Янгиликлар
2024/2025 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик: Магистрал электр тармоқлари ҳамда юқори кучланишли подстанцияларда олиб борилаётган ишлар хусусида ҳисобот
  • 20.09.2024
  • 199

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан 110, 220, 500 киловольт кучланишли 89 та подстанция ҳамда узунлиги 12 250 километр магистрал электр тармоқлари эксплуатация қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва энергетика соҳаси объектлари ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини 2024/2025 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 6 июлдаги 388/22-сон Қарори ижроси юзасидан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумида электр қурилмаларини барқарор ишлашига тайёрлаш тўғрисида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

2023 йилда содир бўлган авариявий ўчишлардан, йўл қўйилган камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда, тракт ҳосил қилувчи 220–500 киловольт кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқлари тўлиқ кўрикдан ўтказилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича барча чоралар кўрилди. Барча юқори кучланишли подстанция ҳамда магистрал электр узатиш тармоқларига масъул ходимлар бириктирилган.

Куз-қиш мавсумида электр қурималарини барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида умумий қуввати 736 мегавольт•ампер бўлган 9 дона куч трансформатори ва 848 километрдан зиёд узунликдаги 110–500 киловольт кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқлари, 31 дона ўчиргич ва 4 дона компрессор қурилмасини мукаммал таъмирлаш режалаштирилди.

2024 йил 10 сентябрь ҳолатига режага асосан 625,8 километр (74 фоиз) узунликдаги электр тармоқлари ва 8 дона трансформатор (89 фоиз), 32 дона ўчиргич (103 фоиз), 4 дона компрессор қурилмаси (100 фоиз)   мукаммал таъмирланди.

Жорий йил 1 октябрга қадар 1 дона куч трансформатори ва 222,4 километр узунликдаги 110–220–500 киловольт кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилади.

Шу билан бирга, трансформаторларнинг совутиш тизимидаги 113 та двигатель таъмирланди ва 66 та янги двигатель ўрнатилди.

220–500 киловольт кучланишли 12226 километр тармоқ навбатдан ташқари ва даврий кўрикдан ўтказилди ҳамда 721 та қушлар қўнишига қарши мослама, 6000 тадан ортиқ изолятор ўрнатилди, чақмоққайтаргич тросслар ва контур ерлагичлари текширилди.

Доимий равишда электр узатиш ҳаво тармоқлари ва подстанция электр қурилмаларининг контакт бирикмалари тепловизор қурилмалари ёрдамида кўрикдан ўтказилди ва 200 тадан ортиқ аниқланган қизишлар бартараф қилиниб, фавқулодда ҳолатларнинг олди олинди.

Шунингдек, авариявий ҳолат содир бўлганда ҳолатни зудлик билан бартараф этиш мақсадида, бориш қийин бўлган таянчларгача (тоғли, қир-адирли ҳудудларда) йўлаклар барпо этилди, шу билан бирга, дарё ўзанларида ва тоғ ёнбағрларида жойлашган таянчларни сел-тошқин таъсирига тушишини олдини олиш чоралари (қўшимча ариқлар барпо этилди) кўрилди.

Подстанциялар ва электр узатиш тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида 150 тонна трансформатор мойи, 1000 килограмм техник пластина, 23 дона металл таянч, 26 дона темир-бетон таянч, 10000 та изолятор, 12 та турли қувватдаги трансформатор, 35 тонна турли русумли симлар, иккиламчи занжир учун 10 километр кабель маҳсулотлари захираси яратилди.

Шу билан бирга, авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 65 та навбатчи гуруҳлар бригадаси ташкил этилган бўлиб, улар 139 та махсус автотранспорт воситаси шундан, 25 та юк кўтариш автокрани, 64 та бригада автотранспорти, 27 та кўтарма кранлар, 14 та кўчма лаборатория ва 9 та экскаватор, зарурий эҳтиёт қисмлар, шунингдек, алоқа ҳамда ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланган.

Бундан ташқари, 110-500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоқларида олиб бориладиган кўрик ишларининг самарадорлигини ошириш, яъни бориш қийин бўлган ҳудудлар, муҳофаза зонасидаги янги қурилишлар, дарахтзорларни аниқлаш ҳамда авариявий ҳолатлар содир бўлганда электр тармоғининг шикастланган жойини қисқа муддатларда топиш мақсадида учувчисиз ўчиш аппарати — дрондан фойдаланиш жорий этилган бўлиб, ҳозирда 656,7километр электр узатиш тармоқларида ва 2000тадан ортиқ таянчда кўрик ишлари олиб борилди.

