Янгиликлар
Ўзбекистонда сўз эркинлиги, давлат органларининг очиқлиги, ҳар қандай долзарб масала юзасидан маълумот олишнинг осонлашгани Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасидир
  • 24.06.2023
  • 146

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, уларнинг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, жамоатчилик томонидан билдирилаётган фикр, таклиф ҳамда мулоҳазалар асосида ўз фаолиятини такомиллаштириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, мамлакатимиз медиа-маконида ахборот оқими ҳажми ҳамда тезлиги, ички ва ташқи таҳдидлар сони, фейк хабарлар, манипуляция ва дезинформация фактлари кўпайиб бормоқда. Бундай шароитда давлат органларидан ахборот сиёсатини тизимли, очиқ ва шаффоф юритиш, турли мунозарали ва салбий ҳолатларга ўз вақтида муносабат билдириш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларни барча аҳоли қатламларига содда ва ихчам форматда тезкор ва доимий асосда етказиш асосий вазифа ҳисобланади.

Хабарингиз бор, ўтган 4 йилнинг ўзида ахборот хизматлари институти фаолиятини такомиллаштириш ва давлат идоралари очиқлиги борасида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинганида ҳам кўришимиз мумкин. Ушбу ҳужжатларнинг ҳаммаси июнь ойида – журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун касб байрами нишонланадиган даврда қабул қилинганида ҳам рамзий маъно бор, албатта. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этиб бораётганидан далолатдир.

Мана бу йил Сизлар билан учинчи маробата Президентимизнинг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 27 июндаги ПҚ–4366-сон қарори қабул қилинган сана муносабати тадбир ташкил этяпмиз.

Бу йил тадбирнинг кўлами янада кенгайди, яъни, Форум шаклида Миллий конфренециядан ташқари, ўқув-семинари, спорт ва интеллектуал ўйинларнинг ўтказилаётгани матбуот котибларининг янада жипслашиши, фикр алмашиши ва дўстона муҳит шаклланишида муҳим ўрин тутади, деб ўйлаймиз.

Чунки, бугунги тенденциялар, ахборот хуружлари тобора глобал аҳамият касб этиб бораётгани ҳамда соҳага қўйилаётган талабларнинг ортиб бориши бундай учрашувларни тез-тез ўтказиш ва амалга оширилган ишлар юзасидан фикрлашиб олиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги ПҚ–4366-сон қарори қабул қилингандан буён барча давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот фаолиятини қайтадан кўриб чиқилиб, замонавий талаблар асосида ташкил қилинди. Республика аҳамиятига молик жами 280 дан ортиқ идора, муассаса, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, вилоят, туман шаҳар ҳокимликларида биринчи марта ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилди, 98 та давлат органлари ва ташкилотларида эса қайта ташкил қилинди. Қарор қабул қилингунга қадар ахборот хизматлари соҳасида жами 433 нафар мутахассис фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг умумий сони қарийб 1 300 нафардан ортиқни ташкил этмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ваколатли орган ҳисобланади. Яхши биласиз Агентликка давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ваколати ҳам берилган.

Ўтган даврда ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Агентлик томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Матбуот котиблигига номзодлар орасидан энг муносибларини танлаб олиш, малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ўтган тўрт йилда жами минг нафарга яқин матбуот котиблигига номзодлар суҳбатдан ўтказилиб, лавозимга тайинланди. Шу давр ичида 1400 нафарга яқин матбуот котиби аттестациядан қилинди.

Шунингдек, юқоридаги хужжатга кўра, Агентлик тўрт йилдан буён давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари матбуот котибларининг жамоатчиликка Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор ва топшириқларининг ижроси, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида тезкор, холис ҳамда биринчи манбаа сифатида тўлиқ ахборот етказиш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан фаол мулоқот ўрнатиш, эълон қилинаётган танқидий материалларга ўз вақтида ва сифатли муносабат билдириш борасидаги фаолиятини ўрганиб, баҳолаб келмоқда.

 

2020 йилдан бошлаб ҳар чоракда Агентлик ва вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимиятлар ўртасида медиа-режалар имзолаш йўлга қўйилган. 2022 йил давомида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик ташкилот ва идоралар билан 520 дан ортиқ медиа-режалар имзоланиб, унда белгиланган тадбирлар ташкил этилди.

Хусусан ўтган йилнинг ўзида Агентлик ҳамда Миллий матбуот маркази 1 010 та пресс тадбирлар, шундан 395 та матбуот анжумани, 488 та брифинг ва жойларда 130 дан ортиқ пресс-тур ўтказилди.

Бундан ташқари, ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқилган медиа-режалар асосида 2022 йилда ҳудудларда 11 053 та матбуот тадбирлари (2021 йил учун 7 240 та) ташкил этилди.

Агар ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, энг яхши кўрсаткич, Самарқанд вилоятига тўғри келади – 3766 та.  Фарғона вилоятида 1 012 та, Бухоро вилоятида 801 та.

