Янгиликлар
Электр таъминотида йирик ҳажмдаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида кўрилаётган вақтинчалик чоралар кенг кўламли муаммолар пайдо бўлишига йўл қўймайди
  • 19.07.2023
  • 166

Маълумки, шу кунларда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида электр энергияси ишлаб чиқарувчи станциялар, электр узатиш тармоқлари, подстанциялар ва трансформатор пунктларида жорий ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур таъмирлаш ишлари жараёнида айрим ҳудудлардаги электр тармоқлари вақтинча тармоқдан ажратиб турилади ва ана шу жараёнда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган тармоқлар орқали таъминланувчи истеъмолчиларнинг электр таъминотида узилишлар кузатилади.

Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг кескин исиши натижасида электр қурилмаларининг ҳаддан ташқари қизиши ҳамда истеъмолнинг ортиши энерготизимда катта ҳажмдаги авариявий ўчишларга олиб келиши мумкин. Бу эса электр таъминотини яхшилаш учун муайян вақт (бир кун ёки ундан кўпроқ) талаб этиши мумкин.

Асосан, очиқ қуёшда жойлашган электр тармоқлари бугунги аномал иссиқ шароитида уларнинг ишлаши учун мўлжалланмаган ҳароратгача қизийди. Бундан ташқари, айниқса, кундуз кунлари электр узатиш тармоқларининг носоз ҳолатга келишига электр энергияси истеъмолининг фавқулодда ўсиши ҳам таъсир қилмоқда.

Оддий айтганда, ўзи офтобнинг тиғи остида ташқаридан қизий бошлаган кабел юкламанинг ортиши, сон-саноқсиз кондиционерлар, музлаткичлар, совитқичлар, бойлерлар ва бошқа электр техника жиҳозларининг бир вақтда тармоққа уланиши туфайли ичидан ҳам қизиб, аста-секин тутай бошлайди.

Ана шу вазиятда энерготизимда кенг кўламли муаммолар юзага келишини олдини олиш учун диспетчерлик хизматлари электр узатиш тармоқларидаги юкламани камайтириш мақсадида зарур чоралар кўради.

Масалан, маълум кўрсаткичлар критик (оғир) даражага яқин бўлган ҳолларда, айрим тураржой бинолари ва саноат объектлари электр таъминотидан вақтинча узиб турилади.

Таъкидлаш керакки, электр тармоқларидаги фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ҳудудлар бўйлаб туну кун ишлайдиган аварияга қарши махсус бригадалар ташкил этилган. Улар юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиб боришмоқда.

Истеъмолчилардан тармоқда кенг кўламли носозликлар юзага келишининг олдини оладиган, кейинчалик вазиятни анча узоқроқ тузатишни талаб қиладиган ҳолгача етиб бормаслик учун қисқа муддатга электр энергиясини узиб туришга тўғри келадиган бундай зарурий чоралар бугун ўта муҳим эканлигини тушунишларини ва қўллаб-қувватлашларини сўраймиз.

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати.

 

Манба: https://t.me/minenergy_uz/8421

 

"Ўзбекистон МЭТ" АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>