Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда қишлоқ хўжалиги сектори, аҳолининг шахсий томорқалари, шунингдек давлат ва хўжалик органлари тасарруфидаги турли йўналишдаги объектларда мавжуд экин майдонлари ҳамда боғдорчилик ерларидан унумли фойдаланиш бўйича тегишли топшириқлар берилган эди.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳам ҳозирги глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлаш ҳар бир хўжалик юритувчи ташкилот ва корхоналарнинг зиммасидаги вазифалардан бири эканлиги яна бир бор таъкидланди.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг кўрсатмасига биноан барча юқори кучланишли подстанциялар, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда Жамият тасарруфидаги турли мақсадларда фойдаланиладиган ер майдонларида кўкаламзорлаштириш, гулзор ва боғлар яратиш, мавжуд бино-иншоотларнинг эстетик қиёфасини тубдан яхшилаш, электр жиҳозлари ва ускуналарини коррозиядан асраш учун таъмирлаш ва бўёқ тортиш ишлари бошлаб юборилган эди.
Жорий йилнинг 14–15 март кунларида ўтказилган умумхалқ ҳашари пайтида бошланган ишлар айни кунларда ниҳоясига етказилмоқда.
Батафсил: uzbekistonmet.uz/uz/
Batafsil: uzbekistonmet.uz/oz/
Мисол учун, «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали ишчи-ходимлари жамоаси электр қурилмаларида мукаммал ва жорий таъмир ишларини белгиланган муддатларда сифатли бажарилишини таъминлаш, аварияли ҳолатларни олдини олишга қаратилган амалиётларни ўз вақтида адо этиш билан бирга филиал тасарруфидаги мавжуд ер майдонларидан ҳам унумли фойдаланиш бўйича зарур ишларни олиб бормоқда.
Албатта, энергетиклар, энг аввало, пандемия шароитида аҳолини сифатли электр энергияси билан мунтазам равишда таъминлаш, унинг ишончлилигини ошириш бўйича туну кун меҳнат қилишди ва ўз касбий фаолиятларини давом эттириб келмоқдалар. Оила даврасидаги дам олиш кунларида эса ўзларининг яшаш хонадонларидаги томорқаларидан унумли фойдаланиш мақсадида фойдали меҳнат билан машғул бўлишди. Шу билан бирга, филиал объектларида ҳам экин экиш имконияти мавжуд бўлган ер майдонларига, полиз ва бошқа турдаги озиқ-овқат экинларини экиш ҳамда парваришлаш ишларига ўз ҳиссаларини қўшишди.
Мавжуд 6 номдаги подстанция ва автогараж жойлашган ҳудуддаги ободончиликка ажратилган ер майдонларида помидор, булғор қалампири, аччиқ қалампир, карам, бақлажон, мош, ловия, ошжўхори, маккажўхори, ошқовоқ, картошка каби экинлар экилди.
Бу билан филиал жамоаси бугунги кунда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва бозорлардаги нарх-навонинг барқарор бўлишлигини таъминлашга қаратилган давлат дастурига маълум маънодаги ўз ҳиссаларини қўшишди, десак янглишмаймиз.
Энергетикларнинг ерга ишлов беришдаги ҳамжиҳат меҳнатлари ҳамкасблар ўртасида ўзаро ҳурмат ва аҳилликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: айни пайтда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали таркибидаги мавжуд 6 номдаги юқори кучланишли электр тармоқлари подстанцияларининг 3 тасида «Жаҳон Банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» номли инвестиция лойиҳаси доирасида маънан ва жисмонан эскирган электр қурилмаларини замонавий ва янги электр қурилмаларига алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати