Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган “Энергетикада давлат назоратини амалга оширилиши” мавзуидаги брифингда “Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев бу ҳақда маълумот берди.
– “Ўзэнергоинспекция” томонидан электр энергиядан фойдаланиш борасида режа асосида назорат тадбирлари ташкил этилади, – деди Н. Норбобоев. – 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги тадбирлар ҳам улардан бири.
Текширувларда ноқонуний уланган, қониқарсиз техник ҳолатдаги жами 3 минг 608 та электр қурилманинг иши ҳамда хавфсизликка риоя қилмаган 35 та бригаданинг иши тўхтатилди. 250 та масъул ходимларга тегишли чоралар кўрилиши таъминланди. Шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга электр тармоқларига ноқонуний уланган 758 та истеъмолчи томонидан тизимга 26 миллиард сўм зарар етказилган.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи – Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш бўйича 629 та трансформатор пункти, 0,4-6-10 кВли 2457 километр узунлигида электр тармоғидан реконструкция қилиш ва янгидан қуриш ишлари бажарилиб, 47 та электр қурилма ва 23 км узунликдаги электр тармоқлари эксплуатацияга қабул қилинди.
2022-2026 йилларда республикамиз ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида 468 та трансформатор пункти, 3719 километр узунлигида электр тармоғидан реконструкция қилиш ва янгидан қуриш ишлари бажарилган бўлиб, 62 та электр қурилма ва 285 километр узунликдаги электр тармоқлари эксплуатацияга қабул қилинган.
Истеъмолчиларга Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича инспекция томонидан жами 10 мингдан зиёд объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб,умумий қуввати 899 МВт бўлган 6065 та истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига уланди. Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖларга тегишли 3 минг 356 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари келишилиб, шундан 616 та объектнинг электр қурилмаси ишга тайёрлиги бўйича хулосалар берилди.
Хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича фаолиятини лицензиялаш юзасидан 245 та хулоса берилди.
2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида 3 минг 207 та ижтимоий соҳа объектидаги ўрнатилган ташқи, ички электр ва иссиқлик қурилмалари ҳамда иситиш учун ўрнатилган қозонларнинг ҳолати юзасидан ўтказилган ўрганишларда 1 минг 995 та муассасанинг техник ҳолати қониқарсиз эканлиги аниқланди. Шунингдек, кўмир омборларида кўмир ёқилғисининг сақланиши ҳолати юзасидан кўмир билан ишлайдиган 2687 та муассасанинг 834 таси кўмир сақлаш омборининг қониқарсиз ҳолати маълум бўлди.
Жорий йилда инспекцияга жисмоний ва юридик шахслардан жами 2 минг 462 та мурожаат келиб тушган. Шундан 928 таси ижобий ҳал қилинган, 1447 тасига тушунтириш берилган, 79 таси тегишлиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган 8 таси ўрганиш жараёнида.
Мухтасар айтганда, электр энергиядан қонуний фойдаланиш, тежаш ва энергия самарадорлигига эришишда ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшишга масъулдир.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.
Манба: https://uza.uz/uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати