Янгиликлар
Бош прокуратура иштирокида ўқув семинар: Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “рақамли назорат” тизимини жорий этиш
  • 02.06.2023
  • 205

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ташаббуси билан, Давлат солиқ ҳамда божхона қўмитаси вакиллари иштирокида, Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларида Ёқилғи-энергетика соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлим бошлиқлари ҳамда нефть ва газ соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат қилиш бўйича ихтисослаштирилган прокурорларнинг ўқув семинар дастури бўлиб ўтди.

Тадбирда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов Акциядорлик жамиятининг асосий иш фаолияти билан яқиндан таништириб, мамлакатимиз ҳамда Марказий Осиё давлатлари электр энергетика ягона тизими иш фаолияти тўғрисида умумий маълумотларни тақдим этди.

Йиғилишда, шунингдек, Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари А.Назиров юқори кучланишли электр тармоқлари ҳамда подстанциялар фаолияти, айни пайтда олиб борилаётган таъминлаш-созлаш, модернизация-реконструкция, қуришиш-монтаж, лойиҳалаштириш ва истиқболдаги режалар ҳақида тадбир иштирокчиларига қисқача ахборот бериб ўтди. Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари С.Артиков соҳада олиб борилаётган рақамлаштириш дастурлари ва унинг самараси, юқори кучланишли подстанцияларда яратилган қўшимча ўтказувчанлик қуввати ҳамда мавсумий тайёргарлик хусусидаги маълумотларни семинар иштирокчиларига тақдим этди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ёқилғи-энергетика соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлим бошлиқлари ҳамда нефть ва газ соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат қилиш бўйича ихтисослаштирилган прокурорлар томонидан энергетика соҳаси мутахассисларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “рақамли назорат” тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПФ–77-сон Фармонининг мазмун-моҳияти, ёқилғи-энергетика соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, дастур ҳамда лойиҳаларда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш, соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантириш борасида тавсияларини берди.

Ўқув семинар якунида мутахассислар “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан электр энергияси истеъмоли сезиларли даражада ошиши кутилаётган 2023 йил ёз мавсуми, шу билан бирга, 2023/2024 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, навбатчи бригадалар ҳамда автотранспорт ва механизмларнинг шайлиги, турли ҳимоя воситалари, эҳтиёт қисм ҳамда ускуна-жиҳозлар захираси яратилгани ҳақида ахборот берилди.

Маълумот ўрнида: Йиғилишда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонаси вакиллари ҳам иштирок этишди.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>