Энергетика вазири вазрлик томонидан компанияларга нисбатан ким ўрнатиши бўйича тўсиқлар ва рўйхатлар йўқлигини маълум қилди.
Фото: «Газета.uz»
Ўзбекистонда 1 октябрдан электр энергияси тарифларининг ошиши тадбиркорлар томонидан кўпроқ қуёш панеллари ўрнатилишига олиб келди. Бу ҳақда 8 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.
Экопартиядан сайланган депутат Равшанбек Бегматов аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида қуёш батареяларини ўрнатиш бўйича тасдиқланган параметрлар етарли даражада бажарилмаётганини таъкидлади. Жумладан, 1 октябрь ҳолатига кўра, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат муассасаларида қайта тикланадиган энергия манбаларини ўрнатиш ишлари 77 фоизга, тадбиркорлар биноларида 15 фоизга, турар-жой биноларида 36 фоизга, кўп қаватли уйларда 26 фоизга бажарилган.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу ерда фақат «Яшил энергия» платформасига киритилган маълумотлар кўрсатилгани, барча ўрнатилган панеллар ҳисобга олинмаганини таъкидлади.
Жўрабек Мирзамуҳмудов (пастдан чапда).
Унинг сўзларига кўра, тўққиз ой давомида 700 МВт дан ортиқ қувватга эга қуёш панеллари ва инверторлар импорт қилинган. 9213 та ижтимоий объект ва давлат муассасаларига 176,7 МВт қувватга эга қуёш батареялари ўрнатилган, яъни кўрсаткичлар 80 фоизга бажарилган, 36 минг хонадонда 70,7 МВт, 11 920 та маҳаллий тадбиркорлик субъектида 140,1 МВт (32 фоиз) қувватга эга панеллар ўрнатилган.
«Шу ўринда айтиш керакки, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ўрнатиш даражаси пастлигининг асосий сабаби, энг аввало — тариф. Агар тўққиз ой давомида [бизнеснинг ўрнатиш даражаси 28 фоизни ташкил этган бўлса], 1 октябрдан тарифлар оширилгандан сўнг, ойлик кўрсаткич 4 фоизга ошди. Яъни бизнес учун тарифларнинг ошиши муқобил энергияни жорий этишни тезлаштирди. Ва кўп қаватли уйларда 4,59 МВт (32%) ўрнатилди. Бу ерда асосий муаммо, уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан шартномалар тузишда муаммолар бор», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.
Жўрабек Мирзамахмудов асосий эътибор йирик муқобил энергия лойиҳаларини амалга оширишга қаратилаётганини таъкидлади — йил охирига қадар қуввати 1900 МВт бўлган қуёш электр станциялари ва 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини ишга тушириш режалаштирилган.
Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов мазкур лойиҳани амалга ошириш бошланишида маҳаллий депутатлар томонидан қуёш батареяларини ўрнатишда сунъий тўсиқлар бўйича мурожаатлар келиб тушганини таъкидлади. Хусусан, панелларни ўрнатган компаниялар Энергетика вазирлигида рўйхатдан ўтишлари ва реестрга киришлари керак. Оқибатда айрим туманлар реестрдаги корхоналари йўқлиги сабабли бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳридан мутахассисларни жалб қилишга мажбур бўлган.
Исмоилов хизмат кўрсатувчи компанияларнинг йўқлиги, шунингдек, тушунтириш ишларининг етарли эмаслигини таъкидлади, чунки «баъзи одамлар доимо ток бўлиши учун панел ўрнатишнинг ўзи кифоя деб ўйлашади, лекин аккумулятор ҳам керак бўлади».
Энергетика вазири вазрлик томонидан компанияларга нисбатан ким ўрнатиши бўйича тўсиқлар ва рўйхатлар йўқлигини маълум қилди.
Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2023/11/15/solar-panels/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати