ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
"Нури замин" маҳалласида қуёш электр станцияси фойдаланишга топширилди
  • 05.03.2021
  • 480

Бугун Тошкент вилоятининг Юқори-Чирчиқ туманидаги “Нури замин” МФЙ ҳудудида 40 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.

  Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Энергетика вазирлиги, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти раҳбарияти, Корея энергетика агентлиги вакиллари иштирок этди.

  Унда сўз олганлар мамлакатимиз аҳолиси ва истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга катта аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида юртимиз аҳолиси ва истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш ва бунда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу янги барпо этилган қуёш электр станцияси бу ишларнинг амалдаги самарасидир.

– Мана бугун Корея Республикаси билан ҳамкорлигимизнинг илк натижаси – қуёш электр станциясини ишга туширдик, – деди "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Феруз Қурбонов. 

– Корея энергетика агентлигининг беғараз маблағлари ҳисобидан барпо этилган ушбу станция бир йил давомида тахминан 100 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Мазкур кичик станция маҳалла аҳолисини қўшимча электр манбаси билан таъминлаш баробарида келгусида йирик лойиҳаларнинг амалга оширилишида пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммоларни ўрганиш мақсадида ўқув полигони вазифасини ҳам ўтайди. Биз бу ўқув полигонидан ходимларни қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш йўналишида тайёрлаш учун ҳам фойдаланамиз.

  Қайд этиш жоизки, ушбу қуёш фотоэлектрик станциясини барпо этишдан мақсад фақат электр энергияси ишлаб чиқариш эмас, балки шу йил охиригача 2 та 100 мегаваттли йирик қуёш фотоэлектрик станцияси қурилишида ҳам аҳамиятга эга.

– Станциянинг қурилиши икки давлат ўртасида ўрнатилган ўзаро ишонч ва дўстона алоқалар натижасидир, – деди Корея энергетика агентлиги вакили Пак Сан У. 

– Ўйлайманки, бизнинг ҳамкорлигимиз бардавом бўлади ва яна шундай ишларни амалга ошириш ниятидамиз.

  Иштирокчилар Оҳангарон шаҳридаги "Ёшлар" технопаркида ҳам бўлди. Бу ерда улар муқобил энергия манбалари – қуёш ва шамолдан энергия олиш тажриба тариқасида қўлланилиш жараёнлари билан танишди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>