Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4971-сонли қарори ижроси: “CENERGO” МЧЖ тақдимоти, Инвестицион лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири бўйича оммавий эшитув, “Фидокор” МФЙ фаоллари билан мулоқот
  • 25.03.2021
  • 791

  Маълумки, мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб-эҳтиёж йилдан-йилга, мавсумдан-мавсумга, таъбир жоиз бўлса, кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу эҳтиёж аҳоли сонининг кўпайиши, халқимиз турмуш тарзининг юксалиши, юртимизда ишлаб чиқариш, хусусан ўрта ва кичик бизнес ривожи билан бир қаторда йирик саноат корхоналарининг сони кўпайиб бораётгани билан асосланади.

 

  «ДОИМИЙ МАВСУМ»

  Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ўтказилган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида видеоселектор йиғилишда сўз олган Энергетика вазири Алишер Султонов “Энергетика соҳасида ўзимиз учун куз-қиш мавсумини унутдик. Бизларда энди доимий мавсум” дея энергоресурсларга нисбатан ортиб бораётган талаб даражасини шу сўзлар ифодасида изоҳлади.

  Шунингдек, мазкур видеоселектор йиғилишида қай этилганидек, жорий йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 508 километр газ тармоқлари ва 1677 та газ тақсимлаш пунктлари таъмирланади. Бундан ташқари, 60 фоиз маҳаллаларда электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 4 мингдан ортиқ трансформатор янгиланади.

  Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/6361

  Бу ҳақда батафсил: Қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш бўйича ишлар белгилаб олинди

  http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/870

  Ўзбекистон энергетика соҳасида, хусусан электр энергетика тармоғида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хориж молия институтларининг инвестиция маблағлари жалб этилиб, тармоқда йирик қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция ишлари олиб борилмоқда.  Биргина Қашқадарё вилоятида олиб борилган ишлар кўлами ҳақида кечаги мақола орқали батафсил маълумот тақдим этдик.

  Бу ҳақда батафсил: Қашқадарё вилояти истеъмолчиларининг электр таъминоти яхшиланиши учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

  http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/866

 

  Навбат Тошкент вилоятига. Аниқроғи вилоятнинг Қибрай туманида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар хусусида...

  Бир сўз билан айтганда, Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 150 млн. АҚШ доллари (тўғридан-тўғри хорижий инвестиция) ҳисобида. Давлат-хусусий шекриклиги асосида (қуриш, эгалик ва эксплуатация қилиш) амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг ҳуқуқий асосини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 февралда қабул қилинган ПҚ-4971-сон қарори ташкил этади.

Toshkent viloyatida quvvati 240 MVt bo‘lgan navbatdagi issiqlik elektr stansiyasi qurilishini tashkil etish chora-tadbirlari to‘g‘risida https://lex.uz/docs/-5260682
Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган навбатдаги иссиқлик электр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида https://lex.uz/docs/5260682
О мерах по организации строительства очередной тепловой электростанции мощностью 240 МВт в Ташкентской области https://lex.uz/docs/5260685
 

  КЕЛИШУВ БИТИМЛАРИ

  Дастлаб лойиҳани амалга оширувчи “CENERGO” МЧЖ маҳаллий лойиҳа компанияси ташкил этилди. Сўнгра инвестор кормпания — Cengiz Enerji ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида Инвестиция келишуви, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти билан “Электр энергиясини харид қилиш келишув битим”лари имзоланди. Лойиҳа ҳужжатлари тегишли тартибда қайд этилганидан сўнг Электр энергияси, табиий газ ва техник сув уланиш нуқталари аниқланди. Шу билан бирга, айни пайтда Лойиҳани амалга ошириш бўйича Тошкент вилояти Қибрай тумани “Тошкент ИЭС” АЖ ёнидан 4,5 гектар ер ажратиш чоралари кўрилмоқда.

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ПҚ-4971-сон қарорининг бир нечта бандларида «Ўзбекистон МЭТ” АЖ зиммасига бир қатор вазифа-топшириқлар юклатилган бўлиб, Акциядорлик жамияти мутасаддилар уларнинг ижросини босқичма-босқич амалга ошириб келмоқдалар.

 

  Демак, Лойиҳа қуввати 240 МВт бўлиб, уни совуқ ҳолатда ишга тушириш муддати 2021 йилнинг декабрь ойига режалаштирилган. Шуниси аҳамиятлики, қурилажак буғ-газ қурилмасининг фойдали иш коэффициенти 51 % ни ташкил этади. Бу унинг рақамли технологияларга асосланган замонавий жиҳозлардан таркиб топганлигидан далолат. 240 МВт бўлган буғ-газ (ёпиқ циклли) иссиқлик электр станцияси бир йилда ўртача 1,9 млрд. кВт•соат ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Қарор бўйича электр энергиясини сотиб олиш битимининг муддати 25 йил этиб белгиланган ва, энг муҳими, Лойиҳа доирасида 400 та янги иш ўринлари яратилади.