Инвестиция лойиҳалари

Инвестиция дастури доирасида 2024 йил давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 430,6 млн доллар маблағ ўзлаштирилиб (ҳозирги пайтда 196,6 млн. АҚШ  доллари ҳисобидаги маблағлар ўзлаштирилган, яъни шу ҳажмдаги ишлар бажарилган), 10 та инвестиция лойиҳасини фойдаланишга топшириш натижасида 595 километр узунликда
220–500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоқлари ва жами 2798 мегавольт•ампер ўтказувчанлик қуввати яратилади. Жумладан, 1877 мегавольт•ампер қувватга эга 4 та янги подстанцияси қурилади ҳамда подстанцияларни модернизация қилиш ҳисобидан 921 мегавольт•ампер қўшимча қувват яратилади.

Андижон вилоятида “Сарой” подстанциясини тўлиқ ишга тушириш орқали қўшимча 125 мегавольт•ампер қувват захираси яратилиб, Андижон вилоятининг Балиқчи, Шаҳрихон, Улуғнор ва Бўстон туманлари ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли истеъмолчилари электр таъминоти ишончлилиги бирмунча оширилди. Шунингдек, 500 киловольт кучланишли “Лочин” подстанциясида модернизация ишларини амалга ошириш натижасида 600 мегавольт•ампер қўшимча қувват яратилади. Натижада Фарғона водийси аҳолиси, хусусан Андижон вилояти истеъмолчилари электр таъминоти яхшиланади. Шу кунгача подстанцияларнинг ўтказувчанлик қуввати 300 мегавольт•амперга оширилди.

  Наманган вилоятида — 220 киловольт кучланишли “Сардор” подстанциясида модернизация ишларини амалга ошириш натижасида энергетика объектида 175 мегавольт•ампер қўшимча қувват яратилди. Натижада Наманган шаҳри, Уйчи, Тўрақўрғон, Чуст, Поп, Косонсой ва бошқа туманлар истеъмолчиларининг электр таъминоти ишончлилиги оширилди.

Бухоро вилояти — Қоровулбозор фотоэлектр станциясидан “Турон” алмаштириб улаш пунктига 33 километр янги электр тармоғини қурилиш ишлари якунланди. Қоровулбозор туманида қуввати 500 мегаватт бўлган шамол электр станцияси ишга туширилиши натижасида вилоятнинг электр таъминоти ишончлилиги оширилиб, Когон, Қоровулбозор ва Қоракўл туманларидаги ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли истеъмолчилари, шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Муборак ва Кўкдумалоқ туманлари истеъмолчиларининг электр таъминоти яхшиланди.

Қашқадарё вилояти — Нишон туманидаги Нишон фотоэлектр станциясидан Талимаржон иссиқлик электр станциясига 36 километр узунликдаги янги электр тармоғини қуриш ишлари якунланди. Натижада 500 мегаватт қувватли фотоэлектр станцияси ишга туширилиб, вилоятнинг Қарши магистрал канали, Шўртан газ-кимё комплекси каби йирик истеъмолчилари ҳамда Қарши шаҳри ва унга туташ туманлар аҳоли истеъмолчиларининг электр таъминоти яхшиланди.

Сурхондарё вилояти — Шеробод туманидаги 500 мегаватт  қувватли Шеробод фотоэлектр станцияси лойиҳаси доирасида 220 киловольт кучланишли “Шеробод-2”  подстанцияси 2х125 мегавольт•ампер қувватда қурилди ҳамда вилоятнинг электр таъминоти яна 250 мегавольт•амперга оширилди.

 

Ҳурматли  истеъмолчилар!

Батафсил маълумотлар билан Сиз Акциядорлик жамиятининг расмий веб-сайти саҳифалари орқали танишишингиз мумкин.

 

‖ Веб-саҳифа: https://www.uzbekistonmet.uz/

‖ Telegram: http://t.me/uzmetaxborotxizmati

‖ Facebook: https://www.facebook.com/elektrtarmoq

‖ Instagram: https://www.instagram.com/uzbekistonmet.uz

‖ Twitter: https://twitter.com/uzbekistonmet

‖ Odnoklassniki: https://ok.ru/group/61026265792660

‖ Utube: https://utube.uz/ru/users/7208

‖ Youtube https://www.youtube.com/channel/UC6cRpsasTIKnReaCXXqccdg

Электрон почта: info@uzbekistonmet.uz    

E-xat: uzbekiston_met@exat.uz

☎️ Call centre рақами: +998 (55) 500-5545

 

Улуғбек Урунов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>