Энергетика вазирлигида ёқилғи-энергетика соҳаси объектларининг қиш мавсумида ҳам барқарор ишлаши, аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, шунингдек, электр энергияси ва табиий газдан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш борасида жойларда олиб борилаётган тарғибот ва профилактика ишларининг ҳолати кўриб чиқилди.
Видеоселектор шаклида ўтказилган мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, Бош прокуратура масъуллари, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда вилоят ҳокимликлари мутасаддилари иштирок этди.
Йиғилишда энг асосий мақсад – қиш мавсумида ҳам аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари (соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб, олий таълим муассасалари, иссиқлик электр станциялари ва ҳоказо) ҳамда иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш эканлиги алоҳида таъкидланди ва бу борада корхоналар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳозирги ҳолати танқидий муҳокама қилинди.
Шу боис, барча масъулларга ишлаб чиқариш ва етказиб бериш объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш, шу билан бир қаторда, энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш ишларини жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
Энергетика вазирлиги ва тизим корхоналари куз-қиш даврини беталафот ўтказиш мақсадида жойларда раҳбар-ходимлардан иборат куну тун навбатчилик ташкил этилгани, аварияларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бригадалари ташкил қилиниб, улар етарли миқдорда махсус техникалар, захира материаллари ҳамда ҳимоя воситалари билан таъминлангани айтиб ўтилди.
Шунингдек, барча объектларда 24/7 иш режимига ўтилгани алоҳида қайд этилди ва бу борада Ишчи гуруҳлар жойларда ишларнинг боришини доимий назорат қилиши таъкидланди.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/13790
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати