Янгиликлар
НАМАНГАН: “Қамчиқ” довони ва 220 кВ кучланишли “Сардор” подстанциясида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказилди
  • 29.08.2023
  • 301

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, уни беталофат ўтказиш, электр энергетика ҳамда газ таъминоти тизимини барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига электр энергияси ва газ ресурсларини етказиб беришда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида “Наманган магистрал электр тармоқлари” филиали балансидаги, “Қамчиқ” довони ҳудудидан кесиб ўтувчи электр узатиш ҳаво тармоқларида қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ҳамда 220 кВ кучланишли “Сардор” подстанциясида “Фавқулодда вазиятлар содир бўлганда объект раҳбарияти, қутқарув тузилмалар ҳамда тегишли хизматлари билан ҳамкорликда ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув машқлар ўтказилди.

Қўмондонлик-штаб ўқув машқи ҳамда махсус-тактик ўқув машқларида “Наманган магистрал электр тармоқлари” филиали раҳбар ҳамда ишчи-ходимлари фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришдилар.

Алоҳида таъкидландики, ўтган йилги аномал совуқда юзага келган авариялардан келиб чиқиб, объектларнинг бу йил куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида қисқа муддатда режали таъмирлаш ишларини якунлаш ва мавсумга тайёргарликни таъминлаш бўйича амалий ҳаракатларни якунига етказиш зарур.

 

 

Маълумот ўрнида айтиш алоҳида таъкидлаш лозимки, юқори кучланишли электр тармоқларининг барқарор фаолияти учун 2023 йилда 8 дона куч трансформатори, 36 дона ўчиргич, 3 дона ҳаво компрессори ва узунлиги 830,68 км бўлган 110–220–500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво линияларини мукаммал таъмирлаш, жумладан 289 дона подстанция трансформатори, 1532 дона ўчиргич, 22 дона ҳаво компрессори ва узунлиги 4958,751 км бўлган 110–220–500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво линияларини жорий таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, 2023\2024 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, яъни магистраль электр тармоқлари объектларида таъмирлаш-созлаш, қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг баҳор ойида бошланган мавсумий тайёргарлик ишлари 2023 йилнинг 1 октябрь санасига қадар давом эттирилади.

Наманган вилоятида ўтказилган ўқув машқлари кўргазмали шаклда ташкил этилиб, уларни ўтказиш давомида ҳар бир юқори кучланишли подстанция ва линиялар бўйича уларга хизмат кўрсатувчи бўлим ва хизматлар томонидан мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, авариялар содир бўлганда табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ишларини ташкил этиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, авария ҳолатларида ҳудудий бошқарув органларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштириш, шунингдек, заҳира материаллар тўпламлари намойиши, уларнинг сони ҳамда ҳаракат қилиш тартибларига аниқлик киритиш кабиларга алоҳида эътибор қаратилди.

Машқ якунига бағишланган тадбирда “Наманган магистрал электр тармоқлари” филиали томонидан бажарилган ишлар “мавсумга тайёр, қониқарли” деб баҳоланди. Жузъий хато ва камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Масъулларга тегишли топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.

 

 “Наманган магистрал электр тармоқлари” филиали

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>