  ОММАВИЙ ЭШИТУВ

  Кеча, 2021 йил 24 март куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “Фидокор” маҳалла фуқаролари йиғини фаоллари билан лойиҳанинг экологик муҳитга таъсири юзасидан ОММАВИЙ ЭШИТУВ тадбири ўтказилди. Унда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятидан Ахборот хизматининг раҳбари ҳамда Мустақил электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси иштирок этди.

  Хуллас, Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган ёпиқ циклдаги иссиқлик электр станциясининг қурилиши ҳар бири 100 МВт қувватга эга 2 та газ турбина агрегати ва 40 МВт қувватга эга битта буғ турбинаси агрегатини ўрнатиш билан тўлиқ цикл 240 МВт қувватга эга инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутади.

 

                 Лойиҳанинг асосий мақсадлари:

Мамлакат энергетика саноатининг жадал ривожланишини ва рақобатбардошлигини оширишни таъминлаш;
Янги ишлаб чиқариш қувватларини қуришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
Электр ва иссиқликка ресурсларига тобора ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш;
Ёқилғи сарфининг ўзига хос кўрсаткичларининг пасайиши;
Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш;
Атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш;
Иссиқхона газлари чиқишини камайтириш.

  Шунингдек, ИЭС қурилиши учун атроф-муҳитга таъсирини баҳоланиши ва шу борада жамоат эшитуви — Халқаро молия ташкилотларининг «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар» талабларига мувофиқ, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги (Ўзбекистон Республикасининг «Экологик экспертиза тўғрисида»ги қонуни)га мувофиқ ҳолда ўтказилади.

 

  АТМОСФЕРА ҲАВОСИГА ТАЪСИРИ

  Атмосфера ҳавосига таъсир табиий газнинг ёниши натижасида юзага келади. Уч турдаги ифлослантирувчи моддаларнинг (азот оксиди, азот диоксиди, углерод оксиди) умумий эмиссияси йилига 1128 тоннани ташкил қилади. Чиқариш баландлиги 35 метр бўлган иккита қувур орқали амалга оширилади.

  Ёқилғи ёқиш учун буғ-газ илғор технологиялардан, шунингдек, газ турбинасининг ёниш камерасига минераллаштирилган сувни юбориш орқали азот оксидларини бостириш бўйича техник ечимлардан фойдаланилиши туфайли, қурилманинг чиқинди газларидаги NОх концентрацияси 55 мг/м3 дан ошмайди ва бу Давлат экология қўмитаси томонидан белгиланган меъёрларга бутунлай жавоб беради Умуман олганда, ушбу кўрсаткич Ўзбекистонда ишлайдиган эскирган энергия блокларидан ўртача 2,2 баробар паст.

  ТЕХНИК СУВ ТАЪМИНОТИ

  - Янги ИЭСни техник сув билан таъминлаш учун Бўз-сувдан келиб чиққан Тошкент ИЭС таъминот каналининг сувидан фойдаланиш режалаштирилган;

  - Ишлаб чиқариш учун зарур бўлган соатлик сув сарфи 600 м3/соатни ташкил қилади. Сувнинг катта қисми ускуналарни совутиш (турбинанинг конденсаторлари, ёғ ва ҳаво совутгичлари, ҳаракатланувчи механизмлар ва бошқалар), шунингдек, сувни тозалаш тизимига (буғ ва конденсат ёқотишларини тўлдириш учун), газ турбиналаридаги азот оксидларини бостириш учун сув пуркаш учун ишлатилади;

  - Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 6 июндаги 837-ХП-сонли «Сув ​​ва сувдан фойдаланиш тўғрисида» ги қонунига мувофиқ ва ушбу минтақада сув танқислиги сабабли, фан совутиш миноралари (градирня) ёрдамида техник сув таъминоти тескари (ёпиқ) тизим билан таъминланган.

 

  Бундан ташқари,

  - Совутиш минораси шамоллатувчи сувлари, буғ-фан қурилмалари ва ёғли оқава сувлар — технологик чиқинди сувларига киради. Саноат чиқинди сувларининг умумий ҳажми 100,0 м3/соат ёки йилига 780,0 минг метр/кубни ташкил қилади;

  - Саноат чиқинди сувлари ҳажми қуйидагича ҳосил бўлади: совутиш минораси оқадиган сув, буғ-газ қурилмалари суви, ва ёғли оқава сув;

  - Совутиш минорасидан чиқадиган чиқинди сувлари шартли равишда тозаланади;

  - Чиқарилган сувнинг сифати ва ҳароратини янги ИЭС кучлари томонидан балиқ овлаш аҳамиятига эга сув ҳавзасига рухсат этилган сув қуйиш меъёрларига мувофиқ (энг юқори тозаликда) назорат қилиш режалаштирилган.

  Чиқинди сувлари Боз-сув каналига юқорида келтирилган нормаларга мувофиқ тозалаш жараёнидан ўтган ҳолда чиқарилади.

