Янгиликлар
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ходимлари навбатдаги халқаро сертификатлар соҳиби бўлишди
  • 27.02.2023
  • 304

2023 йилнинг 27 февраль куни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида Ўзбекистон энергетика тизимида етакчилардан бўлиб ISO 50001:2015 — “Энергия менежменти тизими” энергия самарадорлигини ошириш бўйича, ISO 45001:2018 — “Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизликни бошқариш, касбга оид саломатлик ва ишчилар хавфсизлигини таъминлаш" бўйича ҳамда ISO 14001:2018 — “Атроф-муҳитни бошқариш” экологик менежмент тизими бўйича халқаро стандарт сертификатларини қўлга киритишга муваффақ бўлганлиги боис халқаро сертификатни топшириш тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда СЕRT International s.r.o сертификация органи Ўзбекистондаги вакили Хабибулин Марат Рамильевич “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва унинг тизимидаги барча ходимларни улкан ютуқ — ISO халқаро сертификатларини олгани билан табриклади. Сертификат жамият фаолиятининг энергия менежменти, меҳнат муҳофазаси, экологик бошқариш тизимлари стандартларига мос равишда иш юритганлигини ҳамда жамиятда ушбу тизим талабларидан келиб чиқиб жараённи давом эттириш кераклигини алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, Акциядорлик жамияти билан шу каби соҳаларда яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.

Тадбирда Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Айнақулович Исақулов ходимларга халқаро стандарт талабларига мос равишда ҳамжиҳатликда иш юритиш, ташкилот фаолияти учун барча куч-салоҳиятларини сафарбар этиб, касбий маҳоратларини ишга солишларини тилади, халқаро тоифадаги сертификатга муносиб топилгани билан қутлади.

СЕRT International s.r.o нинг Ўзбекистондаги вакили Акциядорлик жамиятини қўлга киритилган халқаро сертификатлар билан қутлаган ҳолда, Ўзбекистон Республикасидаги энергетика тизимидаги ташкилотлар ичида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ етакчилардан бири эканини алоҳида эътироф этди.

Шу билан бирга, СЕRT Academy халқаро сертификатлаш органи билан ҳамкорликда Жамият бошқарув аъзолари ҳамда бошқа тегишли бошқармалар ходимларидан иборат 31 нафар ўз ишининг мутахассислари ўқув курсларида ташкил этилди, малака оширилди ва ижобий натижалар кўрсатиб ISO 9001:2015 сифат сертификати, ISO 14001:2015 “Энергия менежменти тизими”, ISO 45001:2018 “Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизликни бошқариш” ISO 50001:2018 Экологик менежмент сертификатларини олишга муваффақ бўлишди ва тадбирда тақдирланишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу сертификатлар Жамият фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олади. Масалан, ISO 50001:2015 “Энергия менежменти тизими” энергия самарадорлигини ошириш, энергияни тежаш, операцион харажатларни камайтириш борасида. Бунда энергия истеъмоли, энергия сарфини оптималлаштириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига эътиборни қаратиш зарурлиги белгиланади.

ISO 45001:2018 эса “Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизликни бошқариш”, яъни иш жойидаги хавфсизлик муаммоларини минималлаштириш, ушбу хавфларни бартараф этиш борасида. Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Жамият дуч келадиган хавфларни бошқариш бўйича юридик мажбуриятлар, қонуний нормаларга амал қилиш, ишчилар хавфсизлигини таъминлашни бошқариш муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

ISO 14001:2015 халқаро стандарт сертификати, табиий ресурслардан фойдаланишида тупроқ, сув ва ҳавога етказилган зарарни минималлаштириш, атроф-муҳит кўрсаткичларини мониторинг қилиш, атроф-муҳит омилларига тегишли қонун ҳужжатларини ва қонунларда белгиланган шартларга риоя қилиш, шунингдек, атроф-муҳит ресурсларидан оқилона фойдаланишни назарда тутади.

 Жамият ушбу стандартларни жорий этишни 2022 йилнинг 2-ярмида амалга оширишни бошлаган, бунда стандартни жорий этиш ҳамда ишларни амалга ошириш комиссияси ташкил этилди ҳамда халқаро стандартлар асосида Акциядорлик жамиятида 10 дан зиёд ички ҳужжатлар қабул қилинди, 2022 йилнинг сўнггида 1-босқич текширув аудити ўтказилди. Иккинчи босқичда, жамиятда стандарт талабларига жавоб бериш бўйича якуний аудит текшируви 2022 йилнинг 4-ярмида амалга оширилди.

“СERT International” s.r.о халқаро ташкилоти томонидан ISO 50001:2015, ISO 45001:2018, ISO 14001:2018 халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан сертификатлаш бўйича ўтказилган аудит натижаси бўйича халқаро стандартга мувофиқлик сертификати берилгани қайд этилди.

 

✍️  Нигора Абдуллаева, Мувофиқлик тизими "комплайнс" хизмати бошлиғи

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>