ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: Қирғизистонда энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этилади
  • 24.07.2023
  • 82

Қирғизистонда электр энергияси тақчиллиги сабабли уч йил муддатга энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этилади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Садир Жапаровнинг матбуот хизмати хабар берди.

“Қирғизистон Республикасини энергетика инқирозидан чиқариш бўйича фавқулодда чоралар кўриш мақсадида Республиканинг энергетика соҳасида 2023 йил 1 августдан 2026 йил 31 декабргача амал қиладиган фавқулодда режим эълон қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилади хабарда.

Айтиш жоизки, мазкур қарор Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев таклифидан сўнг қабул қилинган. У жорий йилда электр энергияси тақчиллиги 3 миллиард киловатт-соатни ташкил этиши ва унинг танқислигига асосий сабаб иқлим ўзгариши эканини билдирган. 

Таъкидланишича, ҳозирда музликлар аввалгидек интенсив эримаяпти. Норин дарёсига ҳам сув кам қуйиляпти, шу боис Тўқтўғул сув омборини бир неча йиллардан буён максимал даражада тўлдириш имкони йўқ. Оқибатда электр энергияси истеъмоли йил сайин ортиб бораётган бир пайтда Норин ГEС каскадининг бутун қуввати тўлиқ ишламаяпти. 

“Бизга айнан қишда сув керак бўлади. Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам ҳаво жуда совуқ бўлганда бизга электр энергиясини жисмонан ўтказа олмайди. Шунинг учун, қишда энг қийин пайтларда электр энергиясига эга бўлиш учун сувни тежаш керак”, дейди сиёсатшунос Денис Бердаков. 

Билдиришича, сўнгги икки йилда Қирғизистонда кичик гидроэлектр станциялар фаол қурилмоқда. Аммо улар фақат кичик ҳудудларда маҳаллий танқислик муаммосини ҳал қила олади, холос. Вазиятни миллий миқёсда тузатиш учун расмийлар “Қамбарота-1» ГEС ни қуриш ниятида. Бу Норин дарёси оқимини тартибга солиш имконини беради. Яна бир жиҳати шундаки, мазкур улкан лойиҳани биргина Қирғизистоннинг ўзи ўзлаштира олмайди. Шунинг учун ҳам, ўтган қишда Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида гидроэлектр станцияси қуриш бўйича меморандум имзоланган. Шу билан бирга, “Марказий Осиё – Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” саммити доирасида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров инвесторларни ҳам шу лойиҳада иштирок этишга чақирган. 

“Мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича салмоқли салоҳият мавжуд. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси лойиҳа қуввати 1860 мегаватт бўлган “Қамбар ота-1” гидроэлектр станциясини қуриш лойиҳаси устида фаол иш олиб бормоқда. Форс кўрфази мамлакатларидаги ҳамкорларимизни Қирғизистонда минтақавий сув-энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшадиган ушбу ГEС қурилишида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишга таклиф қиламан”, деган Жапаров саммитда. 

Қирғизистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилга бориб мамлакатда электр энергияси тақчиллиги 6 миллиард киловатт/соатгача ошиши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, электр энергияси тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш учун мамлакат янги ишлаб чиқариш қувватларини қуришга 10 миллиард доллардан 15 миллиард долларгача сармоя киритиши зарур. Ўша вақтга қадар аҳоли максимал тежаш режимини ва минимал истеъмол даврида электр энергиясининг мумкин бўлган узилишларини кутмоқда.

Манба: https://qalampir.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

>