Янгиликлар
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Хитой Давлат энергетика бошқармаси ўртасида қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳукуматлараро битим имзоланди
  • 19.10.2023
  • 193

Аввал хабар берганимиздек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумида иштирок этмоқда. Унда кўплаб муҳим масалалар қатори энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам икки томонлама учрашувлар ўтказиляпти.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Давлат энергетика бошқармаси ўртасида қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳукуматлараро битим имзоланди.

Мазкур битим Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 15 сентябрдаги Қўшма баёнотини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатда энергия хавфсизлигини таъминлаш, яшил ва кам углеродли энергия алмашинуви ҳамда углерод нейтраллигига эришишни рағбатлантириш учун қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги учрашувда алоҳида таъкидланди.

Қайд этилдики, ушбу битимнинг мақсади қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Хитой – Ўзбекистон энергетика ҳамкорлигини доимий равишда янги мазмун билан бойитишдан иборат.

Битим доирасида томонлар “яшил ривожланиш”га ўтишни тезлаштириш, электр узатиш тармоқларини қайта тикланувчи энергия манбалари учун бутловчи қисмларни қуриш ва модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида илмий-техник базани ривожлантириш ва қўшма тадқиқотлар олиб бориш, қайта тикланувчи энергетикани, шу жумладан, қуёш ва шамол энергетикасини кенг миқёсда ривожлантириш, иштирокчи давлатлар аҳолиси фаровонлигини янада ошириш мақсадида энергия тежовчи технологиялар ва тизимларни кенг жорий этиш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қиладилар.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/9352

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>