз ҳам бундай юксак ишончни оқлаб, халқимизга ёрқин ғалабаларни тортиқ этдилар.

  Ҳеч шубҳасиз, бу Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик шонли байрамига муносиб совға бўлди.

  Олимпиадада спортчиларимиз юксак шоҳсупаларга кўтарилиб, 3 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритдилар.

  Ҳаммамизга аёнки, Олимпия ўйинларида ер юзининг энг зўр, манаман деган спорт усталари иштирок этади.

  Сизлар дунё тан олган спортчилар билан мардона олишиб, уларнинг ўзини ҳам, улар эришган натижаларни ҳам ортда қолдириб, 3 та Олимпия рекордини янгилаб, жаҳон спортида ҳам ёрқин саҳифа очдингиз.

  Мамлакатимиз жамоаси 200 дан зиёд давлатдан келган энг кучли спортчилар орасида умумжамоа ҳисобида – ўттиз иккинчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида – иккинчи, Марказий Осиёда эса – биринчи ўринни эгаллади. Бу чиндан ҳам ўзбек спорти тарихидаги улкан натижадир."

Давлатимиз раҳбари Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига, уларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирди:

"Бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган қаҳрамон ўғлонларимиз – Токио Олимпиадаси ғолиблари ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак арзийди, албатта.

Жамоамизга илк олтин медални тақдим этган 19 ёшли спортчимиз, таэквондо устаси Улуғбек Рашидовга ва унинг даврамизда иштирок этаётган ҳурматли отаси Исматилла Рашидов ҳамда онаси Оксана Даниленкога эл-юртимиз номидан ташаккур билдирамиз.

Улуғбек Ўзбекистон тарихида Олимпия олтин медалини қўлга киритган энг ёш спортчи сифатида ном қозонди.

Маҳоратли полвонимиз Акбар Жўраевнинг умумий ҳисобда 430 килограммлик маррани эгаллаб, Олимпия рекордини ўрнатгани ва иккинчи олтин медални қўлга киритгани барчамизга улкан қувонч бағишлади.

Мана шундай мард ва паҳлавон йигитни тарбиялаган Акбаржоннинг онаси Норматова Ҳафизахон синглимизга самимий раҳматимизни айтамиз.

Алпомишлар юрти – Сурхон заминида туғилган енгилмас спортчимиз Баҳодир Жалоловни ҳаммамиз яхши биламиз.

Исми жисмига мос бу азамат йигит ва унинг меҳрибон онаси Сабоҳат Жалоловани барчамиз қизғин қутлаймиз. Мен улар билан аввал ҳам учрашиб, самимий суҳбатлашганимни ҳамиша яхши таассуротлар билан эслайман.

Баҳодир азиз онасига, халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, Ватанимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди. Шу тариқа ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини янада юксак босқичга олиб чиқди.

Миллий дзюдо мактабимизнинг забардаст вакили Давлат Бобонов ва маҳоратли эркин курашчимиз Беҳзод Абдураҳмоновни кескин беллашувларда бронза медалларини қўлга киритганлари билан қутлаймиз.

Бугун даврамизда Давлатжоннинг ота-онаси Ҳусниддин ака ва Нурияхон опа, Беҳзоджоннинг отаси Муҳаммаджон Абдураҳмонов ва онаси Муҳаббатхон иштирок этишяпти.

Мана шундай ботир ўғлонларни тарбиялаб вояга етказгани учун уларнинг ота-оналари ва устозларига чин юракдан ташаккур изҳор этамиз".

Президентимиз янги Ўзбекистон спортчилари ҳақида:

"Томирларида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Бобур каби буюк аждодларимизнинг куч-ғайрати жўш уриб турган, уларга ҳар томонлама муносиб бўлган авлодгина бундай улкан ишларга қодир бўлади.

Бугунги кунда бутун Ўзбекистон сизлар каби баҳодир ўғлонларини олқишламоқда, жаҳон аҳли сизларга тан бермоқда.

