ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «ШАМОЛГА СОВУРИЛАЁТГАН… ШАМОЛ»
  • 27.07.2023
  • 151

«Ishonch» газетасининг 2022 йил 12 апрель сонида мутахассис Юсуп Камалов билан суҳбат («Шамолдан нур»)ни ўқиб, бундан роса ўттиз бир йил муқаддам айни мавзуда ёзганим ёдимга тушди. Уни ўша даврда чиқиб турган «Мулоқот» журнали (1991, №4) нимагадир аёвсиз қисқартириб, икки абзац ҳажмида чоп этган эди. У замонда юртимиз энди мус­тақил бўлган, иқтисодий қийинчиликлар авжида эди, шунинг учун ҳам мақоладаги таклиф ва мулоҳазалар деярли ҳеч кимнинг назарига тушмади. Экология­­га зиён етказмаган ҳолда энергия олиш энг муҳим муаммога айланган ҳозирги пайт­­да унга сал-пал қалам ­теккизган ҳолда сиз, азизларга илиндим.

(Муаллиф)

Фарғона водийси ўз тектоник тузилишига кўра бамисоли тиккасига кесилган улкан хумнинг бир палласи: бу «хум»нинг қорни – водийнинг ўнлаб туманлари бўлса, бўғзи эса, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳудудидаги Ховос, ­Бекобод-Янгиер атрофларига тўғри келади. Мана шу «бўғиз»да шамол йўли бор. Водий сари эсадиган кучли ҳаво оқими «Қўқон шамоли», водийдан Сирдарё вилояти томон йўналгани эса «Бекобод шамоли» деб аталади.

Бу шамол йўли кеча ё бугун пайдо бўлмаган, азалдан бор ва агар водий тектоникаси қачондир ўзгариб кетмаса, шамол мангу ғувиллаб эсаверади.

Бекобод-Қўқон шамол йўлаги қарийб 2 минг кв. километр (200 минг гектар) ҳудудни ишғол қилади.. «Бекобод шамоли… Фарғона водийсининг ғарб томонидаги (эни 9-40 км., узунлиги 70-75 км.ли) Фарғона йўлаги (Хўжанд йўлаги) орқали эсади, деб ёзилади «Ўзбекис­тон миллий қомуси»да. «Бир йилда ўртача 52 кун кучли шамол эсади. Шамол ариқ ва каналларни қумга кўмиб, автомашина, вагон, дарахтларни йиқитган, телефон ва телеграф устунларини ағдариб ташлаган пайтлар ҳам бўлган. …Бекобод – Қўқон шамолидан Сирдарё вилояти ҳамда Фарғона водийси – Қўқон атрофидаги экинлар зарар кўради. Тупроқнинг унумдор устки қисмини шамол олиб кетишидан яхши унум бермайдиган бўлиб қолади».

«Қўқон» – шамолли ер деганидир: профессор Ҳамидулла Ҳасановнинг ёзишича, «Хў» – қаттиқ шамол, «қанд» (канд) эса – аҳоли яшайдиган жой.

Шамол зарарини камайтириш учун кўрилаётган чоралар эса ҳозирча асосан унинг кучини қирқишга қаратилган: далалар 100-120 м. энликда карталарга бўлинади, кейин 5-10 м. жой қолдириб, иҳота дарахтлари экилади. Дарахтлар шамол кучини кесади, ­тупроқ намининг буғланиб кетишини камайтиради, ерга яқин қатламда ҳавонинг нисбий намлигини оширади.

Албатта, 200 минг гектар катта майдонда ғувиллаб эсган шамол нафақат ғўза сингари инжиқ экинларнинг униб, яхши ҳосил беришига, ҳатто шу майдондаги дов-дарахт ва боғларга, жон-жониворларга, шу ерларда яшаб тирикчилик қиладиган одамларга ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Бу жойларда бўлсангиз, дарахтлар доимий шамол туфайли қийшайиб ўсишини; ток парваришлаган киши унга ўз иморатидан ҳам мустаҳкамроқ қилиб сўри ясашга мажбур бўлганини кўрасиз – мундайроқ ваиш шамолда синиб тушади; одамлар томига шифер ё тунука ёпа олмайди – учириб кетишидан қўрқади. Аччиқ шамол киши этини жунжиктириб, соғлиғига зиён етказади.

Шамол кучини қирқиш учун иҳота дарахтзорларини барпо этишни академик Мирзаали Муҳаммаджонов таклиф қилган эди; аллома бу ерларда тупроқ эрозиясига қарши курашиш чораси сифатида ҳар юз метр оралиқда қатор дарахт ўтқазиб, шамол кучини сусайтиришга, шу орқали унумдор қатламнинг шамолга соврилишига барҳам беришни таклиф этган. Чунки ўша давр сиёсатига кўра, унса-унмаса, барча жойга пахта экиш шарт эди. Бундай шароитда ғўза ўстиришнинг бирдан-бир йўли – шамол йўлига кўкрак кериб турадиган дарахтзор қаторлари барпо қилиб, орасига пахта экиш бўлган.

Аммо ҳозир пахта яккаҳокимлигига барҳам берилган. Ғўза яхши ўсмайдиган, экилса, ҳосили муқаррар паст бўладиган ерларга эндиликда бошқа, шу жой шароитига чидамли экинлар экилади. Чунки асосий мақсад – иқтисодий даромад, яъни шу майдоннинг халқ хўжалигига энг кўп фойда келтириши. Бунинг учун эса пахта экиш шарт эмас.

Хўш, бу ерлардан қандай қилиб бошқача усулда фойдаланиш, энг оптимал равишда даромад олиш мумкин?

Юқорида қайд этганимиздек, Фарғона водийсининг ҳозирги тектоник хусусияти сақланиб қолар экан, Қўқон шамоли абадийдир. Бир йилда камида икки ой муддатда секундига ўртача 25-30 метр тезликда эсадиган шамол йўлини мутассил оқиб турган улкан шамол дарёси деб таърифлаш мумкин. Бу дарёнинг эни ўртача 20 км. (энг тор жойи 9 км., энг кенг жойи эса 40 км.), маснадидан мансабига қадар бўлган масофа эса 70-75 км. келади. Йилнинг бошқа фаслларида бу ерларда шамол доимо эсиб туради ва унинг кучи ­бошқа жойлардаги шамолларга қараганда ҳамиша шиддатли.

Шамол кучини сусайтириш учун қийин шароитга чидамли (асосан ўтинбоп) дов-дарахтлар «пана»сига пахта экилар экан, барибир, унинг ҳосилдорлиги бошқа вилоятларнинг мўътадил об-ҳаволи жойларидагига қараганда пастроқ бўлади. Қолаверса, шамолпана дарахтзорларнинг ўзи ҳам ер майдонининг анча қисмини эгаллайди. Ва ниҳоят, ана шу 200 минг гектарнинг ҳаммаси ҳам деҳқончилик учун яроқли эмас, анча жойлар тоғ-тошли, паст-баланд рельефга эга.

Шундай бир савол туғилади: жуда катта кинетик кучга эга бўлган бу шамол оқимини «тормозлаш» шартми? Аксинча, унинг кучидан фойдалансак бўлмайдими? Масалан, бутун дунёда энергия танқислашиб, энергия ташувчи манбалар қиймати кескин ошиб кетган бир пайтда шамол кучидан деярли текин, экологик жиҳатдан безарар электр энергия­­си олиш мумкин-ку? Инчунин, ҳозир бизда электр энергиясига бўлган талаб пахтага бўлган талабдан ҳам ортиқроқ.

