Янгиликлар
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҚУЙИЧИРЧИҚ ТУМАНИДА ЭНЕРГИЯТЕЖАМКОР ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ ҚУРИЛАДИ
  • 03.08.2020
  • 902

   2020 йил 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида электр энергияси таъминоти барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4791-сонли қарори қабул қилинди.

   Қарорга мувофиқ, 2020-2023 йилларда Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида “Янги 500 кВ кучланишли «Ҳалқа» нимстанцияси ҳамда 220 кВ ва 500 кВ кучланишли ҳаво электр тармоқларини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланди.

   Лойиҳа доирасида қуввати 1400 МВА бўлган 500/200/10 кВ кучланишли, йиллик электр энергиясини тақсимловчи замонавий энергия тежамкор нимстанция қурилиши, умумий узунлиги 410 км электр узатиш тармоқлари қурилиши кўзда тутилмоқда.

   Қарорга кўра, лойиҳани амалга ошириш учун халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилиши ҳамда лойиҳа доирасида халқаро тендер савдолари ўтказилиши белгиланди.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

 

 

   Қуйида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.07.2020 й. ПҚ-4791-сон «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида электр энергияси таъминоти барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг тўлиқ матнини эътиборингизга ҳавола этамиз:

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

29.07.2020 й.

N ПҚ-4791

 

ТОШКЕНТ ШАҲРИ ВА ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТИ БАРҚАРОРЛИГИНИ

ЯНАДА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

 

   Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш, аҳоли учун электр таъминоти барқарорлигини янада ошириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4563-сон қарорига мувофиқ:

   1. Қуйидагилар:

   а) 2020-2023 йилларда Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида «Янги 500 кВ кучланишли «Ҳалқа» нимстанцияси ҳамда 220 кВ ва 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш» инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда - лойиҳа) молиялаштириш юзасидан Жаҳон банки билан дастлабки келишувга эришилганлиги;

   б) лойиҳани амалга ошириш доирасида:

   - қуввати 1 400 МВА бўлган 500/220/10 кВ кучланишли, йиллик электр энергиясини тақсимловчи замонавий энергия тежамкор нимстанция қурилиши;

   - умумий узунлиги 410 км, жумладан 322 км узунликдаги 220 кВ ва 88 км узунликдаги 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

   2. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ билан биргаликда ишлаб чиқилган:

   - «Янги 500 кВ кучланишли «Ҳалқа» нимстанцияси ҳамда 220 кВ ва 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» 1-иловага мувофиқ;

   - «Янги 500 кВ кучланишли «Ҳалқа» нимстанцияси ҳамда 220 кВ ва 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш» инвестиция лойиҳаси доирасида асбоб-ускуна ва материаллар харид қилиш, шунингдек қурилиш-пудрат ишларини амалга ошириш учун халқаро тендер савдолари ўтказиладиган пакет ва лотлар жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

   3. Тошкент вилояти ҳокимлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда лойиҳа доирасида электр энергетика объектларини қуриш учун «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани, «Пахтазор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер майдони ажратилишини таъминласин.

   4. Белгилансинки:

   - истисно тариқасида, мазкур қарорнинг 3-бандига мувофиқ ер майдонлари ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ундирилмайди;

   - лойиҳа доирасида электр энергетика объектларини қуришда ер участкалари мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачиларининг кўрган зарарлари, бой берилган фойда харажатлари ҳамда уларни баҳолаш харажатлари «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ маблағлари ҳисобидан қопланади.

   5. Энергетика вазирлиги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ билан биргаликда тўрт ой муддатда лойиҳани молиялаштириш манбаларини аниқлаб, лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва улар бўйича белгиланган тартибда экспертиза хулосалари олинишини таъминласин.

   Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишида лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан унинг қийматини мақбуллаштириш чораларини кўрсин.

   6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ билан биргаликда:

   - икки ой муддатда лойиҳани амалга ошириш, жумладан унинг молиялаштириш манбаларини аниқлаш юзасидан халқаро молия институтлари билан музокараларни якунласин;

   - лойиҳани амалга ошириш доирасида белгиланган тартибда малакали хорижий консультантлар ва мустақил экспертларнинг танлов асосида жалб этилишини таъминласин.

   7. Қуйидагиларга:

   - Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Ў. Умурзаковга - лойиҳани амалга ошириш учун халқаро молия институтлари маблағларининг жалб этилиши ва ўз вақтида ҳамда самарали ўзлаштирилишини, лойиҳа доирасида халқаро тендер савдолари сифатли ўтказилишини таъминлаш, шунингдек, ҳар ойда лойиҳанинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботини эшитиш;

   - Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султановга - лойиҳа қийматининг мақбуллаштирилиши, унинг доирасида малакали хорижий консультантлар ва экспертларнинг жалб қилиниши, қурилиш-пудрат ишлари тизимли назорат қилинишини таъминлаш, шунингдек, лойиҳа доирасида бажарилган ишларни доимий таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш;

   - Тошкент вилояти ҳокими Р.Қ. Холматовга - лойиҳани амалга ошириш учун зарур ер майдонларини ўз вақтида ажратиш, улар эгаларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш;

   - «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ раиси Д.А. Исакуловга - лойиҳа ҳужжатлари пухта ишлаб чиқилиши, қурилиш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

   8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

          Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев

 

Манба:  https://lex.uz/

>