Мен доимо бир фикрни такрорлашдан чарчамайман. Биз ўзимизнинг ҳалол меҳнатимиз, ақл-заковатимиз, қатъият ва иродамиз билан дунё аҳли бизни тан олиши, эътироф этишига эришишимиз керак.

Янги Ўзбекистонни янги ғалабалар билан бутун дунёга танитаётган спортчиларимизнинг беқиёс ютуқлари мана шу йўлда яна бир муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Бундай азму шижоатли, ватанпарвар ёшларимиз энг катта бойлигимиз, миллатимизнинг “олтин фонди”, десам, ўйлайманки, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан".

Давлатимиз раҳбари юртдошларимизнинг муваффақиятига хизмат қилган омиллар тўғрисида:

"Бу йилги Олимпия ўйинлари қандай қийин ва мураккаб вазиятда ўтганини албатта барчамиз яхши биламиз.

Жаҳон миқёсида давом этаётган пандемия, аввало, спортчилар учун кутилмаган жисмоний ва руҳий муаммоларни келтириб чиқарди.

Мавжуд шароитдан келиб чиқиб, кўплаб мусобақалар мухлислар иштирокисиз ўтди. Бундай ҳолат ҳам Олимпиада тарихида авваллари ҳеч қачон кузатилмаган ҳодисадир.

Ана шундай ўта оғир вазиятда Ўзбекистон спортчилари фақат ғалаба сари интилиб, ҳақиқий мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларига барчамиз гувоҳ бўлдик.

  Фарзандларимиз она халқимизнинг меҳри ва ишончи, миллионлаб мухлисларнинг қўллаб-қувватлашини ҳар дақиқа юрак-юракдан ҳис этиб турдилар ва бу уларга чексиз куч ва мадад берди.

  Фурсатдан фойдаланиб, Токиодаги мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган, барчамизга ҳаяжонли ва унутилмас дамларни тақдим этган Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг барча аъзолари ва устоз-мураббийларга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий миннатдорчилик билдираман.

Албатта, эришилган натижаларда Олимпия ўйинларига олдиндан пухта тайёргарлик кўрилгани, бунинг учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

  Ана шундай эътибор туфайли Ўзбекистон вакиллари 17 та спорт тури бўйича 71 та олимпия йўлланмасини қўлга киритганлари ҳам миллий спортимиз тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир".

Президент Шавкат Мирзиёев юртимизда аёллар спорти ҳам жадал ривожланаётганини қайд этди:

  "Яна бир муҳим жиҳати – аёллар ўртасида спортни ривожлантириш мақсадида амалга ошираётган катта ишларимиз ижобий натижа бермоқда. Буни 28 нафар спортчи хотин-қизларимиз Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритгани ҳам тасдиқлайди.

Таъкидлаш керакки, бу мустақил Ўзбекистон тарихидаги рекорд натижадир.

Боксчи қизларимиз илк бор Олимпиадага 3 та йўлланмани қўлга киритишди. Натижада бокс бўйича жами лицензиялар сони 11 тани ташкил этди.

Ушбу Олимпия ўйинларида фақат учта давлат шунча боксчи билан иштирок этганини ҳисобга олсак, бу ҳам албатта алоҳида эътиборга лойиқ кўрсаткич.

Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда олимпия ҳаракати тобора ривожланиб, янги, юксак босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.

  Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Токио Олимиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз таълим олган мактаб ва олий ўқув юртларида, вояга етган маҳаллаларда уларнинг ибратли фаолиятини тарғиб этишга бағишланган кўргазмалар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади".

  Президент Шавкат Мирзиёев кўп йиллар давомида спорт гимнастикаси билан шуғулланиб, халқаро миқёсда шуҳрат қозонган ажойиб спортчимиз – Оксана Чусовитинанинг хизматларини алоҳида ҳурмат билан тилга олди.

  Чусовитинанинг илк Олимпиадаси 1992 йилда Барселона шаҳрида ўтган. Ўшандан буён у Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини узлуксиз ва кетма-кет саккиз марта қўлга киритди. Бу жаҳон спортида ҳақиқатдан бетакрор ҳолат бўлиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

  Оксана Александровнанинг навбатдаги иштироки Токио Олимпиадасининг муҳим воқеаси сифатида эътироф этилди. Дунё ҳамжамияти Оксананинг чиқишини катта завқ ва ҳаяжон билан кузатар экан, Чусовитинанинг матонатига, ўз ишига бўлган садоқатига тан берди, деди давлатимиз раҳбари.

"Ҳаётини спортга, бундай йирик мусобақада муваффақиятга эришишдек мақсадга бағишлаш учун зўр ирода ва фидойилик керак, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 Бундай афсонавий спортчимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг мардлиги, ғалабага бўлган қатъий интилиши ёш спортчиларимиз учун муваффақият ва шуҳрат қозонишнинг ўзига хос ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда", - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари улкан хизматлари учун Оксана Чусовитинага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилганини маълум қилди.

  Президентимиз Оксана Чусовитина мураббийлик фаолиятини муваффақиятли олиб бориб, спорт гимнастикаси бўйича янги чемпионларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишига умид билдирди.

  Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалоловнинг спорт маҳорати мактабини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шароитлар яратишга топшириқ берилди.

"Ҳурматли Оксана Александровна, Ватанимизга бўлган меҳрингиз ва садоқатингиз, спортдаги фидойилигингиз, букилмас ирода ва матонатингиз учун сизга яна бир бор катта миннатдорчилик билдираман", - деди Президентимиз.

Президент спортимизнинг Олимпия ўйинларида кашф этилган янги юлдузлари ҳақида:

"Бу галги Олимпиада биз учун спорт оламида бир қатор янги истеъдод соҳибларини, янги Ўзбекистоннинг янги қаҳрамонларини кашф қилиб берганини таъкидлаш лозим.

  Хусусан, 18 ёшли спортчи қизимиз, қорақалпоқ элининг муносиб фарзанди Зайнаб Дайибекова қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта Олимпиада қатнашчиси деган шарафга сазовор бўлди.

Энг муҳими, у мусобақаларнинг иккинчи даврасида Осиё ўйинларининг финалчиси, дунё рейтингида 3-ўринда бораётган хитойлик тажрибали спортчини мағлуб этди.

Мен ишонаман, Зайнаб қизимиз келгуси Олимпия ўйинларида янада фаол иштирок этиб, ўзининг тиришқоқлиги билан Ўзбекистонимизга албатта олтин медаль олиб келади. 

Ўн тўққиз ёшли Кумушхон Файзуллаева эса 76 килограммгача вазн тоифасидаги қизлар ўртасида оғир атлетика баҳсларининг энг ёш иштирокчиси сифатида эътироф этилди.

Таъкидлаш лозимки, дунё миқёсида камдан-кам спортчи бу ёшда Олимпия ўйинларида иштирок этиш шарафига муяссар бўлади. 

  Шунингдек, умидли боксчимиз Турсуной Раҳимова ҳамда Олимпиада ўйинларида оғир атлетика бўйича янги рекордни ўрнатган қизимиз Муаттар Набиеванинг чиқишлари ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

  Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси юртимизда ёш авлод тарбиясига, жисмоний тарбия ва спорт ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва амалий ғамхўрлик натижасидир.

Ҳурматли дўстлар, мана, кўриб турибсизлар – Ўзбекистоннинг жасур спортчи қизлари халқаро майдонларга дадил кириб келмоқда. Барчамиз уларга чин қалбдан тасанно айтамиз.

  Айни вақтда мен спортчи йигитларимизга қараб айтмоқчиман: агар қаттиқ ғайрат қилмасаларингиз, қизларимиз ҳадемай сизлардан ўтиб кетади".

  Президентимиз олимпия терма жамоамиз аъзоларини рағбатлантириш тўғрисида:

  "Албатта, жаҳоннинг энг йирик спорт мусобақаси бўлмиш Олимпия ўйинларида иштирок этишнинг ўзи катта шараф ва масъулият. Буни барчамиз яхши тушунамиз. Бунинг учун қанча оғир довонлардан, машаққатли синовлардан ўтиш талаб этилади.

