Янгиликлар
БОЛАЛИК ДУНЁСИ — БЕҒУБОР ДУНЁ!
  • 01.06.2020
  • 1569

     Ҳар бир инсон ўз болалигига қайтишни истаб яшайди...

     Агар зимдан кузатсангиз болажонларнинг қувноқ ўйинлари, шириндан-шакар қилиқларидан тортиб ҳатто аразларигача содда ва самимий. Шунинг учун бўлса керак болалик соғинчи бизни бир зум ҳам тарк этмайди.

     Бугунги байрам санаси билан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида фаолият юритиб келаётган барча ходимларни табриклайман!

     Болаларни ҳимоя қилиш куни байрами ҳеч бир кишига бегона эмас. Зеро, бу беғубор оламнинг митти йўлакчаларида ҳаммамизнинг қадрдон изларимиз қолган. Бугун эса барчамиз болалик аталмиш кўркам оламнинг ошуфталарига айландик...

     Биз ўз болалик чоғларимизни ортимиздан униб-ўсиб келаётган азиз фарзандлар-у набираларнинг мусаффо нигоҳларидан топамиз! Яратганга минг шукурлар бўлсинки, мана шундай жаннатмонанд Ватанда яшарканмиз, болажон халқлигимизга бориб, катта тўй-тантаналар уюштирамиз, кўнглимизга эртанги кунга оид гўзал тилакларни жойлаймиз. Ва уларнинг аксарияти жондан азиз фарзандларимизга чамбарчас боғланган.

     Жамиятимиз ишчи-ходимлари учун нечоғлиқ тарзда қулайликлар ва шарт-шароит яратиб берилган бўлса, табиийки, бу ҳолатда ҳам азиз фарзандлар эътибор марказимизда. Юртимизнинг барча байрамларида улашиладиган совға-саломлар-у рағбатлантиришлар, ҳеч шубҳасиз, ҳар бир ходимимизнинг муборак хонадонида тарбия топаётган болалар келажаги учун демакдир!

     Ташкилотимиз таркибидаги тиббий ва дам олиш масканлари, сув ҳавзалари, спорт-соғломлаштириш муассасаларини ривожлантириш йўлидаги кўпгина ҳаракатларимиз негизида асл болапарварлик кайфиятимиз ҳукмрон. Ташкилотимиз томонидан оталиққа олинган умутаълим мактабида олиб бораётган ишларимиз ҳам ўқувчи ёшларнинг келажаги учундир.

     Ёзингизда бўлса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги мактаб фойдаланишга топширилиши арафасидаги ташрифи чоғида болаларга яратилган шароитларни кўздан кечириб, ўқувчи ёшлар билан суҳбатлашганда «...Биз жуда катта марра олганмиз. Уларга эришишда сизлардай ёшларга ишонамиз ва суянамиз. Мураккаб синовлардан ўтиб, катта йўлга қадам қўйдингиз. Сизни шундай тарбиялагани учун ота-оналарингизга мендан раҳмат айтинглар. Бу аввало уларнинг, улар билан бирга менинг ҳам бахтим, бутун миллатимизнинг бахти», деган эди.

     Қадрли ҳамкасблар! Уйингизга файз бағишлаб турган барча фарзандларни кўпсонли жамоамиз номидан табриклаб, қутлов сўзларини етказинг. Болаларимиз, ёшлар — юртимиз келажаги, эртанги кунимиз!

 

Д.А.Исақулов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раиси

 

 

     Азиз болажонлар!

     Ватанимиз эркалари, қувноқ авлоди!

     Сиз бор-ки, ҳаётимизда мазмун мужассам! Сиз бор-ки, яхши кунлар — тўйлар, байрамлар ярашади! Жонажон юртимизнинг янада нурафшон келажаги — Сизнинг қўлларингизда!

     Билингки, биз барчангизни яхши кўрамиз!

 

СОҒЛОМ БОЛАЖОН

                                        

     «Соғ танда — соғлом ақл»,

     Демиш бунда донолар.

     Бахш этади бу нақл –

     Умримизга маънолар.

 

     Қулоқ сол, эй болажон,

     Кўзим оқу-қораси.

     Ватанингдир жонажон –

     Икки дарё ораси.

 

     Ижобатдир бунда сен

     Орзу қилсанг нени-ки.

     Мақсадларинг бўлса кенг

     Жумла-жаҳон сеники!

 

     Ўзлигига ўзи бек –

     Авлодсан, жоним болам!

     Қадаминг бўлсин тетик,

     Ҳеч кимдан эмассан кам!

 

     Сен учун тиниқ осмон,

     Осойиш чаман сенга!

     Қуёшни варрак қилиб -

     Боғлаб бераман сенга!

 

     Фақат мардлик йўлин тут,

     Чалғимагин бир лаҳза.

     Яхшиларнинг қўлин тут,

     Бармоқлар мушт – бирлашса!

 

     Ярамоқлик қандай бахт -

     Элу-юртнинг корига!

     Шукрона қил ҳамма вақт

     Шу Ватаннинг борига!

 

     Бу ўлкада ҳар фарзанд

     Бўлғай соғлом болажон.

     Бошингни тутиб баланд -

     Улғай, соғлом болажон!

 

Ориф Тўхташев,

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг маслаҳатчиси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

«Ўзбек болалар ва ўсмирлар адабиёти» Кенгаши раиси, шоир

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>