Янгиликлар
15 январь куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот
  • 16.01.2023
  • 176

Кеча, 15 январь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.

Кеча, 15 январь куни электр станциялари орқали 228 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 227,5 млн кВт соат электр энергияси етказиб берилди.

Шунингдек, газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга 144 млн куб метр табиий газ ва 700 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Истеъмолчиларни кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 7,1 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди.

Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда штаблар тузилган, 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.

Аномал совуқ ҳарорат туфайли республика ҳудудларидаги электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида, шу жумладан Тошкент шаҳрининг барча туманларида юзага келган носозликлар бартараф этиб борилмоқда.

Зарур чора сифатида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида чекловлар (бир ярим соатдан икки соатгача) киритилди. Таъминотдаги узилишлар бўйича истеъмолчилардан 1000 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар юзасидан электр қурилмаларида юзага келаётган носозликлар махсус бригадалар томонидан бартараф этилмоқда.

Ҳудудларда газ босимининг пастлиги сабабли айрим хонадонларни табиий газ билан таъминлаш имконияти бўлмади. Хусусан, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Навоий, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг айрим хонадонларида газ таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Табиий ва суюлтирилган газ бўйича истеъмолчилардан 474 та мурожаат келиб тушди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.

Газ тармоқларида авариялар туфайли таъмирлаш ишлари истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантирган ҳолда амалга оширилди. Шунингдек, вазирлик ва тизим ташкилотларининг масул ходимлари ҳудудларга сафарбар этилган, истеъмолчиларни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича  зарур чоралар кўрилмоқда.

Аномал совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган ва кузатилаётган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида туну-кун ишлайдиган 1000 дан ортиқ махсус бригада ташкил этилган бўлиб, улар жойларда муаммоларни тезкорлик билан бартараф этилишини таъминламоқдалар.

Шу ўринда истеъмолчилардан иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилган тавсияларга қатъий риоя қилишларини сўраймиз.

Ҳурматли истеъмолчилар! Энергия таъминоти юзасидан қуйидаги манзилларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки “Телеграм”даги (@HET_admin) администраторга, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки Facebook ижтимоий тармоқдаги гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамлари ва @Uzbekcoaluz_bot “Телеграм” ботга мурожаат қилишлари мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2519

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>