Афсуски, энг кам кўрсаткичлар Қашқадарё вилоятида 300 та, Хоразм вилоятида 366 та, Қорақалпоғистон Республикасида 382 та. Ушбу ҳудудларда аҳолининг қизиқтирган масалалар юзасидан матбуот тадбирларини кўпайтиришимиз керак. Бу борада Самарқанд тажрибасини оммалаштириш масаласини ҳам ўйлаб кўриш вақти келди.

Профессионал ахборот хизматлари ходимларини шакллантириш, касбий малакасини ошириш масаласи ҳам доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Агентлик томонидан ўтган 2022 йилда ахборот хизматлари учун ўндан ортиқ ўқув-семинари ташкил этилиб, уларга 500 нафарга яқин ахборот хизмати ходимлари иштирок этди.

Журналистика ва коммуникациялар бўйича халқаро эксперт Джонатан Чарлз, “Meta” компаниясининг Хитой, Мўғулистон ва Марказий Осиёдаги давлат сиёсати бўйича бошқарувчи директори Жорж Чен бошчилигидаги делегация вакиллари Аурора Ли ва Дониёр Кошенов иштирокидаги семинарлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, 28-29 сентябрь кунлари АОКА, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва UNESCО ҳамкорлигида “Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди. Унда 122 дан ортиқ матбуот котиби иштирок этди.

22 ноябрь куни Агентликда АОКА ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда 80 дан зиёд матбуот котиблари учун “Wikipedia” экспертлари иштирокида семинар ташкил қилинди. Унда 498 нафарга яқин матбуот хизмати ходими қатнашди.

Жорий йилнинг 4-6 апрель кунлари Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот котиблари учун америкалик эксперт, инқирозли ҳолатларда ахборот билан ишлаш бўйича тажрибали мутахассис Боб Женсен иштирокида “Ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган, инқирозли коммуникация, дезинформация ва фейк хабарларга қарши курашиш, қисқа ва узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш” мавзусида семинар-тренинг ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4366-сон қарорига асосан, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари ходимларини тажриба орттириш ва хорижий мамлакатларнинг тегишли ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишиш, шунингдек, уларни ахборот жиҳатдан таъминлаш учун сафар қилувчи делегациялар таркибига киритиши белгиланган. Хусусан, 2022 йил давомида 25 та давлат органи ва ташкилоти ахборот хизматлари раҳбарлари ва ходимлари 24 давлатда сафарда бўлишди.

Ахборот маконидаги мавжуд ҳолат, ўзига хос тенденциялар бу йўналишдаги ишларимизни янада кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб, бу борадаги ишларимизни давом эттирамиз.

Хабарингиз бор, Интернет макони ва оммавий ахборот воситалари доимий мониторинг қилиниб, аниқланган танқидий материаллар тезкор расмий муносабат билдириш учун 150 дан ортиқ тузилган гуруҳлар орқали ташкилотларга етказиб берилмоқда.

Қарор қабул қилинган давргача танқидий-таҳлилий материалларда давлат органларининг муносабат билдириш статистикаси республика миқёсида 12 фоизни ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 96%ни ташки қилди. Яъни 14 минга танқиднинг 13 минг 500 дан ортиғига ўз вақтида жавоб қайтарилган.

Бир қарашда кўрсатгичлар ёмон эмасдек, бироқ, танқидий материалларга эълон қилинаётган муносабат ва баёнотларнинг сифати талаб даражасида эмас. Шу боис ҳар бир танқидий материалга чуқур таҳлилий ёндашиш, муаммонинг сабаблари ва уни бартараф этиш механизмлари ҳақида ҳам маълумот бериши талаб этилади.

Ушбу ишларни тизимлаштириш ҳамда қоғозбозлик ва ҳисоботбозликдан воз кечиш мақсадида Агентлик томонидан медиарежалар бўйича алоҳида платформа яратилди ва ҳозирда буни фаол ишлаш режимига ўтказиш бўйича ишлар жадаллаштирилмоқда.

Ўтган даврда кундалик ахборот оқимида оммавий ахборот воситалари маҳсулотлари таркибида ахборот хизматларининг улуши сезиларли даражада ортганини кўриш мумкин. Масалан, ахборот хизматларининг ахборот тарқатиш манбалари 2019 йилда 559 та бўлган бўлса, 2020 йилда 1 487 тага, 2021 йилда 3 615 тага, 2023 йил июнь ойи ҳолатига 3 800 тага яқинлашди.

Ахборот хизматлари веб-сайтлар, турли ижтимоий тармоқлар ва видеохостинглардаги саҳифалар, мобиль мессенжерлардаги каналлар орқали оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликка ўз соҳасига тегишли маълумотларни етказиб бермоқда.

Бугунги кунга келиб деярли барча давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимлик вакилларининг ижтимоий тармоқларда ташкилот расмий каналидан ташқари ўзиларининг ҳам расмий блог сифатидаги телеграм ва бошқа каналлари йўлга қўйилиши борасида қониқарли натижаларга эришилди.

2021 йилда маҳаллий, туман ва шаҳар ҳокимликларидан ташқари жами 160 га яқин давлат ташкилоти ва идоралари ахборот хизматлари раҳбарларининг расмий телеграм каналлари ва бошқа ижтимоий тармоқларда ўз саҳифалари ташкил этилган бўлса, 2022 йилда туман-шаҳар ҳокимликлари матбуот котиблари ҳам ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалар очишди.

