Янгиликлар
Брифинг: Юқори кучланишли подстанция ҳамда магистрал электр тармоқларида олиб борилаётган мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари
  • 14.05.2024
  • 149

Эътиборингизга «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан юқори кучланишли подстанция ҳамда магистрал электр тармоқларида айни кунларда олиб борилаётган мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари юзасидан маълумотлар тақдим этамиз.

Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, магистрал электр узатиш ҳаво тармоқлари, подстанциялардаги куч трансформаторлари юкламалари, қурилмаларнинг техник ҳолати мунтазам текшириб борилади.

Юқори кучланишли электр қурилмаларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида, 2024 йил учун тасдиқланган режага асосан, жорий йил январь-октябрь ойларида 848,3 км узунликдаги 110–220–500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқлари, 9 дона подстанция трансформаторлари, 31 дона ўчиргич ва 4 дона компрессор қурилмалари мукаммал таъмирланади.

Шу билан бирга, жорий йилда 5451,088 км узунликдаги 110–220–500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари, 304 дона подстанция трансформатори, 1643 дона ўчиргич, 12 дона компрессор қурилмалари жорий таъмирланади. 

Жумладан, май ойида 14,5 км узунликдаги 110–220–500 кВ кучланишли электр тармоқлари, 1 дона подстанция трансформатори, 4 дона ўчиргич, 1 дона компрессор қурилмасида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Жорий йил май ойида 125 км узунликдаги 110–220–500 кВ кучланишли линиялар, 24 дона подстанция трансформатори, 98 дона ўчиргичлар жорий таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Агар жорий йил бошидан амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилсак, январь-май ойида 384,196 км узунликдаги 110–220–500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқлари, 2 дона подстанция трансформатори, 15 дона ўчиргичлар, 4 дона компрессор қурилмаси мукаммал таъмирланди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг январь-май ойларида 2037,3 км узунликдаги 110–220–500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқлари, 147 дона подстанция трансформатори, 710 дона ўчиргич, 7 дона компрессор қурилмаларида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди ва режага мувофиқ давом эттирилмоқда.

Шунингдек, “Магистрал электр тармоқ подстанцияларини замонавийлаштириш ва реконструкция қилиш”  инвестиция лойиҳасига асосан 220 ҳамда 500 кВ кучланишли юқори кучланишли подстанцияларнинг ўрнатилган қувватлари ошириб борилмоқда.

Мисол учун, навбатдаги модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж ишлари Андижон вилоятида жойлашган 500 кВ кучланишли “Лочин” подстанциясида олиб борилди.

500/220/10 кВ «Лочин» подстанциясининг қувватини ошириш ҳамда аҳолини ишончли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида мавжуд АТ-2 3х167 МВАли автотрансформаторлар ўрнига 3х267 МВА қувватли янги автотрансформаторлар ишга туширилди. Бунинг натижасида подстанцияда қўшимча 300 МВА қувват яратилди. Ҳозирда подстанциянинг умумий ўрнатилган қуввати 1302 МВА етказилди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг якунига қадар АТ-1 3х67 МВАли автотрансформаторлар ўрнига 3х267 МВА қувватли янги автотрансформаторлар ишга туширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида подстанцияда қўшимча 300 МВА қувват яратилади. Ишлар якунлангандан сўнг подстанциянинг умумий қуввати 1602 МВА га етказилади.

 

 

Ҳурматли истеъмолчилар, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан юқори кучланишли подстанция ҳамда магистрал электр тармоқлари барқарор фаолияти учун барча куч ва ресурслар сафарбар этилган.

Мамлакатимизда истеъмол ҳажми сезиларли даражада ошиши кутилаётган ёз мавсуми, бундан ташқари, 2024/2025 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари режага мувофиқ амалга оширилмоқда.

Батафсил маълумотлар билан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг расмий uzbekistonmet.uz веб-сайти орқали танишишингиз мумкин.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Улуғбек Урунов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>