Янгиликлар
Япониялик хорижий ҳамкорлар билан муҳокамалар учрашуви бўлиб ўтди
  • 20.12.2022
  • 232

Маълумки, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатларига мувофиқ, Президент қарор ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари, Энергетика вазирлиги топшириқ ва кўрсатмаларига биноан юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларни ривожлантиришда йирик инвестицион лойиҳаларнинг ижрочиси ҳисобланади. 

Акциядорлик жамиятининг расмий uzbekistonmet.uz веб-сайтида хорижий ҳамкорлар билан битим имзолаш ҳамда муҳокамалар учрашуви ҳақида хабарлар бериб борилади.

Хорижий ҳамкорлар билан ўтказилган навбатдаги учрашув ҳам йигик инвестиция лойиҳасининг ишчи тартибдаги масалаларига бағишланди. “Ўзбекистон МЭТ” АЖ бошқаруви раиси Дадажон Айнақулович Исақулов бошчилигидаги мутахассислар хорижий ҳамкорлар —  Япониянинг йирик “EURUS ENERGY” компанияси раҳбари жаноб Камеи (жаноб Kenji Kamei), “TEPSCO” компанияси менежери жаноб Минагава (жаноб Fumiyasu Minagawa) ҳамда “Toyota Tsusho Corporation” компаниясининг лойиҳа менежери жаноб Эгаваларни (жаноб Masanori  Egawa) Акциядорлик жамиятининг кичик мажлислар залида кутиб олишди.

Учрашув давомида томонлар Навоий вилоятида режалаштирилаётган 500 МВт қувватли шамол электр станциясини қурилиши доирасидаги лойиҳалар юзасидан ишчи тартибдаги масалаларни муҳокама қилишди. Инвесторлар томонидан  уларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилиб, ҳамкорликдаги фаолиятнинг келгусидаги масалаларини биргаликда ҳал этиш тўғрисида келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2023–2024 йиллар якунига қадар умумий қувати 1197 МВт бўлган 5 та қайта тикланувчи энергия манбаларига доир лойиҳалар, бундан ташқари, 2024–2025 йилларда ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 3 та шамол электр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган.

Умуман олганда, сўнгги 3,5 йил ичида энергетика соҳасида умумий қуввати 2897 МВтга тенг қуёш ва шамол электр станциялаларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 10 та битим имзоланган. Ушбу лойиҳалар амалга оширилишини таъминлаш юзасидан Президентимиз томонидан 10 та қарор имзоланган ва айни пайтда амалиётга татбиқ этилган.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>