АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўринов 2024/2025 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан 110, 220, 500 кВ кучланишли 89 та подстанция ва 12 250 километр электр узатиш тармоқлари эксплуатация қилинади.
2023/2024 йилги куз-қиш мавсумида юзага келган мураккаблик ва нуқсонлар ҳамда электр қурилмаларининг мавжуд ҳолатидан келиб чиқиб, “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумида электр қурилмаларини барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Мавсумда электр қурималарини барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида умумий қуввати 736 мегавольт•ампер бўлган 9 дона куч трансформатори, 31 дона 110–220–500 киловольт кучланишли ўчиргич, 4 дона компрессор қурилмаси ва 848 километрдан зиёд узунликдаги 110–220–500 кВли электр узатиш ҳаво тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва жами 304 дона трансформатор ва автотрансформатор, 1 643 дона ўчиргич, 12 дона ҳаво компрессори ҳамда 5 451 километр узунликдаги 110–220–500 киловольт кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларини жорий таъмирлаш режалаштирилган.
2024 йил 1 июль ҳолатига, режага асосан 477,5 километр (даврий режага нисбатан 145 фоиз) узунликдаги электр тармоқлар, 7 дона трансформатор (140 фоиз), 4 дона компрессор (133 фоиз) ва 24 дона ўчиргич (100 фоиз) мукаммал ҳамда 3946,0 километр электр узатиш тармоқлари (даврий режага нисбатан 103 фоиз), 243 та трансформатор (105 фоиз), 1309 та ўчиргич (108 фоиз) ва 12 та компрессор қурилмаси (100 фоиз) жорий таъмирланди.
Жорий йил 1 октябрга қадар 2 дона куч трансформатори, 7 дона
110–500 киловольт кучланишли ўчиргич, ва 371 километрдан зиёд узунликдаги 110–220–500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоқларида мукаммал таъмирлаш, шу билан бирга, 61 дона трансформатор ва автотрансформатор, 334 дона ўчиргич ҳамда 1 505 километр узунликдаги 110–220–500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари бажарилади.
Бундан ташқари, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш давомида, трансформаторларнинг совутиш тизимидаги 113 та двигатель таъмирланди ва 66 та янги двигатель ўрнатилди.
220–500 киловольт кучланишли 12 226 километр электр тармоғи навбатдан ташқари ва даврий кўрикдан ўтказилди ҳамда 721 та қушлар қўнишига қарши мосламалар, 6000 тадан зиёд изолятор ўрнатилди, чақмоққа қарши тросслар ва контур ерлагичлар созлиги текширилди.
Доимий равишда электр узатиш ҳаво тармоқлари ва подстанция электр қурилмаларининг 10 000 тадан зиёд контакт бирикмалари тепловизор қурилмалари ёрдамида текширувдан ўтказилди ва
200 тадан ортиқ аниқланган қизишлар бартараф қилиниб, фавқулодда ҳолатлар олди олинди.
Шунингдек, 500 киловольт кучланишли, техник-муҳандислик номи Л-507 ва Л-508 бўлган линиялар таянчларини тортиб турувчи “U” шаклидаги болтлар ҳамда фундаментлари очиб кўрилди. Нуқсони аниқланган “U” шаклидаги болтлар ва фундаментлари алмаштирилиб таянчлар мустаҳкамлиги оширилди.
Қўшни Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи 500 киловольт кучланишли техник-муҳандислик номи Л-503 ва Л-504 бўлган линиялар тўлиқ кўрикдан ўтказилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Авариявий ҳолат содир бўлганда, носозликни зудлик билан бартараф этиш мақсадида, бориш қийин бўлган таянчларгача (тоғли, қир-адирли ҳудудларда) махсус йўлаклар барпо этилди.
Шунингдек, 2024/2025 йил куз-қиш мавсумида юқори кучланишли подстанциялар ва электр узатиш тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида 150 тонна трансформатор мойи,
1000 килограмм техник пластина, 35 тонна турли русумли симлар,
10 километр кабель маҳсулотлари, 23 дона металл таянч устунлари,
26 дона темир-бетон таянч устунлари, 10000 та изолятор, 12 та турли қувватдаги трансформаторлар захираси яратилди.
Шунингдек, авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 65 та навбатчи гуруҳлар бригадаси ташкил этилган бўлиб, улар махсус автотранспорт, зарурий эҳтиёт қисмлар, шунингдек, алоқа ҳамда ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланган.
Мавсумий ишлар учун жами 147 та автотранспорт воситаси жалб этилган. Шундан, 22 та юк кўтариш автокрани, 70 та бригада автотранспорти, 30 та кўтариш мосламаси, 17 та техник-муҳандислик лаборатория бригадаси ва 8 та эксковатор шай ҳолатга келтирилди.
Бундан ташқари, 110–220–500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоқларида олиб бориладиган назорат кўрикларининг самарадорлигини ошириш мақсадида ўчувчисиз учиш аппарати — дрондан фойдаланиш жорий этилган.
Электр узатиш ҳаво тармоқларида инсон омили билан юз бериши мумкин бўлган фавқулодда ўчишларнинг олдини олиш мақсадида, магистрал электр линияларининг муҳофаза зоналарида ёки унга яқин ва туташ ҳудудларда жойлашган буғдой майдонлари бириктирилган деҳқон ва фермер хўжалик раҳбарларини ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш, далаларда ёнғин келиб чиқиши ва унинг тарқалишига йўл қўймаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, йўл қўйилган ножўя ҳаракатлар учун амалдаги қонун ҳужжатларига асосан жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилди.
Жумладан, жами 502 та фермер ва деҳқон хўжаликлари огоҳлантирилган бўлиб, шундан 103 таси 500 кВ ли, 338 таси 220 кВли, 61 таси 110 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари муҳофаза зонасига тўғри келади.
Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/45360
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати