Янгиликлар
uza.uz — Магистрал электр тармоқларида содир бўлган носозликлар бартараф этилди (+video)
  • 19.02.2024
  • 65

Жорий йилнинг 16 февраль куни юртимизга кириб келган совуқ ҳаво, хусусан, кучли шамол электр тармоқларида турли носозликлар келтириб чиқарди. Бу каби тармоқлардаги узилишлар тезкор бригадалар томонидан ўз вақтида бартараф этилмоқда.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти  ахборот хизматининг маълум қилишича, 220 кВ кучланишли “Файзиобод” (Тошкент шаҳри) ҳамда “Адолат” (Тошкент вилояти) подстанцияларини боғловчи L-A-F линиясининг 99- ва 100-таянч устунлари кучли шамол таъсирида шикастланган. Аниқроғи, ёмғирдан сўнг ёққан қор электр тармоғи симида қалин муз қопламаси ҳосил бўлишига сабаб бўлиб, сўнг эсган кучли шамол оғирлашиб қолган юқори кучланишли электр тармоғининг иккита таянч устунлари қулашига сабаб бўлган.  

Ушбу электр тармоғи иккита юқори кучланишли подстанциялар оралиғига қурилган бўлиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти электр таъминоти тизими ишончлилигини оширишга хизмат қилади ва истеъмолчилар тармоғи билан боғланмаган. Яъни, мазкур носозлик истеъмолчилар электр таъминотида узилишларга сабаб бўлмаган.  

“Ўзбекистон МЭТ” АЖ мутахассисларидан иборат навбатчи бригадалар 2 кун давом этган таъмирлаш тиклаш ишларини амалга ошириб, қулаган металл конструкцияли таянч устунлари ўрнига янги темир-бетон таянч устунлар ўрнатди. Улар электр тармоғи симини тортиб, линияни кучланиш остига қўйди ва муаммони ҳал этди.  

Айни кунларда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги юқори кучланишли электр тармоқлари белгиланган тартибда навбатдан ташқари назорат кўригидан ўтказилмоқда. Аниқланган камчиликлар тезкор тартибда бартараф этилмоқда.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/magistral-elektr-tarmoqlarida-sodir-bolgan-nosozliklar-bartaraf-etildi_569067

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>