Бу гал омади келмаган спортчиларимизга қарата, руҳингиз тушмасин, келгуси сафар бахт сизларга албатта кулиб боқади, деб ишонч билдирмоқчиман.

Улар ҳам кескин баҳсларда ғайрат ва шижоат билан кураш олиб бориб, катта синовларда ўз салоҳиятини намоён этганлари биз учун муҳимдир. Шунинг учун уларни ҳам ғолиблар қаторида кўриб, чин дилдан олқишлаймиз.

Биз Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг тренерлари ҳамда барча иштирокчиларни муносиб тақдирлашга қарор қилдик.

Ўзбекистонда Олимпиада олтин медали соҳиблари – 200 минг АҚШ долларидан, бронза медали эгалари – 50 минг АҚШ долларидан мукофот пули билан тақдирланиши белгилаб қўйилганидан хабарингиз бор, албатта.

Бугун ғолиб ва совриндор спортчиларимизни тайёрлашда чинакам фидойилик кўрсатган Тўлқин Қиличев, Павел Хан, Фарҳод Мирзажанов, Нурали Қобулов, Музаффар Абдураҳмонов каби тажрибали мураббийларнинг номларини чуқур ҳурмат билан тилга оламиз.

Биз Олимпия чемпионларининг тренерларини – 40 минг АҚШ долларидан, бронза медаль соҳибларининг мураббийларини 20 минг АҚШ долларидан мукофотлашни лозим деб топдик.

Агар Олимпиадада иштирок этган ҳар бир спортчи кўп йиллик оғир тайёргарлик жараёнидан ўтишини кўз олдимизга келтирсак, улар ҳам бугун ғолиблар қаторида тақдирланишга муносиб эканига амин бўламиз.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, бу спортчиларимизнинг ҳар бирини 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантиришга қарор қилдик".

Давлатимиз раҳбари Токио Олимпиадасида эришилган ютуқ ва йўлга қўйилган камчиликларни сарҳисоб қилди:

"Шу ўринда Олимпия ўйинларида жамоавий спорт турлари бўйича сезиларли натижага эриша олмаганимизни очиқ тан олишимиз керак. Бу ҳол мутасадди раҳбарларни жиддий ўйлантириши зарур.

  Агар кимдир, бундан кейин ҳам олдинги Олимпия ўйинларида бўлгани каби, фақат яккакураш спорт турлари ҳисобидан ютуқларга эришамиз, деб ўйласа, адашади. Билиб қўйинглар, бу – мутлақо нотўғри ёндашув.

  Бўлғуси Олимпиада олдидан футбол, баскетбол, гандбол, чим устида хоккей, регби, волейбол сингари жамоавий спорт турлари бўйича ҳам йўлланмаларни қўлга киритиш асосий мақсадимиз бўлиши зарур.

  Шу мақсадда спорт менежменти бўйича нуфузли халқаро компаниялардан бирини жалб этган ҳолда, мамлакатимизда ушбу соҳада бошқарув тизимининг ҳар бир бўғинини аудитдан ўтказиш мақсадга мувофиқ.

  Абдуҳакимов Миллий олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда жорий йил якунига қадар аудит натижаларига асосан жисмоний тарбия ва спортни ҳамда спорт федерациялари бошқарув тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб киритсин".

Президент Шавкат Мирзиёев навбатдаги Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш доирасида кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида:

  "Парижда бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Олимпиадага 100 дан зиёд лицензияни қўлга киритиш ва медаллар бўйича етакчи 15 та мамлакат қаторидан жой олиш учун ҳамма имкониятларимиз бор.

  Ҳар бир ҳудуд кесимида Олимпиада ўйинларига ҳозирлик кўриш дастурларини ишлаб чиқиб, уни тизимли ташкил этиш керак.

  Спорт таълим муассасаларида Паралимпия бўлимларини ташкил этиб, уларга 10 фоиз қўшимча квоталар ажратиш яхши натижа бериши мумкин.

