Тендерлар
Ўзбекистонда учта қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тендер ғолиблари аниқланди
  • 16.12.2022
  • 400

Кеча, 15 декабрь куни Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВт бўлган 3 та қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказилган тендер танловларида ғолиб инвесторлар аниқланди.

Мазкур лойиҳа Халқаро молия корпорацияси кўмагида “умумий қуввати 1000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялар қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маслахат хизматларини кўрсатиш Дастури” (IFC Scaling Solar program) доирасида амалга оширилмоқда.

3-босқичда Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВт бўлган 3 та қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа бўйича тендернинг 1-босқичи (RFP) 2021 йил 31 августда ўтказилиб, ундан 11 та халқаро компания муваффақиятли ўтди. 2-босқич (РФП) эса 2022 йил 11 ноябрда якунланиб, 11 та компания орасидан 4 та компания белгиланган муддатгача таклифларини тақдим этди.

Булар:

1. Abu Dhabi Future Energy Company – Масдар (БАА) – 3 та лойиҳага;

2. Alarko Holding AS (Туркия) – 2 та лойиҳага;

3. GD Power – Powerchina konsorsiumi (Хитой) - 3 та лойиҳага;

4. Voltalia SA (Франция) – 1 та лойиҳага.

Тендер танловида ғолиб инвесторларни аниқлашга бағишланган маросимда: 

“Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан хусусий молиялаштириладиган ва бошқариладиган қайта тикланувчи энергетика лойиҳаларини ривожлантириш орқали яшил энергия ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир,деди Энергетика вазири Жўрабек МирзамаҳмудовШунингдек, бу мамлакатимизга аҳоли манфаатлари учун энергия манбалари нархларини пасайтириш, қазиб олинадиган ёқилғига қарамлигини камайтириш ва энергия ишлаб чиқаришда атмосферага зарарли чиқиндиларни камайтириш бўйича умумий мақсадларимизга эришишга хизмат қилади”.

Молия вазири Темур Ишметов: “Авваллари давлат бюджети ёки давлат қарзи ҳисобига қурилаётган электр станциялар сўнгги йилларда хусусий маблағлар ҳисобига қурилмоқда. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ДХШ тамойиллари асосида 14 млрд. долларлик лойиҳаларни, жумладан энергетика соҳасида 3,2 млрд. долларлик 9 та лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган. 2023 йилда яна иккита лойиҳа – қуёш ва шамол станциялари бўйича тендерлар якунланиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳалар тараққиёт стратегияси ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани англатади”.

Танлов натижаларига кўра:

“Masdar” компанияси (БАА) Бухоро вилоятида 250 МВт қувватга эга лойиҳани қуриш ва унда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг бир киловатт-соати учун 3,044 АҚШ центи миқдорида таклифи билан ғолиб бўлди. Аҳамиятлиси, мазкур лойиҳа Ўзбекистонда биринчи марта қуввати 62 МВтлик Энергия сақлаш батареяси билан амалга оширилади.

“GD Power – Powerchina” консорциуми (Хитой) компанияси Наманган вилоятида 150 МВт қувватга эга лойиҳа учун унда ишлаб чиқарилган бир киловатт-соат электр энергиясини 4,828 АҚШ центида етказиб бериш таклифи билан ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳа бўйича тарифни оптималлаштириш юзасидан қўшимча музокаралар ўтказилади.

“Voltalia” компанияси (Франция) компанияси Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга лойиҳа учун ишлаб чиқарилган бир киловатт соат электр энергиясини 2,888 АҚШ центида етказиб бериш таклифи билан ғолиб деб топилди.

Ғолиб бўлган инвесторлар қуёш фотоэлектр станцияларини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

Ғолиблар билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги ва давлат томонидан қўллаб- қувватлаш тўғрисидаги битимларни 2023 йилнинг 1 чорагида имзолаш ва 2024 йилнинг 4 чорагида ушбу станцияларни ишга тушириш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва

Молия вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2389

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>