Ёшлар сиёсати
2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди
  • 29.12.2020
  • 1022

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси давом этмоқда:

 

  Қадрли халқ ноиблари!

  Азиз юртдошлар!

  Барчангизга маълумки, кириб келаётган 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигига 30 йил тўлади. Албатта, бу тарихий санани сиз азизлар ва бутун халқимиз билан биргаликда, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қиламиз.

  Бугун келгуси йил учун режа ва дастурларимизни аниқ белгилаб олар эканмиз, мустақиллик йилларида эришган ютуқларимизни янада мустаҳкамлаб, энг муҳим ва устувор соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз, албатта.

  Таъкидлаш керакки, пандемия барчамизга тиббиётнинг бирламчи бўғини, тез ёрдам хизмати, санитария-эпидемиология тизимини тубдан ислоҳ қилиш муҳим ҳаётий зарурат эканини яна бир бор кўрсатди.

  Ҳозирги вақтда дунёнинг бошқа минтақаларида кузатилаётган “пандемиянинг навбатдаги тўлқини” ва у билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳаммамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда.

  Буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзлари нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи бугун қайта-қайта исботламоқда.

  Шу боис, мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, пандемия даврида орттирган тажрибамиз ҳамда хориждаги илғор ютуқлардан фойдаланиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур.

  Бунда аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозим.

  Умуман, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади.

  Шу сабабли биз ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз.

  Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак.

  Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб, хизмат қилиши лозим.

  Ушбу мақсад йўлида ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади.

  Шу мақсадда, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширамиз.

  Биринчидан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўямиз, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

  Иккинчидан, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказамиз.

  Учинчидан, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз.

  Бир сўз билан айтганда, бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади.

  Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради.

  Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино бундан минг йил олдин, “Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди”, деб бежиз айтмаган.

  Яқинда Қашқадарё, Хоразм вилоятларида ва Чилонзор туманида бўлиб ўтган учрашувларда ёшларимиз томонидан билдирилган дадил фикр ва ташаббуслар мени жуда қувонтирди. Айниқса, куни кеча  Ёшлар форумида ўғил-қизларимизнинг ёниб турган кўзларида улкан азму шижоатни, билимга ташналик ва янгиликка интилишни кўриб, янада руҳландим ва улардан куч олдим.

  Ибн Сино бобомиз айтган довюрак ва ботир ёшлар айнан шу фарзандларим эканига яна бир бор амин бўлдим.

  Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз.

  Ана шу муҳим йўналишларда бошлаган ишларимизни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида, кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришни таклиф этаман.

 

Президент: Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим

 

  Президентимиз таклифи билан 2021 йилга деб ном берилди. Ушбу таклиф жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди.

  – 2021 йил номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича қуйидаги кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

  Биринчидан, бола дунёга келганидан бошлаб, унда айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлар шаклланади.

  Шу боис ҳам, келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсадимиз – ижтимоий аҳволидан қатъи назар, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат.

  Келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказишимиз керак. Бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилади.

  Шунингдек, 2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болалар ёки уларнинг 82 фоизи қамраб олинади.

  Узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шакллари янада кенгайтирилади. Бунда ЮНИСEФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели ҳам йўлга қўйилади.

  Иккинчидан, мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилади.

  Келгуси йили 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади.

  Соҳада ягона “электрон таълим” тизимини жорий этишга келгуси 2 йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади.

  Таълим сифатини тубдан яхшилаш мақсадида, аввало, ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро дастурларга мослаштириш лозим.

  Болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун уларга сермазмун ва тушунарли дарсликлар яратиш зарур.

  Бу борада келгуси ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилади.

  Умумтаълим мактабларидаги таълим сифати пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши шарт. Бунинг учун чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.

  Жумладан, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланади.

  Шунингдек, ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилади.

  Ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтиришга қаратилган узлуксиз тизим яратилади.

  Келгуси йилда юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.

  Иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида алоҳида университет ташкил этамиз. Ушбу олийгоҳда чет элдаги етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия берилади.

  Болаларимизнинг меҳнат кўникмаларини мактаб давридан бошлаб шакллантириб бориш мақсадида “касбга ўргатиш тизими” жорий этилади.

  Яна бир масала – педагоглар малакасини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

  Маълумки, муаллимлар ҳозирги вақтда эскича усулда ҳар 5 йилда малака оширади. Бундан буён уларнинг, “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида, ўз малакасини узлуксиз ошириб бориши йўлга қўйилади.

  Шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқилади.

  Яна бир бор такрорлайман, жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим. Муаллимларимиз болаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарур.

  Шу боис, ўқитувчи, мураббий ва методистлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича бошлаган ишларимиз келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Бунинг учун халқ таълими ходимларини рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларига 330  миллиард сўм йўналтирилади.

  Шу билан бирга, 240 мингдан зиёд мактаб ўқитувчиларига синф раҳбарлиги учун устама тўловлар 1,5 баробарга оширилиб, бюджетдан 400 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилади.

  Учинчидан, олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Кейинги йилдан бошлаб, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади.

  Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказамиз.

  Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади.

  Шу ўринда бир фикрни айтмоқчиман. Ҳозирги вақтда ёшлар энг нуфузли олийгоҳларга кириш учун интилади, лекин олий ўқув юртлари ўртасида билимли ва иқтидорли ёшларни жалб қилиш бўйича рақобат йўқ. Шу сабабли, хусусий олийгоҳларга ҳам керакли мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси бериш тизими йўлга қўйилади.

  Олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилади.

  Шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилади.

  Нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришимиз зарур.

  Шу муносабат билан, келгуси йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади.

  Бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга 100 нафар ўғил-қизларимизни юборамиз. Кейинги йиллардан уларнинг сони 2-3 баробарга кўпайтирилади.

  Янги йилда юртимиздаги 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади.

  Тўртинчидан, мамлакат тараққиётининг замини, ҳеч шубҳасиз, илм-фан ва инновациялардир.

  Келгуси йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилади ёки 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилади. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилади.

  Илғор халқаро амалиёт асосида, доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилади.

  Жорий йилда илк бор математика, кимё-биология ва геология фанларини таълим ва илмнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб, уларни комплекс ривожлантириш чоралари кўрилди.

  Жумладан, 98 та ихтисослашган мактаб ҳамда Геология фанлари университети ташкил этилди. Ўқув дастурлари тубдан қайта кўриб чиқилди, ўқитувчиларнинг иш ҳақи оширилди.

  Энди кейинги йил учун устувор илм-фан йўналишларини белгилаб олишимиз керак.

  Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, дунёдаги деярли барча кашфиёт ва технологияларни яратишда физика фани фундаментал асос бўлганини кўрамиз.

  Ҳақиқатан ҳам, физика қонуниятларини чуқур эгалламасдан туриб, машинасозлик, электротехника, Ай-Ти, сув ва энергияни тежайдиган технологиялар каби бугун замон талаб қилаётган соҳаларда натижага эришиб бўлмайди.

  Буюк мутафаккир шоиримиз Мир Алишер Навоий ўз даврида ёшларга мурожаат қилиб, “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт”, деб ёзганлар.

  Чиндан ҳам, одамларга қуёшдек беминнат нур тарқатишни, яхшилик қилишни истайдиган инсон камолотга интилиб, турли илм ва касб-ҳунарларни ўзлаштириши лозим.

  Ҳозирги даврда хорижий тилларни мукаммал ўрганмасдан туриб, буюк бобомиз айтган ана шундай марраларга эришиб бўлмайди, десак, адашмаган бўламиз.

  Бундай ўткир талабга амал қилиб, келгуси йилда физика ва чет тилларини ўрганишни устувор йўналиш этиб белгилашни таклиф этаман.

  Шу мақсадда, келгуси йилда таълимнинг барча бўғинларида ушбу фанларни ўқитиш сифатини тубдан ошириш, ихтисослашган мактаблар очиш, малакали педагогларни жалб этиш каби тизимли ишлар амалга оширилади.

  Физика бўйича Аҳмад Фарғоний номидаги халқаро фан олимпиадаси ташкил этилади.

  Шунингдек, физика йўналишида илмий изланишлар кўлами ва сифатини ошириш, ёш олимларга зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади.

  Бешинчидан, ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи эътиборимиз марказида бўлади.

  Бунинг учун келгуси йилда профессионал таълим тизими меҳнат бозоридаги талаб ва халқаро андозаларга мос янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилинади. Бундан буён ишчи касблар бўйича талаб қўйишда малака асосий ўринга чиқади.

  Шунинг учун, Ҳукумат келгуси йил 1 январдан талаб юқори бўлган ишчи касблар бўйича фуқароларнинг малака даражасини тасдиқлаш тизимини жорий этсин.

  Хабарингиз бор, куни кеча Ёшлар форумидаги учрашувимизда ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш учун 100 миллион доллар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилдик.

  Бундан ташқари, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратилади.

  Олтинчидан, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилади.

  Ҳозирги кунда республикамизда алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар фарзандларимиз бор. Уларнинг таълим олиши, аниқ бир касбни эгаллаши учун кўмаклашиш, оғир касалликка чалинганларни даволаш, чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлаш – нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимиздир.

  2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилади.

  Умуман, бундай эзгу ишларни тизимли йўлга қўйиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм йўналтирсак, ўйлайманки, сизлар ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлайсиз. Бу маблағлар йил давомида кўпайтириб борилади.

  Бу ташаббус умумхалқ ҳаракатига айланиши, саховатпеша ҳамюртларимиз ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшишига ишончим комил.

  Олий Мажлис палаталари Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини қонун даражасида мустаҳкамлаб, бу борада фаоллик кўрсатган юртдошларимизни рағбатлантиришни ҳам назарда тутиши мақсадга мувофиқ.

  Шунингдек, Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилишнинг ҳам вақти-соати келди.

  Умуман ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича куни кеча бўлиб ўтган Форумда жуда кўплаб масалалар ечимини келишиб олдик. Шунинг учун, бугун улар тўғрисида батафсил тўхталмадим.

