Янгиликлар
Энергетика тизимида ходимларнинг коррупцияга оид ҳаракатлари юзасидан 423 та мурожаат келиб тушган
  • 28.06.2024
  • 80

АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев тизимда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди:

Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар. Бугунги брифингда ёқилғи-энергетика соҳасидаги ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш бўйича 2023 йил ҳамда 2024 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритамиз.

Энергетика вазирлиги, унинг тизим ташкилотлари ҳамда тизимдаги акциядорлик жамиятлари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, 2023 йилда Энергетика вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Электр энергияси, нефть ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмалари шакллантирилиб, бўлинмалар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда ўтказилган очиқ танловлар натижасида малакали мутахассислар билан тўлдирилди.

Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Энергетика вазирлигининг Коррупцияга қарши курашиш сиёсати” ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича 10 дан ортиқ ички меъёрий ҳужжатлар тасдиқланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда “Энергетика соҳасида коррупцияга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш бўйича идоравий дастур” ва пора олиш ҳамда пора бериш хавфларининг юзага келиши сабаб ва шарт-шароитларини олдини олишга қаратилган “Йўл харита”си ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши томонидан тасдиқланди. Ушбу ҳужжатларда 2023-2024 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган тизимли ишлар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида коррупцияга қарши ҳамда коррупцион хавф-хатарни минималлаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни ўз ичига олган ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Ҳозирги вақтда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда Ёқилғи-энергетика соҳасини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Энергетика вазирлиги ўртасида тизим ташкилотларига малакали ва энг муносиб кадрларни очиқ мустақил танлов орқали танлаб олиш борасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Унга кўра, Энергетика вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотларидаги вакант лавозимларга ишга қабул қилиш Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали – vacancy.argos.uz орқали амалга оширилмоқда.

2023 йил ҳамда 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида вазирлик, тизим ташкилотлари ва мутасадди акциядорлик жамиятлари томонидан коррупцияга қарши курашиш ҳамда коррупция рискларини минималлаштиришга қаратилган 20 дан ортиқ ички меъёрий ҳужжатлар тасдиқланди ҳамда 30 дан зиёд ички меъёрий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Шу билан бирга 20 дан кўп янги ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида саводхонликни ошириш мақсадида тизим ходимлари учун 650 дан ортиқ маърузалар, 2200 дан зиёд давра суҳбатлари ва 600 дан кўп семинарлар ўтказилди.

Ёқилғи-энергетика тизимининг 40 мингдан ортиқ ходимлари ўртасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган аноним сўровномалар ўтказилди.

Комплаенс назорат тузилмалари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимлари томонидан тизим корхоналарида аниқланган қоидабузарликларни тўлиқ ўрганиш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ходимларни аниқлаш, уларнинг ҳаракатларига холисона баҳо берилишини таъминлаш мақсадида 700 дан зиёд хизмат текширувлари ўтказилди. Хизмат текширувлари натижаларига кўра, 191 та хизмат текширувига алоқадор ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этилди (Прокуратура ва ИЖҚК Департаментига – 146 та, ДХХга – 11 та ва ИИБга – 34 та).

Алоқа каналлари орқали ходимларнинг коррупцияга оид ҳаракатлари юзасидан 423 та мурожаат келиб тушган бўлиб, унинг 61 таси қаноатлантирилди. 229 та ҳолатда мурожаатчиларга тушунтиришлар берилди. 16 та мурожаат кўрилмасдан қолдирилди. 26 та ҳолатда эса келиб тушган маълумотлар ўз тасдиғини топмади.

Мурожаатларни ўрганиш натижасида 78 нафар ходимга “ҳайфсан” интизомий чораси кўрилди. 41 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 91 та ҳолатда материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига чиқарилди.

Шунингдек, аниқланган 291 та манфаатлар тўқнашувини нейтраллаштириш чоралари кўрилди.

Ёқилғи-энергетика соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар билан шартномавий муносабатларга киришаётган контрагентлар бўйича 532 та ҳолатда ўрганиш ишлари амалга оширилди. Натижада ташкилотлар манфаатига зарар келтириши эҳтимоли бўлган 11 та контрагент билан шартнома тузиш рад этилди.

Вазирлик ва тизим ташкилотлари раҳбарияти, комплаенс назорат тузилмалари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимлари томонидан тизимда коррупция ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш ва тизим ходимларининг ҳуқуқий онгини ошириш, уларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантириш мақсадида жами 90 мингдан ортиқ ходимлар иштирокида 1 минг 831 та умумий профилактик-огоҳлантирув, тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди.

Шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этишга эҳтимолий мойиллиги мавжуд 7,5 мингдан ортиқ раҳбар ва ходимлар билан якка тартибда профилактик-огоҳлантирув тадбири олиб борилди.

Келгусида ҳам Энергетика вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари ўз фаолиятларига коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандарт талабларини татбиқ қилиб, коррупциянинг олдини олишга қаратилган превентив чораларни кучайтиришни мақсад қилишган.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/44911

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>