Янгиликлар
Энергетика вазирлигида энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказилди
  • 17.08.2024
  • 118

Бугун Энергетика вазирлигида Давлатимиз раҳбари томонидан муқобил энергия манбаларини жорий этишни рағбатлантириш бўйича белгилаб берилган топшириқлар ижросига бағишланган видеоконференс алоқа шаклида йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда  Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, Бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этдилар.

Анжуманда бугунги кунда энергия ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишни замоннинг ўзи тақозо қилаётганлиги таъкидланиб, бу борада аҳоли хонадонлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ўрнатилаётган қуёш панеллари ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларининг ўрни ғоят катта эканлиги айтиб ўтилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда умумий қуввати 2500 мегаваттдан ортиқ бўлган 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси ишлаб турибди. Бундан ташқари, ижтимоий соҳа бинолари, аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектари ҳамда кўп қаватли уйларда умумий қуввати 551 мегаватт бўлган кичик ҳажмдаги қуёш тизимлари ва 1 142 300 литрли қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилгани энергиядан самарали фойдаланиш, турли янги хизматларнинг яратилиши, олис аҳоли пунктларига энергия етказиб беришни яхшилаш ҳамда электр юкламаларини камайтириш эвазига қўшимча инфратузилма учун харажатларни қисқартириш имконини бермоқда.

Тадбирда айтилганидек, кўп қаватли уйлар, аҳоли хонадонлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларининг ўрнатилиши туфайли кутилаётган табиий газ ва электр энергияси иқтисоди ўртача 40-45 фоизни ташкил этади. Қолаверса, бир йил давомида 1 квадрат метрни иситишга сарфланадиган энергия ресурслари миқдори табиий газда 3 баравар, электр энергиясида эса 2,6 баравар камаяди.

Учрашувда қуёш панели ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатган аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Анжуманда аҳоли ва тадбиркорларнинг бино-иншоотларига энергия тежамкор ускуналар ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш борасидаги ишлар танқидий муҳокама қилинди.

Йиғилишда тизимда йўл қўйилаётган камчиликлар, энерготежамкор ускуналардан фойдаланиш орқали иқтисод қилиш бўйича келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/12551

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>