Мен шамол тегирмонларининг замонавий тури – шамол электр станциялари қуришни кўзда тутяпман. Қўқон-Бекобод шамоли ҳудудида бир ёки бир неча эмас, юз-юзлаб шамол электр станцияларидан иборат ШЭСларнинг улкан каскадини қуриш мумкин. Ва улар мамлакатимизнинг электр энергиясига бўлган талабини қондиришда катта роль ўйнаши аниқ. Одатда, ­ШЭСлар шамол тезлиги 5 м/сек. ва ундан тезроқ эсадиган жойларда қурилади. Ҳолбуки, биз кўзда тутган «бўғиз»да шамолнинг тезлиги энг тинч кунларда ҳам 5 м/сек.дан кам бўлмайди. Қишда – энергияга талаб кескин ошадиган маҳалларда эса у секундига 25-30 метр, баъзан эса 45 метргача шиддат билан эсади. Қолаверса, ШЭСларни экин майдонларига кўп ҳам дахл қилмаган ҳолда ҳаво оқими энг тиғиз ўтадиган тоғ-тошли қисиқ жойларда барпо этиш мумкин. Бундай жойларда шамолнинг тезлиги ва кучи янада ортишини ҳисобга олсак, бу ҳатто мақсадга мувофиқ ҳам.

Бизга, Қўқон-Бекобод шамоли доим ҳам бир хилда эсмайди-ку, шундай экан, сиз айтаётган шамол электр станцияларида энергия ишлаб чиқариш ҳам ўқтин-ўқтин бўлиб қолмайдими, деб савол бериш­лари мумкин.

Бунга жавобан қуйидагиларни айтсак бўлади: биринчидан, Қўқон-Бекобод шамоли асосан ноябрдан мартгача бўлган совуқ ва кун қисқарган пайтларда кучаяди, демак мазкур ШЭСларнинг асосий қуввати асосан қишда намоён бўлади. Бу эса айни муддао. Чунки шу маҳалда иситиш ва ёритиш эҳтиёжи туфайли электр энергиясига талаб айниқса ортади ва янги ишлаб чиқилган энергия бошқа электр манбаларига энг зарур пайтда қўшилади. Иккинчидан, мазкур шамол йилнинг исталган пайтида қўзғалиши ва бир неча кунлаб давом этиши ҳам мумкин, бу кўп кузатилган. Демак, шамол электр станциялари парраги айланмай қоладиган кунларнинг ўзи ниҳоятда кам.

Лекин бунда шамол кучидан максимал фойдаланиш масаласини ўйлаб кўрса бўлади. Яъни, эндиликда ­ШЭСлар баланд бир минора, унинг парраги ва парракнинг шамолга рўпара туришини таъминлайдиган улкан курак – виндразадангина иборат бўлмай, буларга шамол кучини айнан парракка қараб қуюқлаштириб йўналтирадиган улкан воронка ёки қия очиқ қўш табақали дарвоза шаклидаги мосламалар қўшилса, мақбул бўлар эди. Бунда воронканинг (дарвозанинг) кенг томони шамол келадиган томонга, торайган қисми эса ШЭС паррагига қараб ўрнатилади ва у шамолни қуюқлаштириб, янада тезлаштириб йўналтиради. Шу тарзда шамолнинг кинетик кучи бир қанча маротаба орттирилади ва шамол суст эсган маҳалда ҳам паррак нисбатан тезроқ айлана беради.

Албатта, мазкур «воронка» ёки «дарвоза»лар фанера ёки картондан эмас, балки энг пишиқ конструкцияли металл қопламалардан ясалади. Унинг юзаси қанча катта бўлса, шунча кўп шамолни «тўплаб йўналтириш»га, демакки, кўпроқ энергия юзага келишига омил бўлади. Шундай экан, у қарийб бўрон даражасидаги кучли шамол эпкинига ҳам бардош берадиган даражада бақувват қилиб қурилади.

Биз бежиз ушбу мосламага урғу бераётганимиз йўқ. Аввало, чет элларда ясалган ва ишлатилаётган аксар ШЭСлар асосан уч қисм – механик энергияни электр энергиясига айлантирадиган генератор ўрнатиладиган бир минора, ротор парраги ва паррак ортида шамолга перпендикуляр туришни таъминлайдиган виндразадан иборат бўлади; аммо шамолни кумулятив «йиғиб» парракка йўналтирадиган воронка ё дарвозалар ШЭСларга ўрнатилгани маълум эмас.

