Янгиликлар
Тошкентда «Иннопром–2021» халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади. Унда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти мутахассислари ҳам иштирок этишмоқда
  • 05.04.2021
  • 835

  Бугун, 5 апрель куни «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуасида икки кун давом этадиган «Иннопром – 2021» халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади. Айни пайтда кўргазманинг очилиш маросими ва мулоқотлар майдончасида ҳамкорлик учрашувлари бўлиб ўтмоқда.

 

Ташкилотчилар — Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги. Кўргазма ишида Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва Покистондан саккиз мингдан зиёд давлат органлари ҳамда йирик компаниялар вакиллари иштирок этишмоқда.

 

Аҳамиятли жиҳати шундаки, тадбир доирасида «Рақамлаштирилган саноат», «Машинасозликдаги қўшма лойиҳалар», «Саноатни молиялаштириш», «Йирик шаҳарлар учун инновацион технологиялар», «Энергетика соҳасида инновациялар» номли ихтисослаштирилган сессиялари ташкил этилган бўлиб, унда иштирокчилар саноатнинг деярли барча тармоқларида илғор технологиялар эвазига эришилаётган ютуқлар, замонавий ечим ва дизайнга эга янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларни саноатда кенг фойдаланишга татбиқ этиш, савдо-сотиқ масалалари юзасидан фикр алмашиш имконига эга бўладилар. Шунингдек, кўргазма павильонида намойиш этилаётган саноат маҳсулотлари билан бевосита танишиш мумкин.  

 

Умуман олганда, 300 дан ортиқ иштирокчи компаниялар икки кун давомида Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуаси ҳудудида учрашиш, танишиш, турли келишув ва битимлар имзолаш имкониятига эга бўлиши — халқаро ҳамкорлик ва минтақада саноатнинг жадал ривожланишига ўзига хос турки бўлиб хизмат қилиши аниқ. Айни пайтда мажмуада Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Франция, Белоруссия ва Қозоғистондан 200 дан ортиқ экспонентлар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқдалар. Кўргазма майдончасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар — мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналари ҳамда турли вазирлик ва вилоят ҳокимликлари ҳам ўз маҳсулотларини хорижлик ҳамкорлар эътиборига тақдим этишмоқда. Кўргазманинг мулоқот майдончасида 200 дан ортиқ ишбилармонлик учрашувлари, тематик сессиялар ва давра суҳбатлари, бизнес лойиҳалар тақдимотлари ташкил этилиши назарда тутилган.

 

Шунингдек, «Иннопром–2021» халқаро саноат кўргазмасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, бошқарув раисининг ўринбосарлари, шу билан бирга, Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси, Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси ҳамда Харидлар, маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш бошқармаси мутахассислари иштирок этишмоқда.

 

Хорижий ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган мазкур кўргазма Ўзбекистон Республикаси, умуман, Марказий Осиё минтақаси саноатнинг ривожи ва турли соҳаларда ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, қўшма кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш, юқори технологик маҳсулотлар ва хизматлар учун улкан имкониятлар эшигини очади, деган умиддамиз.

 
 
 
 
 
 
 
 

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>