Янгиликлар
«СУРХОНДАРЁ МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИ: МАВСУМИЙ ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, ЖОРИЙ ТАЪМИР ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА
  • 04.06.2020
  • 757

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Сурхондарё магистрал электр тармоқлари» филиали ходимлари томонидан жорий йилнинг 6–28 май кунлари Акциядорлик жамияти маъмурияти томонидан тасдиқланган режага асосан 500 кВли «Сурхон» подстанциясидаги 220 кВли ҳаволи ўчиргичлар хўжалик усулида мукаммал таъмирланди.

  Бундан ташқари, юқори кучланиш тармоқлар хизмати ходимлари томонидан узунлиги 77,2 км бўлган 220 кВ кучланиши ҳаво линиялари, узунлиги 56,6 км 500 кВ ли ҳаво тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

  Агар жорий таъмирлаш ишлари бўйича қилинган ишлашни умумлаштириб, рақамларда акс эттирадиган бўлсак, 10 дона куч трансформатори, 11 дона 110 кВли ёғли ўчиргич ва 284,48 км 220–500 кВли электр узатиш линияларида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Шу билан бирга, 1584 километр узунликка эга 220-500 кВли ҳаво тармоқлари кўрикдан ўтказилиб, техник-муҳандислик иш жараёнида аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.

  Юқори кучланиши электр узатиш линиялари остидаги турли носозликлар ва ёнғин чиқариши мумкин бўлган дарахт шох-шаббаларини тозалаш иши режага мувофиқ 14,5 километр масофада амалга оширилиши назарда тутилган эди. Шу кунгача 14,9 километр турли ҳудудлардан ўтувчи электр тармоқлари остидаги ҳимоя зоналари дарахт шох-шаббаларидан тозаланди ва бу иш жараёни ҳозирда якунланиш арафасида.

 

 

  Электр таъминотининг ишончлилигини оширишда юқори кучланишли ҳаво тармоқларининг изоляторлари муҳим аҳамиятга касб этади. Режага мувофиқ 220–500 кВли ҳаво тармоқларидаги 320 дона нуқсонли изоляторларни алмаштириш режалаштирилган эди. Иш жараёнида маълум бўлдики, ҳаво тармоқларидаги кўпгина изоляторлар ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган ва носоз ҳолга келган. Шу боис амалда 868 дона изоляторлар алмаштирилди. Шунингдек, 220–500 кВли электр узатиш линияларида 5 дона қушлар ин қўйишига қарши махсус тўсиқ ускуналари ўрнатилди.

 

 

  Юқорида қайд қилинган капитал таъмирлаш ишлари электр энергетика тизимида назорат — «Ўзэнергоинспекция» Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлими мутахассислари назоратидан сўнг тегишли тартибда қайд этиб борилмоқда.

 

 

  Бир сўз билан айтганда, юқори кучланишли ҳаво тармоқлари ва подстанцияларга хизмат кўрсатувчи сурхондарёлик энергетиклар «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан қўйилган иш режаларини ўз вақтида бажармоқдалар. Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Х.Б.Элмуродовнинг 2020 йил 28 май санасидаги ХБ-103-сонли Ёз мавсумида электр қурилмаларининг мустаҳкам ва ишончли ишлашини таъминлаш бўйича топшириғи «Сурхондарё магистрал электр тармоқлари» филиали тасаруффидаги барча юқори кучланишли подстанциялар томонидан амалга оширилмоқда.

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>