Иккинчи бир таклиф. Ҳаммага маълумки, шамол булутли кунда қаттиқроқ эсади. Булут сийрак, қуёш чарақлаган пайт­­да эса сустроқ бўлади. Қўқон-Бекобод шамоли ноябрь-март ойларида кучаяр экан, табиий – бу ойларда ҳаво кўпинча тунд, ёғин-сочинли бўлади. Хўш, булутсиз, серқуёш, яъни шамол суст кунларда ­ШЭСларнинг кучи камайиб қолмайдими?

Камаяди, албатта. Чет элларда бунга чора сифатида шамолсиз кунларда ­ШЭСлар тўхтатилиб, резерв иссиқлик электр станциялари ишга туширилади. Бу эса кўп ёқилғи талаб қилади ва атроф-муҳит табиатига анча зиён етказади.

Биз эса бу борада бошқа нарса таклиф қилмоқчи эдик: бояги «воронка» ёки «дарвоза»лар сиртига қуёш энергиясини электр энергиясига айлантирадиган юз минглаб «қуёш батареялари» ўрнатиш керак. Шамолсиз, очиқ ҳаволи кунларда «дарвоза»лар юзаси кунгабоқар сингари қуёшга рўпара қилиб йўналтирилади ва шу йўл билан максимум электр энергияси ҳосил бўлади. Яъни, булутли, изғирин кунларда шамолдан, офтобли, тинч-сокин кунларда эса қуёшдан электр энергияси олинади. Қуёшли, тинч кунларнинг оқшомларида ҳам шамол кундузгидан тезроқ эсади.

Ва ниҳоят учинчидан, «ШЭС + Қуёш батареялари» паритетида ҳосил қилинадиган электр энергияси барибир мунтазам эмас, деб топиладиган бўлса, у ҳолда мазкур қувватдан саноатнинг жуда катта электр энергияси талаб қиладиган бирон-бир соҳасида, чунончи энергияни «шимирадиган» қоғоз ишлаб чиқаришда автоном тарзда фойдаланиш мумкин. Бунда шамол йўлида уни тўсиш учун дарахтзор эмас, ёғочидан аъло сифатли қоғоз олинадиган дарахт ўрмонини барпо этиш мумкин. Ана шунда бу ҳудудда қоғоз-картон ишлаб чиқариш комплекси барпо этилади, юртимиз қоғоз мус­тақиллигига эришади; четдан валютага қоғоз сотиб олмай, аксинча ўзи қоғоз экспорт қиладиган давлатлар қаторига қўшилади.

Энг муҳими, ушбу таклифлар амалга оширилса, экология­­га зиён етказмасдан электр энергияси олиш мумкин. Шамол тезлиги бу ШЭСлар каскади ҳамда қоғоз хомашёси берадиган дарахтзорлар орқали ўтиш туфайли секинлашуви водий ҳавосининг бузилишига эмас, аксинча – янада мўътадиллашувига омил бўлади. Чунки Қўқон шамоли кучи нафақат шу 2000 кв. километрда, балки бу ҳудуддан ташқарида ҳам сезиларли даражада.

Тупроғи кучли эрозиялангани туфайли камҳосил ва унумсиз ушбу минтақа айни ўзгаришлардан сўнг иқтисодий бақувват заминга айланади, бу ердаги ижтимоий муаммолар ҳам хийла камаяди.

Бирон нарса беҳуда кетса, зое бўлса (масалан, фурсат, маслаҳат ва б.) «эсиз, шамолга совурилди», деб айтамиз. Хўш шамолнинг ўзи… шамолга совурилаётган бўлса-чи? Шундай тайёр бойликнинг оқиб кетаётганига, қолмишига яна қанчалар зарар келтираётганига лоқайд қараб тура берамизми? Уни ишга солсак, юртимиз янада фаровон, янада обод бўлади-ку!

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Манба: https://ishonch.uz/archives/7491

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>