Янгиликлар
ЮҚОРИ КУЧЛАНИШЛИ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ: ТАБИИЙ ОФАТ ТАЛАФОТЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ БЎЙИЧА ТЕЗКОР МАЪЛУМОТЛАР
  • 29.04.2020
  • 1020

  Кўпчиликка маълумки, 2020 йил 27 апрель соат 00:28 да Туркманистон тарафдан кучли шамол оқимининг кириб келиши натижасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, жумладан: Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида, бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг айрим ҳудудларида юқори ҳамда паст кучланишли электр тармоқларидаги аварияга қарши автоматика тизими ишлаши оқибатида электр таъминотида кўплаб узилиш ҳолатлари кузатилди, бир нечта таянч устунлари ҳамда ҳаво тармоқларига зарар етди.

  Ушбу муносабат билан, юқори кучланишли электр тармоқлари тизимида табиий офат талафотларини бартараф этиш бўйича тезкор маълумотлар тақдим этиб борилади:

  БУХОРО ВИЛОЯТИ:

  Табиий офат натижасида 500/220/10 кВ «Қоракўл» подстанцияси, 1 та 500 кВли ва 8 та 220 кВли ҳаво тармоқлари авариявий ўчган эди. Натижада жами 240 МВт, шу жумладан Бухоро вилояти ҳудудига қарашли қуввати 150 МВт бўлган насос агрегатлари, Қандим заводи тармоқдан узилган эди.

  Олиб борилган тезкор ишлар натижасида 220кВ ли «Бухоро» ҳаво тармоғи орқали «Қандим» подстанциясига кучланиш берилиб, «Қандим газни қайта ишлаш заводи»нинг электр таъминоти тўлиқ тикланди.

  Шунингдек, табиий офат натижасида 220 кВли «Бухоро» тармоғининг 5 та, «Ҳамза-1» ва «Ҳамза-2» ҳаво тармоқларининг 9 та таянч устунлари шикастланган.

  Аввал хабар берилганидек, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раиси бошчилигидаги тезкор штаб томонидан етказилган талафотлар бартараф этилмоқда. «Ҳамза-1», «Ҳамза-2» ва «Ҳамза-3» подстанцияларга қувват берилиши устида иш олиб борилмоқда.

  САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ:

  Табиий офат натижасида Самарқанд вилоятидаги юқори кучланишли ҳаво тармоғининг 1 та таянч устуни  шикастланган эди. Ушбу таянч устунининг ўрнига янги конструкция монтаж қилинди ва 228-рақамли таянч устуни янгиланганидан сўнг электр тармоғига кучланиш берилди.

  ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ:

  Аввал хабар берганимиздек, Туркманистон ҳудудидан кучли шамол оқимининг кириб келиши натижасида мамлакатимизнинг бир нечта вилоятларидаги электр таъминотида узилишлар кузатилди. Айни пайтда истеъмолчиларнинг йирик қисми босқичма-босқич тармоққа уланиб, табиий офат талафотлари бартараф этилмоқда.

  Мисол учун, Жиззах вилоятида жойлашган юқори кучланишли ҳаво линияларига жиддий зарар етмаган бўлса-да, айрим таянч устунлари ўзининг тик ҳолати ва мустаҳкамлигини йўқотган.

  «Жиззах магистрал электр тармоқлари» филиали ходимлари 220 кВ кучланишли «20-Д» ҳаво линиясининг 384-рақамли таянч устунида юзага келган тик ҳолатдан оғишни бартараф этиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтинча истеъмолдан узилган  электр узатиш тармоғи фаолиятини тўлиқ тиклашди ва истеъмолчилар тармоққа қайта уланди.

  Маълумот ўрнида: айни пайтда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятига қарашли ҳаво тармоқларини тиклаш, яъни зарар етган таянч устунларини таъмирлаш ҳамда янгилаш учун кеча-кундуз иш олиб борадиган бир нечта бригадалар сафарбар этилган. Тезкор штабда тузилган иш режасига мувофиқ истеъмолчиларни тармоққа улаш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>