ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
bugun.uz — Ўзбекистонда 2022 йилда 58,4 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
  • 08.01.2023
  • 183

Ўзбекистонда 2022 йилнинг 11 ойи давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан 58,4 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси матбуот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевга таяниб, ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, «Ўзэнергоинспекция» томонидан 2022 йилнинг 11 ойи давомида бу йўналишда 499 та тадбиркорлик субъектида текширувлар ўтказилиб, 133,3 миллион киловатт соат, яъни 58,4 миллиард сўм миқдорида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

2022 йилнинг декабрь ойида ўтказилган назорат тадбирларида ҳудудлар бўйича 719 та истеъмолчи томонидан 35,5 миллион киловатт соат миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган. Бундай ҳолат туфайли энергетика тизимига 15,7 миллиард сўм қийматда зарар келтирилган.

Мисол учун, Сирдарё вилоятининг жами истеъмолчиларининг бир кунлик электр энергияси истеъмоли 5,5 миллион киловатт соат бўлиб, ушбу кўрсаткичга асосан Сирдарё вилоятининг ўрта ҳисобда 1 ҳафталик ҳажмдаги электр энергияси истеъмолига тенг миқдорни ташкил қилади.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда энг кўпи Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида аниқланган. Масалан, Самарқанд вилояти Иштихон туманида фаолият юритиб келаётган «Мароқанд сифат текстиль» МЧЖда 2,3 миллиард сўм, Тошкент вилояти Янгийўл туманида жойлашган Spring Colours Industriy МЧЖда 1,4 миллиард сўм, Андижон шаҳрида фаолият юритиб келаётган «Ф.Х.С» МЧЖда 684,17 миллион сўм қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилган.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, уларнинг электр ускуналари тармоқдан ажратилган. Келтирилган зарарни қоплаш юзасидан ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритилиб, ундириш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазири энерготизимда режали чекловлар киритилмаса, Ўзбекистон жиддий талафот кўриши мумкинлигини айтгани, Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилгани, Ўзбекистонда давлат ташкилотлари машиналарига метан газ қуйиш тақиқлангани ҳамда Тошкентдаги кўча чироқларини ўчириш бошлангач қанча электр энергияси тежалаётгани ҳақида хабар берилганди.

Манба: https://bugun.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>