 

  ЧИҚИНДИЛАРИНИ ҚАЙТА ИШЛАШ

ИЭСнинг хавфли ва қаттиқ чиқиндиларининг таъсирини камайтириш учун чиқиндиларни бошқариш режаси ишлаб чиқилмоқда;
ИЭС чиқиндиларини бошқариш режаси чиқиндиларни ҳосил бўлиш миқдорини, уларнинг хавфлилигини камайтириш ва чиқиндиларни йўқ қилиш жойлари самарадорлигини оширишдан иборат.

  АКУСТИК ТАЪСИРИ

  Шовқинни бостириш усулларини қўллаганлиги сабабли, буғ-газ ускунасидан кутилаётган шовқин даражаси амалдаги халқаро стандартлардан (ускунадан 1 м масофада 85 дБА) ва Ўзбекистон стандартларидаги КМК 2.01.08-96 бўйича (аҳоли турар жойларига яқин жойларда тунда 45 дБА дан ва кун давомида 55 дБА дан ошмаслиги керак) ва 0325-16-сонли СанПиН «Иш жойларида рухсат этилган шовқиннинг санитария меъёрлари» (доимий иш жойларида 80 дБА дан кўп бўлмаслиги керак)га мувофиқ юқори бўлмайди.

 

  ИЭСни ишлатишда шовқиннинг яқин атрофдаги объектларга таъсирини аниқлаш учун бешта нуқта олинди:

  - 1-нуқта — энг яқин турар-жой биноси №1 (шарқий томони);

  - 2-нуқта — энг яқин турар-жой биноси №2 (шарқий томони);

  - 3-нуқта — энг яқин турар-жой биноси №3 (жанубий томони);

  - 4-нуқта — турар-жой майдони (шарқий томони, "МУ-4" корхонаси ёнида);

  - 5-нуқта — маҳалла қўмитаси биноси (жануби-шарқий томони).

  Буғ-газ ускунасидан шовқин даражасини бошқариш ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади.

 

  АТРОФ-МУҲИТГА ТАЪСИРИ

  Қурилиш жараёнида:

     - Ҳавонинг сифатини назорат қилиш;

     - Сув сифатини назорат қилиш;

     - Чиқинди сувларнинг пайдо бўлиши ва чиқарилишини назорат қилиш;

     - Чиқиндиларни тўпланиши ва ҳаракатланишини кузатиш;

     - Қурилиш ускуналаридан шовқин даражасини кузатиш ишлар назарда тутилган.

  Ишга тушиш ва ишлатилиш жараёнида:

     - Буғ-газ қурилмасининг чиқинди газларидаги ифлослантирувчи моддалар концентрацияси мониторинги;

     - Ҳавонинг сифатини назорат қилиш;

     - Ҳосил бўлган чиқинди сувларнинг сифатини назорат қилиш;

     - Сув сифатини назорат қилиш;

     - Чиқиндиларни тўпланиши ва ҳаракатланишини кузатиш;

     - ИЭС ускуналаридан шовқин даражасини кузатиш;

     - ИЭС майдони атрофида яшил зона ташкил этиш.

 

  ИЖТИМОИЙ ЖИҲАТЛАР:

     - Истеъмолчиларга ишончли ва барқарор электр таъминоти;

    - Электр ва иссиқликка бўлган талабнинг ўсишини қондириш;

     - Аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини қисман ҳал этиш (янги 400 иш ўринларини яратиш).

  Шунингдек, кадрларни янги турдаги станцияларни эксплуатация қилишнинг замонавий технологиялари кўникмалари бўйича тайёрлаш. 

 

  Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, дастлабки экологик баҳолаш натижаларида Тошкент вилояти Қибрай туманида қуввати 240 МВт бўлган ёпиқ циклдаги иссиқлик электр станциясининг қурилиши, лойиҳа томонидан белгиланган барча табиат ва ижтимоий йўналтирилган техник ечимлар атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмасликни таъминлаши назарда тутилган. Масаланинг доимий назорати ва ечими шундаки, Ўзбекистон Республикасининг стандартларига мувофиқ экологик вазият даражасини сақлаб қолиш учун атроф-муҳитга таъсирнинг барча турлари бўйича мониторинг ўтказиш зарур.

 

  Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “Фидокор” маҳалла фуқаролари йиғини фаоллари билан ўтказилган оммавий эшитувда тақдимотда кўрсатилган ва юқорида санаб ўтилган барча масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Маҳалла фаоллари, айниқса қурилиш объектига яқин масофада яшайдиган оила вакиллари маҳаллий лойиҳа компанияси — “CENERGO” МЧЖ  вакилларига ўз саволлари бериб, аҳолининг инфратизим ва ободончилик бўйича бир қанча талаблари борлигини билдиришди.

  Шунингдек, оммавий эшитувда туман экология бўлими вакиллари, маҳалла оқсоқоллари сўзга чиқишди. Маълум бўлдики, “CENERGO” МЧЖ раҳбарияти “Фидокор” МФЙ фаоллари билан яна учрашувлар ўтказиб, аҳоли талаб ва таклифларини бирма-бир ўрганиб чиқади ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ уларга ечим топади.

   Мақола тайёрланишида “CENERGO” МЧЖ нинг тақдимот материалларидан фойдаланилди.

   Улуғбек Урунов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>