Янгиликлар
«АХБОРОТ-24» ДАСТУРИ: «ХОРАЗМ» ПОДСТАНЦИЯДАГИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ДАСТУРИ ҲАМДА ТАХИАТОШДАН САРИМОЙГАЧА 220 КВЛИ ЭЛЕКТР ТАРМОҒИНИ ҚУРИШ ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАСИ ҲАҚИДА
  • 14.09.2020
  • 828

  Саноат корхоналари иқтисодиётимизнинг локомотиви ҳисобланади. Маҳаллий хомашёларни қайта ишлаш эвазига тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ички бозор эҳтиёжини тўлдириш билан бир қаторда маҳсулотларини экспортга йўналтириш имкониятига эга йирик корхоналар сони ва қувватини ошиб бориши — Президентимиз томонидан белгилаб берилган устивор йўналишдан бири эканлиги барчамизга маълум.   

 

 

 

  Электр таъминоти тизимининг барқарор фаолияти эса тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг таянчи ҳисобланади. Бу борада аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондиришдек долзарб масала борлигини ҳам унутмаслигимиз керак.

 

 

  Хўш, электр энергетикаси тизимида қандай ислоҳотлар амалга оширилмоқда? Биз мамлакатимизнинг шимолий-ғарбий қисмида, хусусан Хоразм вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан қизиқдик...

 

 

  «Ўзбекистон» миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти истеъмолчилар, ижтимоий соҳа объектлари, ўрта ва кичик бизнес ҳамда йирик саноат корхоналарини сифатли электр энергияси билан таъминлашнинг ишончлилигини ошириш бўйича бир қатор ишлар олиб бормоқда. Маънан ва жисмонан эскирган электр ускуналари янги, замонавий, ихчам фойдаланишда бирмунча қулайликларга эга юқори қувватли электр қурилма ва жиҳозларига алмаштирилмоқда.

 

 

  Жумладан, айни пайтда «Хоразм» подстанциясида мавжуд 125 МВА (мега вольт ампер) қувватга эга эски автотрансформаторлар Хитойдан келтирилган янги, ҳар бири 200 МВА қувватга эга замонавий автотрансформаторларга алмаштирилмоқда.

 

 

  2020–2021 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик, жорий таъмирлаш, яъни юқори кучланишли подстанциялар ва ҳаво линиялари июль–август ойларида куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёрланди. Айни пайтда Инвестицион лойиҳалар доирасида бир нечта подстанцияларда автотрансформаторлар ва куч трансформаторлари ўрнатилди. Бундан ташқари, ўрта ва кичик ҳамда юқори кучланишли электр қурилмалари, реле ҳимоя ва автоматикаси, алоқа жиҳозлари ва аккумулятор батареялари, темир-бетон ва металл маҳсулотлари, кабель ва симлар шарнома асосида хорижий ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиниб ўрнатилди ва ўрнатилмоқда.

 

Холиқ Бобоёрович Элмуродов, «Ўзбекистон» миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари

 

  Бугунги кунда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан Осиё Тараққиёт Банки, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси иштирокида бир нечта инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. ««Тахиатош иссиқлик электр станцияси»дан «Хоразм» подстанцияси орқали Саримой аҳоли яшаш пунктигача 220 кВли электр узатиш линиясини қуриш» инвестицион лойиҳаси Ўзбекистон   Республикаси Президентининг 2019 йил 2 июндаги ПҚ-2541-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Ҳудудий қамрови — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятлари. Лойиҳа қиймати: 258,5 млн. АҚШ доллари миқдорида.

 

 

  Мақсади эса аниқ  — мамлакатимизнинг шимолий-ғарбий энерготизими истеъмолчилари электр таъминоти ишончлилигини ошириш, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятида электр энергияси танқислигини камайтириш. Шунингдек, мазкур лойиҳанинг якуний натижаларига кўра Навоий тоғ-кон металлургия комбинати ва бошқа тоифаланган объектлар электр таъминоти ишончлилигини ошириш назарда тутилган.

 

 

  Лойиҳа доирасида 1241 дона таянч устунлари ўрнатиш ва 364 км узунликдаги 220 кВли ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ бажарилган. Янги электр тармоғини қуришда Амударёдан ўтиш жойларида 72 метрли металл конструкцияли таянч устунлари ўрнатилди. Ҳаво линиялари кучланиш остида синов амалиётидан муваффақиятли ўтди ва «Тахиатош» иссиқлик электр станциясидан ишлаб чиқарилган электр энергияси Навоий тоғ-кон металлургия заводининг Зарафшон шаҳридаги ташқи объектларига синов тариқасида етказиб берилди. Энди, юқорида зикр этилганидек, «Хоразм» подстанциясида модернизация ҳам янги «Саримой» ўчириб-ёқиш пунктидаги ишлар якуний босқичида давом эттирилмоқда.

 

 

  Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятлари ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар, кичик ва ўрта бизнес ҳамда саноат корхоналарини сифатли электр энергияси билан мунтазам равишда таъминлашни кафолатлаш учун хизмат қилади. Лойиҳа доирасида 56 та янги ишчи ўринлари яратилиши назарда тутилган, «Хоразм» подстанциясининг ўтказувчанлик қуввати оширилиб,  юқори кучланишли «Саримой» ўчириб-ёқиш пункти фойдаланишга топширилади.

 

 

 Эътиборингизга «Ўзбекистон-24» телеканалининг рус ва ўзбек тилидаги «Ахборот-24» дастурида эфирга узатилган лавҳани ҳавола этамиз.

 

Ахборот 24 | «Хоразм» подстанциясини модернизация қилиш ва сифатли электр энергияси билан мунтазам таъминлаш 

#uzbekiston24

 

© «Ўзбекистон–24» телеканали

 

Улуғбек Урунов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>