Янгиликлар
ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИДА БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ «SEVIMLI» ТЕЛЕКАНАЛИНИНГ «ZAMON» ИНФОРМАЦИОН ДАСТУРИ НИГОҲИДА
  • 08.03.2021
  • 540

  Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон–Жанубий Корея ҳамкорлиги доирасида Корея энергетика агентлигининг (КЭА) беғараз маблағлари ҳисобидан Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги “Нури замин” маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида барпо этилган 40 кВт қувватли қуёш фотоэлектрик станцияси ишга туширилиб, фойдаланишга топширилган эди.

  Мазкур кичик қуёш станцияси, энг аввало, халқимиз орасида, истеъмолчиларимиз диққатига муқобил энергия манбаларидан нафақат хонадонларда, балки кичик ва ўрта бизнес ишлаб чиқариш жараёнида самарали фойдаланиш мумкинлигини тарғиб қилиш учун хизмат қилади. Шунинг учун министанциянинг ўрнатилиш жойи танланганда йирик ва серқатнов трасса бўйида эканлигига (Тошкент–Андижон йўналишида, Ўрта Сарой бекатида) эътибор қаратилди. Йўловчилар, маҳаллий аҳоли вакиллари бу станцияга ҳар кўзи тушганда ОАВ саҳифаларидаги лавҳалар, шунингдек ижтимоий тармоқ нашрларидаги «яшил энергия» ҳақидаги ахборотга янада эътиборлироқ бўлишни бошлайдилар. Бу эса жамиятимизда муқобил энергия турларидан самарали фойдаланиб, мамлакатимизнинг табиий бойликларини иқтисод қилиш, шу билан бирга, эгологияга зарарни камайтириш борасидаги тушунчалар тарғиботини кенгайтиради.

  Иккинчидан, ушбу кичик қуёш станцияси соҳа мутахассислари учун ўқув полигони вазифасини ўтайди. Йирик ва бир неча гектар ер майдонини эгаллаган фотоэлектрик станцияларда ишлаш учун ўқитилиб, амалиётга юбориладиган мутахассисларни тайёрлашда уларнинг назарий билимлари мазкур министанцияда синаб кўриш ва мустаҳкамлаш имконияти яратилади. Бу жойдан энергетика истисослиги бўйича мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари ҳам самарали фойдаланишлари мумкин.

  Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг ташаббуси ва тавсиясига кўра 2020 йилда Тошкент вилояти ҳокимлиги, хусусан Оҳангарон шаҳри ҳокимияти қўпқаватли уйлардаги кам таъминланган оилаларнинг 9 тасига қуёш энергиясидан фойдаланиб сув иситиш тизимига эга мосламаларни ўрнатиб беришган. Айни пайтда 9 та хонадон беминнат қуёш нуридан фойдаланиб, электр энергияси ва табиий газни бирмунча тежашга, энг асосийси, энергоресурслардан бепул фойдаланишга муваффақ бўлишди.

 

 

  Шунингдек, ташаббус Оҳангарон шаҳар ҳокимияти мутасаддилари томонидан давом эттирилиб, тажриба тариқасида Тошкент–Андижон йўналишидаги йўл бўйида жойлашган яна бир кўпқаватли уйнинг бир нечта хонадонлари янгича усулда ҳам иситилмоқда, ҳам иссиқ сувдан фойдаланмоқда.

  Хулоса шуки, мамлакатимизда мавжуд минглаб кўпқаватли уйларда мана шундай қуёш энергияси ва табиий газдан ёки қуёш энергияси ва электр энергиясидан фойдаланиб, ҳам уйнинг иситиш тизими, ҳам иссиқ сув тизимида энергоресурслардан самарали фойдаланиш мумкин.

 

© «Sevimli» телеканалининг «Zamon» информацион дастури

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/786

http://telegra.ph/uzbekistonmetuz-03-05-2

  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>