Янгиликлар
Хизмат сафари ҳисоботи: минтақавий электр энергияси бозорини ривожлантириш ва “яшил энергия”га ўтиш истиқболлари
  • 10.03.2023
  • 345

Жорий йил 2-3 март кунлари Лондонда бўлиб ўтган “Марказий Осиё энергия савдоси ва инвестиция форуми — 2023” энергетиканинг ўзаро боғлиқ муаммоларини, яъни энергетика хавфсизлики, декарбонизация ва иқтисодий ўсиш мавзуларини муҳокама қилиш учун Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон сиёсатчилари, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хусусий сектор вакилларини бир жойга тўплади. Марказий Осиё ҳукуматлари, Буюк Британия ҳукумати ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда минтақавий электр энергияси савдосининг янада самарали механизмларини ишлаб чиқиш, углерод нейтрал бўлган иқтисодиётга ўтишда минтақавий ҳамкорлик масалаларида кўмаклашиш ва мавжуд вазиятни яхшилаш бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатларни аниқлаш ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган тадбирларга эътибор қаратилди.

I Марказий Осиёда минтақавий савдо ва энергетика инвестициялари форуми.

Иштирокчилар Марказий Осиё минтақасида энергетика саноатини ривожлантириш, декарбонизация ва барқарор иқтисодий ўсиш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Жаҳон банки томонидан минтақанинг электр энергияси бозори ва ягона энергия тармоғини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа ва уни амалга ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар белгиланди.

Жаҳон банкининг инфратузилма бўйича вице-президенти Гуан Чжечен форумнинг Лондонда ўтказилиши Европалик ҳамкорлар эътиборини Марказий Осиё минтақасига сармоя киритишга жалб этишига хизмат қилишини таъкидлади. Иқлим ўзгаришининг давом этаётган жараёни, шунингдек, минтақа мамлакатлари дуч келаётган муаммоларни инобатга олган ҳолда, банк томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ўз вақтида амалга оширилди.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Т.Проскурякова ўтган қиш Марказий Осиёда сўнгги ўн йилликдаги энг совуқ мавсумлардан бири бўлганини таъкидлаб, минтақа давлатларининг энергетик хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш зарурлигини яна бир бор намоён этди. Кўп тармоқли ишлаб чиқариш манбаларига асосланган минтақавий электр энергияси бозорини яратиш барқарор энергия таъминоти ва декарбонизацияга ёрдам бериши ҳамда бутун минтақада яшил иқтисодиётнинг ўсишини рағбатлантириб, янги иш ўринларини яратишга ёрдам бериши таъкидлаб ўтилди.

Делегациялар раҳбарлари жорий йилнинг январь ойида минтақа дуч келган энергетика инқирози оқибатларини юмшатиш бўйича лойиҳанинг муҳимлигини, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва мустаҳкамлаш платформасини яратиш ҳамда энергия ресурсларидан самаралироқ фойдаланиш ҳамда келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларни енгиш учун мамлакатларнинг кучли томонларини ўрганиш зарурлигини таъкидладилар.

Минтақа мамлакатлари вакиллари минтақанинг энергетика соҳасига сармоя киритиш имкониятлари ва эҳтиёжлари ҳақида маълумот берди, хусусан, Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари раҳбарлари гидроэнергетикани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни тақдим этдилар, Қозоғистон қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш орқали газ ишлаб чиқариш истиқболлари ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон делегацияси энергия манбаларини диверсификация қилмасдан туриб, минтақанинг барқарор динамик ривожланишини таъминлаб бўлмаслигини таъкидлади. Минтақавий ҳамкорлик минтақа электр тизимининг барқарорлигини таъминлаши ва давлатларга иқлим ўзгаришига яхшироқ мослашишга ёрдам бериши таъкидланди. Янги ишлаб чиқариш қувватларини, айниқса қайта тикланадиган энергия манбаларини ҳисобга олган ҳолда, минтақавий ҳамкорлик ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарурлиги ҳар бир иштирокчи томонидан инобатга олинди. Шу нуқтаи назардан, лойиҳа электр энергияси савдосида ўзаро манфаатли савдо майдончасини яратади.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё 2030 йилгача энергетика соҳасига, жумладан қуёш, шамол ва гидроэнергетикага, шунингдек, миллий ва минтақавий электр тармоқларини модернизация қилишга қарийб 20 миллиард доллар сармояга муҳтож бўлади, бу эса тармоқларнинг ўзаро боғланиши ва минтақавий савдо имкониятларини яхшилайди.

Марказий Осиёда минтақавий интеграция ва электр энергияси савдоси юзасидан таклиф этилаётган лойиҳа инвестицион, техник ёрдам ва салоҳиятни ошириш, тадбирлар комбинацияси ҳамда энергиянинг ўзаро боғланишини кенгайтириш орқали шу ҳудуддаги минтақавий электр энергияси такомиллаштиришга қаратилганлиги айтиб ўтилди. Лойиҳани амалга ошириш муддати 5 йил, дастлабки молиялаштириш ҳажми 60 миллион доллар, жумладан, 15 миллион доллар грант маблағлари Банк Директорлар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этиш 2023 йил декабрга режалаштирилган.

II Икки томонлама музокаралар

Жаҳон банки вице-президенти Гуан Чжечен Ўзбекистонни энергетика инқирозини ҳал қилишда минтақавий етакчи сифатида кўришини таъкидлади. Улар қишки энергетика инқирозини бартараф этиш ва олдини олиш бўйича фавқулодда ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун Банк томонидан зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Бундан ташқари, Банк қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳалари кескин ошиб бориши муносабати билан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ зиммасига молиявий юк ортиб бораётганидан хавотир билдирди ва ушбу муаммони юмшатиш учун тариф сиёсатини янада эркинлаштириш зарурлигини қайд этди.

Г. Чжечен Ўзбекистонда амалга ошириладиган “яшил” молиялаштириш бўйича Жаҳон банкининг биринчи глобал дастури ишга туширилгани ҳақида маълумот берди. Дастур энергетика соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун ҳажми 50 миллион евро бўлган Траст фондини ташкил этишни назарда тутади. Банк вице-президенти дастурни амалга ошириш бўйича ҳукумат координаторини тайинлаш бўйича сўров билдирди.

Минтақадаги геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, банк Америка компанияси сармояларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда иссиқлик насосларини ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Потенциал ҳамкорлик мавзусида Америка томони билан музокаралар олиб боришга келишиб олинди.

Халқаро молия корпорациясининг (ХМК) ДХШ бўйича глобал директори Линда Муненгетерва таъкидладики, ХМК Ўзбекистонда 2 миллиард долларлик давлат-хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштираётгани ва Ўзбекистоннинг амалга оширилаётган ислоҳотларга қилиниётган эътиборни юқори баҳолайди ва энергетика ва инфратузилма лойиҳалар портфелини янада кенгайтириш ниятида.

Бундан ташқари, қуйидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилганлиги таъкидлаб ўтилди:

1. Тошкент шаҳрида ДХШ асосида паст кучланишли тармоқлар лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш;

2. Шамол станцияларини қуриш учун потенциал майдонларда шамол салоҳиятини ўрганиш.

 

Фаррух Юнусхўжаев, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Инвестициялар бош бошқармаси бошлиғи, делегация аъзоси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>