  Спортчиларни ўқитишда ота-оналар томонидан пул тўлаш тартибини бекор қилиш зарур. Шунингдек, битирувчиларни олий таълим муассасаларига жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари бўйича давлат гранти асосида тўғридан-тўғри иккинчи босқичга, имтиҳон синовларисиз қабул қилиш тизимини ҳам жорий этишимиз керак.

  Шу ўринда катта харажатлар эвазига хориждан спортчиларни (легионер) олиб келиш тажрибаси унчалик ҳам ўзини оқламаётганини очиқ айтишимиз керак.

  Бундай амалиётдан воз кечиб, маҳаллий спортчиларимизни тарбиялашга жиддий эътибор қаратадиган пайт келди.

 Хориждан легионерлар эмас, етук мутахассисларни ҳамда спортчиларни тайёрлаш методикасини олиб келиш керак".

  Давлатимиз раҳбари спорт мактаблари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида:

  "Бугунги кунда республикамизда 329 та спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда.

  Уларда 13 минг нафардан зиёд тренерлар қўл остида 328 мингдан ортиқ ёшлар спортнинг 30 дан ортиқ тури бўйича мунтазам шуғулланмоқда.

  Бироқ ана шу мактабларнинг ҳаммаси ҳам самарали фаолият кўрсатмаяпти. Аксарият спорт мактабларидан биронта республика чемпиони етишиб чиқмагани ҳам фикримизнинг далилидир.

 Ҳолбуки, олимпия захиралари коллежларида 7 минг нафар бола таълим олмоқда. Уларнинг ўқиши учун бюджетдан қанча маблағ берилади. Лекин уларнинг орасида атиги 70 нафари Олимпиада қатнашчиси бўлиши – бу албатта қониқарсиздир.

  Шунинг учун 2021 йилдан бошлаб ҳар бир спорт мактабига давлат буюртмаси бериш тизимини жорий этиш лозим.

  Бунда спорт мактаблари томонидан ҳар йили “спорт усталигига номзод”, “спорт устаси”, “халқаро тоифадаги спорт устаси” каби разряд ва унвонларга эга бўлган спортчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу тизим орқали спорт мактабларининг рейтинги юритилади ва уларнинг фаолиятига шу асосда баҳо берилади".

Президент миллий чемпионатлар савияси ва спортчиларни тайёрлаш тизимини яхшилаш вазифасини қўйди:

  "Спорт турлари бўйича ўтказилаётган мамлакат чемпионатларининг савияси тушиб кетган. Энг ачинарлиси, бу соҳада коррупция ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

  Масалан, спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичлари ўтказилмасдан, фақатгина маълум бир тоифадаги спортчиларни республика босқичига олиб келиш одатий ҳолга айланган. Шу боис чемпионатларимизда кучли спортчилар жуда кам, рақобат деярли йўқ.

Спорт йўналишидаги вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун соҳада биринчи навбатда давлат бошқарувини янада такомиллаштириш талаб этилади.

  А.Арипов бир ой муддатда Туризм ва спорт вазирлигининг тузилмасини қайта кўриб чиқиш ҳамда жамоавий спорт мусобақаларини ўтказишни такомиллаштириш юзасидан тегишли қарор лойиҳасини киритсин.

  Олимпия захирасидаги спортчиларнинг жисмоний, тиббий ва психологик ҳолати ҳамда фармакологик таъминотини яхшилаш, бунда илғор хорижий тажриба билан бирга, илмий ёндашув ва халқ табобатини қўллаш муҳим ҳисобланади.

  Спортчиларнинг жисмоний ва руҳий тикланишига ёрдам берадиган, уларнинг саломатлиги ва жисмоний қобилиятига ижобий таъсир этадиган маҳаллий озиқ-овқатлар рўйхати ҳамда оптимал овқатланиш рационларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш лозим.

Олимпия терма жамоалари спортчиларининг руҳий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим.

Чунки спортчининг руҳий тайёргарлиги, ўзига ишончи қанчалик кучли бўлса, албатта, натижа ҳам шунча яхши бўлади.

Шу мақсадда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида спорт психологияси ва диетологияси бўлимларини ташкил этиш лозим".