 

Ҳурматли давра иштирокчилари!

Бугун биз матбуот котибларининг ҳар бир учрашуви, ҳар бир мулоқотидан унумли фойдаланишимиз, соҳани ривожлантириш, мавжуд камчиликларни бартараф қилиш йўлида таклифлар олиш керак. Шу боис бугунги конференциямиз 3 та муҳим йўналиш бўйича панель сессияларда давом этади.

Биз бу йўналишларни танлашда чуқур ўйлаб, ахборот маконидаги ҳозирги ҳолатни инобатга олиб, Сизлардан кўпроқ фикр олиш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадини кўзлаганмиз.

Мисол учун, биринчи йўналишни Ахборот хизматларининг кампаниялашган ҳолда ишлаш механизмлари: мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш йўлларига бағишладик. Ҳақиқатан, агар фаолиятимизни ўрганиб, таҳлил қиладиган бўлсак, Ахборот хизматларининг кампаниялашган ҳолда ишлаши бугун мақтанарли ҳолатда эмас. Айтайлик, мамлакатимиздаги энергетика инқирози билан боғлиқ ҳолатлар, таълим ёки иқтисодий масалаларни оммавий ахборот воситаларига ўз вақтида етказиш, муаммоларни анализ қилиш, шунга мос бўлган матреиаллар эълон қилишда ўзаро якдиллик ва ҳамкорлик етарли даражада эмас. Бунги мисолларни истаганча келтириш мумкин. Бугун мана шу масалалар юзасидан фикр ва таклифлар олиниши жуда муҳим.

Яна бир долзарб масала ташкилот имижини яратиш, жамоатчилик билан алоқаларни ташкил қилишда раҳбар ва ахборот хизмати ҳамкорлигидир. Бу масала бўйича узоқ вақтдан бери гапириб, фикр юритиб келинаётган бўлишига қарамасдан айрим ташкилотларда ҳали ҳамон аниқ концепция, амалий ҳаракат кўзга ташланмайди. Шу боис ташкилот имижи мақтанарли эмас, раҳбар ва матбуот котибининг фикри бир жойдан чиқмайди, йўналиш тўғри танланмаган. Ўйлайманки, агар бугун мана шу масалалар бўйича аниқ таклифлар, мисоллар, қўллаш мумкин бўлган усуллар бўлса улашишимиз, бир биримизда фикр уйғотишимиз керак.

Ҳурматли матбуот котиблари, Ахборот хизмати фаолияти 2030 йилга бориб қандай бўлади, буни ким қандай тасаввур қилади?

Панель сессияларимизнинг 3 йўналиши айнан шу масалага қаратилган. Барча соҳаларда 2030 йилгача бўлган режа ва йўналишлар белгилаб олинмоқда. Шундан келиб чиқиб, керак бўлса ҳар бир ташкилот ўзининг ахборот сиёсатини белгилаб олиши, кейинги йилларда қандай ўзгариб боришини таҳлили қилиши, шунга қараб вазифаларни белгилаб олиши керак. Очиғи, мана шу сессияда айтиладиган фикрлар, таклифлар кўпчилик учун қизиқ бўлса керак.

Эртага ҳам “Давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда расмий ресурслардан фойдаланишнинг самарадорлиги ва хавфсизлик масалалари” мавзусида махсус медиа-тренинг ўтказилади. Бу масала ҳам кўпчилик учун муҳим, деб ўйлайман.

Умуман олганда, ҳар бир йўналиш бўйича айтилган таклиф ва фикрлар, ижобий тажрибалар биз учун жуда ҳам муҳим. Айтилган барча масалаларни қўлланма шаклида чоп этамиз ва кенг оммалаштирамиз.

Конференция доирасидаги сессияларда яна қуйидаги масалаларни муҳокама қилсак, тўғри бўларди назараимда.

- соҳалар кесимида муаммоли масалалар рўйхатини шакллантириш;

- ушбу муаммоларга дуч келганда тезкор муносабат билдириш учун тайёр шаблон кейслар тайёрлаш;

- оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик қилиш ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида доимий ахборот бериш ҳамда фикр алмашиш мақсадида журналист ва блогерлар учун соҳавий медиа-мактаблар ташкил қилиш, қисқа муддатли семинарлар ўтказиш;

- камида ҳар чоракда йиғилган ҳолда соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш;

- соҳалар ҳамкорлигида ахборот кампанияларини ташкил қилиш.

 

Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида катта қадамлар ташланди. Бугун Ўзбекистонда сўз эркинлиги, давлат органларининг очиқлиги, ҳар қандай долзарб масала юзасидан маълумот олишнинг осонлашгани Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасидир. Буни амалга оширишда албатта, матбуот котибларини ўрни ва роли беқиёс. Шу боис олдимизда турган жуда катта вазифаларни тушуниб, ҳис қилиб, ташкил этилаётган форумдан ўзингиз учун катта тажриба оласиз деган умиддамиз. 

Манба: https://aoka.uz/uzb/news/1422

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>