  Барчамиз учун эндиги вазифа – ушбу ташаббус ва таклифларни тўлиқ амалга оширишдан иборат.

 

Шавкат Мирзиёев: Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор

  Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси давом этмоқда:

 

  Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

  2021 йил учун яна бир муҳим йўналиш сифатида белгиланган тиббиёт соҳасида қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилади.

  Биринчидан, келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади. Бу ишлар учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади.

  Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилади.

  Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилади. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилади.

  Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади.

  Иккинчидан, она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор. Шу мақсадда, кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади.

  Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

  Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.

  Учинчидан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур.

  Бу борада бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга 5 та ёрдамчи-ҳамширадан иборат тиббий бригадалар ташкил қилинади.

  Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади.

  Шу билан бирга, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади.

  Шунингдек, тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 315 та оилавий шифокор пункти ва 85 та оилавий поликлиника ишга туширилади.

  Бундан ташқари, “қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган мингдан ортиқ врачларга 30 миллион сўмдан ёрдам пули берилади ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланади.

  Олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва эҳтиёжманд аҳоли учун скрининг тадбирларига хусусий шифохоналар ҳам жалб қилиниб, уларга субсидия ажратилади.

  Аҳолига энг яқин, унинг саломатлиги билан бевосита шуғулланадиган ўрта бўғин тиббиёт ходимлари – ҳамшира ва фельдшерларнинг обрўси ва мавқеини оширишга алоҳида урғу берамиз.

  Жумладан, 47 та Ибн Сино техникумини ҳар йили битирадиган 20 мингдан ортиқ ўғил-қизларимиз тиббиётнинг бир нечта соҳаларида касб эгаси бўлиб чиқади.

  Шунингдек, ўрта бўғин тиббиёт ходимларига “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланиш учун рухсат берилади.

  Тўртинчидан, ҳозирги кунда 12 мингдан зиёд фуқароларимиз оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликдан азият чекмоқда. Шу сабабли келгуси йилда онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилади.

  Ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор эса илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олинади ва шу мақсадлар учун бюджетдан 140 миллиард сўм йўналтирилади.

  Шунингдек, эндокрин касалликларни аниқлаш ва даволаш мақсадида ҳудудий шифохоналарда махсус бўлимлар ташкил этилади. Бунинг учун 2021 йилда бюджетдан 150 миллиард сўм ажратилади.

  Яна бир масала – аҳолимизнинг катта қисмини қийнайдиган ўткир қон-томир касалликлари бўйича 35 та туманлараро марказ ташкил этамиз. Ушбу марказлар аҳолига инфаркт ва инсульт ҳолатларида тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш орқали ўлим ва ногиронликни камайтиришга хизмат қилади. Шу тариқа ҳар йили камида 30 минг нафар инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинади.

  Бешинчидан, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим омилдир.

  Келгуси йилда 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилади.

  Шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади.

  Аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш орқали 2021 йилда қамров ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказилади.

  Спорт ҳақида гапирганда, яна бир муҳим вазифа олдимизда турганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Яқинда Осиё олимпия кенгаши 2025 йилда Ёшлар ўртасида Осиё ўйинларини Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича қарор қабул қилди. Бу мамлакатимизга кўрсатилган катта ишонч, десак, тўғри бўлади.

  Айни вақтда, бунинг масъулияти ҳам катта эканини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз. Қитъамиз миқёсидаги ушбу мусобақага ҳозирдан бошлаб пухта тайёргарлик кўришимиз лозим.

  Олтинчидан, халқимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

  Бунда маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга бюджетдан 420 миллиард сўм йўналтирилади. Жумладан, ҳудудларда 22 та театр ва маданият объекти қурилади ва реконструкция қилинади.

  Тошкент шаҳрининг марказида – Миллий академик драма театри, машҳур япон архитектори Андо лойиҳаси асосида янги санъат музейи, замонавий кутубхона ҳамда Алишер Навоий номидаги халқаро ижод мактабидан иборат маданият ва маърифат мажмуасини барпо этиш бўйича амалий ишлар бошланади.

  Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб пойтахтимиз марказида “Истиқлол” мажмуаси қад ростлайди.

  Илгари кўп йиллар давомида ўтказиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта ташкил этилади.

  Шу ўринда яна бир муҳим масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

  Бой тарихимиз дурдонаси бўлган 7 мингдан зиёд маданий мерос объектини асраб-авайлаб, келажак авлодлар учун безавол етказишимиз зарур. Афсуски, кейинги пайтларда бебаҳо маданий меросимиз бўлган айрим обидаларимизга зарар етказиш ҳолатлари учраётгани бу борада эътибор сусайганидан далолат беради. 

  Бу иш нафақат Маданият вазирлиги, балки маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликнинг ҳам диққат марказида бўлиши керак.

  Ҳукумат бир ой муддатда маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилиши лозим.

 

Манба: https://president.uz/uz/

https://president.uz/uz/

https://president.uz/uz/

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>