Янгиликлар
Энергетика вазирлигида Хитойнинг Циан нефть университети раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди
  • 17.05.2024
  • 131

Бугун, 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг “Xi’an Shiyou University” нефть университети партия қўмитаси котиби бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Далиев, Циан нефть университети партия қўмитаси котиби Чанг Жианг бошчилигидаги делегация аъзолари ҳамда вазирлик тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Хитойнинг Циан шаҳрида жойлашган Циан нефть университети 1951 йилда ташкил топган бўлиб, 18 та факультетда нефть ва нефть-кимё саноати учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган.

Университетда 23 мингдан ортиқ талабалар, хусусан, 17 мингдан ортиқ бакалавр, 5 мингдан зиёд аспирантлар, 1000 дан ортиқ хорижий талабалар таҳсил олади. Айни пайтгача ушбу университетни 170 мингдан ортиқ талаба тамомлагани қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон-Хитой ўртасида барча соҳаларда кенг кўламли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани, бу борада, айниқса, ёқилғи-энергетика соҳасидаги ишлар уларнинг асосий қисмини ташкил этаётгани алоҳида таъкидланди.

Мисол учун, бугунги кунда умумий қиймати қарийб 12 млрд долларга яқин бўлган 45 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бу борадаги ишларни нефть ва нефть-кимё саноатида ҳам изчил давом эттириб, юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши билдирилди.

Шу мақсадда, мамлакатимиз нефть-газ ва нефть-кимё саноатида фаолият юритаётган ишчи-ходимларни Циан нефть университетига магистратура босқичида таълим олишга ҳамда илмий иш қилиш (PhD) учун юбориш, уларни Хитой тилига ўқитиш ҳамда Циан университетининг Ўзбекистонда филиалини очиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/11442

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>