Янгиликлар
Олмалиқ ғишт заводи билан боғлиқ вазият ҳақида
  • 12.12.2022
  • 240

Ижтимоий тармоқларда “Тошкент вилояти прокурори газ тармоғига ноқонуний уланган ғишт заводини ўчирмасликни сўради” мазмунидаги хабарлар тарқалди. Шу муносабат билан қуйидагиларни маълум қиламиз:

Олмалиқ шаҳрида жойлашган “Олмалиқ ғиштчи” МЧЖга қарашли ғишт заводи 2022 йиль 29 ноябрь куни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун газ таъминотидан узилган. Куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларини газ билан таъминлаш зарурати туфайли табиий газдан фойдаланишни вақтинчалик тақиқлаш доирасида ушбу корхонани тармоқдан узиш белгиланган тартибда амалга оширилди.

Текширув давомида ишчи гуруҳ томонидан мазкур хўжалик субъекти кейинчалик маҳаллий газ таъминоти ташкилоти кўмагида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан улангани аниқланди. Ўтган давр мобайнида ғишт заводи томонидан 118 282 метр куб табиий газ ноқонуний фойдаланилиб, 118 миллион сўмлик зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар прокуратураси томонидан 2022 йиль 9 декабрь куни “Олмалиқ ғиштчи” МЧЖ ва “Олмалиқшаҳаргаз” филиали мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Текширув давомида маълум бўлишича, вилоят газ таъминоти ташкилоти раҳбари прокуратурага мазкур корхонанинг фаолият юритиши зарурати тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, буни маълум экспортчилар рўйхатига киритилгани билан изоҳлаган ва бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Аниқланган фактлар юзасидан унга нисбатан ҳам терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари, блогерлардан Олмалиқ ғишт заводидаги вазиятни тўғри талқин қилиш ва расман тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик сўралади.

Айни пайтда Энергетика вазирлиги томонидан Бош прокуратура билан яқин ҳамкорликда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ барча аниқланган фактлар бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

▶️@minenergy_uz

Манба: https://t.me/minenergy_uz/6649

“Ўзбекистон МЭТ” АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>