  Президент Шавкат Мирзиёев Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, нуфузли халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг тренерларини рағбатлантиришнинг замонавий тизимини жорий этиш зарурлигини қайд этди:

  "Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларини ҳамда уларни ана шу мусобақаларга тайёрлаган мураббийларни ҳам рағбатлантиришни кенгайтирамиз.

  Бунда олтин медал совриндорига – 3 минг доллар, тренерига – 2 минг доллар, кумуш медаль соҳибига – 2 минг доллар, тренерига 1 минг доллар, бронза медали учун – 1 минг доллар, тренерига – 500 доллар миқдорида мукофот пули берилади.

  Бундан ташқари, нуфузли халқаро чемпионатлар ғолибларининг устозлари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвонлари билан тақдирланади.

  Абдуҳакимов, Ишметов Миллий олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда спортни молиялаштириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиб, уни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш юзасидан таклиф киритсин.

  Бунда ушбу жараённинг шаффоф бўлиши ҳамда сарфланган маблағларнинг натижадорлигига, иқтидорли спортчиларни тайёрлаган биринчи тренерларни ҳам моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилсин".

  Давлатимиз раҳбари спорт соҳасини рақамлаштириш ва инфратузилмасини яхшилаш борасидаги вазифаларни белгилаб берди:

"Ҳудудларда иқтидорли спортчи ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда Ўзбекистон чемпионатларини ташкил этиш ишларини тўлиқ рақамлаштириш зарур.

Бу, ўз навбатида, олимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларга спортчиларни жалб қилиш тизимини адолатли ташкил этишга хизмат қилади.

  Содиқов, Абдуҳакимов йил якунига қадар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Олимпия захиралари спорт платформасини ишга туширсин.

  Биз Олимпия ва Паралимпия захираларини тайёрлаш учун муносиб шароитлар яратиш ва 2024 йилгача спорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича давлат дастурини амалга оширамиз.

  Спорт муассасаларидаги эскирган жиҳозларнинг қарийб 50 фоизи янгиланади.

  Ҳозирги вақтда 2025 йили Тошкентда ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларини юқори савияда ташкил эт иш мақсадида “Олимпия ва Паралимпия шаҳарчаси”ни барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Ушбу шаҳарча ҳудудида бокс, спорт курашлари, сув спорти, эшкак эшиш каби федерациялар учун ҳам тайёргарлик марказлари ташкил этилади.

  Ишонаманки, энг замонавий шароит ва технологияларга эга бўладиган мазкур иншоот Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги янги қиёфасини ўзида мужассам этадиган йирик мажмуа бўлади".

Президент Шавкат Мирзиёев паралимпиячиларимизга бўлажак мусобақаларда омад тилади:

  "Кейинги йилларда мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг халқаро турнирларда муносиб иштирок этишини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим жорий қилинди.

  Биз бундан буён Олимпия ва Паралимпия спортини яхлит бир тизим сифатида кўрамиз, улар учун кенг шароит ва имкониятлар ҳамда рағбатлантириш тизимини яратамиз.  

  Хабарингиз бор, 24 август куни Токиода ёзги Паралимпия ўйинлари бошланади. Ушбу нуфузли мусобақада ҳам вакилларимиз муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қиладилар, деб ишонамиз.

Бугунги тантанали маросимда бир гуруҳ паралимпия спортчиларимиз ҳам қатнашмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, бўлғуси мусобақаларда уларнинг барчасига омад ва зафарлар тилаб қоламиз".

  Давлатимиз раҳбари олимпиячиларимизга мурожаат қилиб, улар эришган ютуқлар билан чекланмасдан, бу борадаги шонли анъаналаримизни муносиб давом эттириши ва жаҳондаги энг нуфузли мусобақаларда янги Ўзбекистонимиз байроғини янада баланд кўтаришига ишонч билдирди.

  Айни вақтда Токио Олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларига давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари тантанали равишда топширилмоқда.

Манба:  https://t.me/Press_Secretary_Uz

https://t.me/Press_Secretary_Uz/510

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>