Янгиликлар
Энергетика вазири ва “Masdar” компанияси бош оперэйшион директори ўртасида учрашув бўлиб ўтди
  • 11.07.2023
  • 128

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва Бирлашган Араб Амирлигининг Masdar” компанияси бош оперэйшион директори Абдулазиз Алобидли ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда таъкидланганидек, жорий йилнинг 7-10 май кунлари Абу-Дабига ташриф чоғида эришилган келишувларга мувофиқ, “Masdar”  компаниясининг Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларини 10 млрд долларга етказиш бўйича бирламчи келишувга эришилган.

Ушбу мақсад рўёби учун жорий йил 17 май куни ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасида Энергетика вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Masdar” компанияси ўртасида 500 МВт қувватли шамол ва умумий қуввати 2150 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциялари лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишув имзоланди.

Шунингдек, компания инвестициялар ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш мақсадида гидроэнергетика соҳасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Учрашувда мавжуд лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Самарқанд ва Жиззах вилоятларида умумий қуввати 440 МВт ва Сурхондарё вилоятида 457 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциялари, шу билан бирга, Навоий вилоятида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станцияси қурилишини жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича ўтказилган тендер танловида ғолиб чиққан “Masdar” компанияси эндиликда лойиҳа доирасидаги ишларни жадаллаштириши лозимлиги айтиб ўтилди.

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати.

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/3038

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>