ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «2030 йилга келиб автобусларнинг барчаси электробус бўладими?»
  • 03.08.2023
  • 96

«Ўзбекистон — 2030» стратегияси лойиҳасида мамлакат жамоат транспортини «электробус ва электромобиллар» билан янгилаш таклиф этилган. Шунингдек, жамоат транспортини экологик тоза ёқилғига ўтказиш назарда тутилган. Ҳужжатда электрда ҳаракатланувчи транспортларнинг бошқа турлари келтирилмаган.

2030 йилга бориб Ўзбекистонда бутун ер усти жамоат транспорти паркини электробус ва электромобиллар билан янгилаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда муҳокамага қўйилган «Ўзбекистон — 2030» стратегияси лойиҳасида айтилган.

Ушбу мақсад III. «Сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш» боби 3.2 «Атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ислоҳотлар» бўлимида келтирилган.

Шунингдек, II. «Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш» бобида бироз бошқача мақсад бор: «Жамоат транспортини тўлиқ экологик тоза ёқилғига ўтказиш».

Худди шу бобда «шаҳар ва туманларни жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиш, янги автобуслар сонини 5 мингтага ва электробуслар сонини 2 мингтага етказиш» мақсади бор.

Яқинда президент томонидан тасдиқланган Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантириш режасида электробусларнинг жамоат транспортидаги улушини ҳозирги 17 фоиздан 50 фоизга ошириш вазифаси белгиланган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев шу мақсадда 1200 та электробус харид қилиш, дизель ёқилғиси билан ишлайдиган автобусларни табиий газда ҳаракатланувчи транспорт воситаларига алмаштиришни маълум қилганди.

Баҳорда Тошкент шаҳри учун Хитойдан 700 дона сиқилган газли автобус ва 300 дона электробус харид қилиниб, келтирилди. Нукус шаҳри ва вилоятлар марказлари учун яна 1000 та газда ҳаракатланувчи автобус харид қилиш режалаштирилган.

Самарқанд шаҳрига 350 та, жумладан, жорий йилда 100 та электробус харид қилинмоқда.

Стратегия лойиҳасида электрда ҳаракатланувчи транспортининг бошқа турлари — метро, трамвай ёки троллейбус ҳақида сўз юритилмаган.

Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2023/08/03/public-transport/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>