Янгиликлар
Кеча республикадаги заправкаларнинг 91 фоизи тўлиқ иш фаолиятида хизмат кўрсатган
  • 04.01.2024
  • 61

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

31 декабрь – 2 январь санаси оралиғида мамлакатимизда жами 670,6 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва истеъмолчиларга 624,2 миллион кВт·соат электр энергияси етказиб берилди.

Мазкур кунлар давомида тизимда йирик авариялар ҳамда фавқулодда ҳодисалар рўй бергани йўқ. Барча тизим ташкилотларида 24 соатлик туну кун навбатчилик йўлга қўйилиб, махсус бригадалар электр энергияси ва газ таъминотида юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этишди.

Республика табиий газ истеъмоли 446 миллион кубометрни ташкил қилди.

Кеча, 3 январь куни эса электр станциялар орқали жами 234,1 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга 219,8 млн кВт·соат электр энергияси етказиб берилди.

Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 47,4 млн кубометр табиий газ, 20,6 минг тонна кўмир ҳамда 2,4 минг тонна мазут ёқилди.

Республика табиий газ истеъмоли 3 январь куни 150,8 млн кубометрни ташкил қилди.

Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида метан заправкаларга киритилган чекловлар олиб ташланди. Барча ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.

Кеча мамлакатимиздаги жами 1 минг 507 та метан заправканинг 1 минг 363 таси, яъни 91 фоизи тўлиқ иш фаолиятида ишлаган.

Автобензин ва дизель ёнилғиси талабни қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 3 январь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига жами 2 минг 607 тонна автобензин етказилди.

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига 12,1 млн кубометр табиий газ ҳамда 600 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Шунингдек, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун биржа савдоларига 3 минг 425 тонна автобензин, 3 минг 593 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 2 минг 906 тонна автобензин ҳамда 72 тонна дизель ёнилғиси сотилган.

Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик асосида ишлаяпти.

Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам зудлик билан бартараф этиб борилмоқда.

Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 7 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинди.

Таъминотдаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан келиб тушган 104 та мурожаат махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича 168 та мурожаат келиб тушди. Мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.

Тармоқларда юзага келаётган носозликларни тезкор таъмирлаш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган 1 минг 691 та махсус бригада сафидаги 7 минг 300 нафардан зиёд ишчи-ходимлар туну кун ишлаб, жойларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқдалар.

Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини илтимос қилиб қоламиз.

 

 

Ҳурматли истеъмолчилар! Электр таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки Фейсбук ижтимоий тармоғидаги гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/40903

https://telegra.ph/Kecha-respublikadagi-zapravkalarning-91-foizi-t%D1%9Eli%D2%9B-ish-faoliyatida-hizmat-k%D1%9Ersatgan-01-04

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>